Иқтисодиёт | 21:29 / 26.09.2023
43990
4 дақиқада ўқилади

Россия бензин экспортини тақиқлади. Ўзбекистон РФдан нефт маҳсулотлари импортини ошираётганди

Россия ҳукумати ички бозорда нархларни барқарорлаштириш изоҳи билан бензин ва дизел экспортини тақиқлади. Таъминотнинг чекланиши Россиядан катта миқдорда нефт маҳсулотларини импорт қилаётган Ўзбекистондаги нархларга қўшимча босим ўтказиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Россия ҳукумати бензин ва дизел ёнилғиси экспортига вақтинчалик чеклов жорий этди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Михаил Мишустин томонидан имзоланган қарорда келтириб ўтилган.

Экспорт тақиқи “ички бозордаги вазиятни барқарорлаштириш ва истеъмолчилар учун нархларни пасайтириш” билан изоҳланган.

Вақтинчалик чеклов 21 сентябрдан кучга кирган, унинг амал қилиш муддати қарорда кўрсатилмаган. Шу билан бирга, тақиқ биржа аукционларида сотиб олинган ёқилғига ҳам тегишли экани алоҳида белгилаб қўйилган.

Вақтинчалик тақиқ қуйидаги ҳоллардаги етказиб беришга тааллуқли эмас:

  • ЕОИИ мамлакатларига (Арманистон, Беларус, Қирғизистон ва Қозоғистон);
  • Абхазия ва Жанубий Осетияга;
  • ҳукуматлараро келишувлар доирасида;
  • хорижий давлатлар ҳудудида бўлган Россия қўшинлари фаолиятини таъминлаш мақсадида.

Экспертларнинг фикрича, чеклов рублнинг қадрсизланиши фонида экспортдан тушадиган валюта тушумларининг қисқариши тарзидаги салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бу хорижга маҳсулот сотиш билан шуғулланувчи нефтни қайта ишлаш корхоналарига энг кўп зарар етказади.

Бу Ўзбекистонга қандай таъсир қилиши мумкин?

Статистика агентлигининг дастлабки маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январ-август ойларида Ўзбекистонда 892,1 минг тонна автомобил бензини ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даври билан таққослаганда (768,8 минг тонна) 23,3 фоизга кўп.

Маълумот учун, Ўзбекистонда бензин асосан Бухоро ва Фарғонадаги нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқарилади (шунингдек, Олтиариқда ҳам НҚЗ бор).

Расмий статистикада кўрсатилишича, 2023 йилнинг дастлабки 8 ойида республикага нефт ва нефт маҳсулотларининг импорти 48 фоизга кўпайиб, 1 млрд 98 млн долларни, экспорти эса 86,5 фоизга ошиб, 175,5 млн долларни ташкил қилган.

Ўзбекистонда маҳаллий бензин ишлаб чиқариш, айниқса, АИ-80 ёнилғисига бўлган талабни тўлиқ қондирмайди. Буни “Ўзбекнефтгаз” ҳам тасдиқлаган. Танқислик совуқ кунларда кескин сезилади, чунки ёнилғи қуйиш шохобчалари ишининг чекланиши туфайли ҳайдовчилар бензин сотиб олишга ўтади. Хусусан, 2022 йил декабр ойида метан-шохобчалар фаолиятига чеклов қўйилиши ортидан бензинга талаб кескин ошиб кетганди. Шундан сўнг 2022 йил 10 декабрдан АИ-80 автобензини учун акциз солиғи нол ставкада қўлланиб, биржада нархлар ўсиш даражаси чекланган эди. Кейинроқ, солиқ имтиёзларини қўллаш муддати 2023 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили декабрда Ўзбекистон Қозоғистон билан 300 минг тонна қозоқ нефт маҳсулотларини етказиб бериш ва Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга 300 минг тонна рус нефти транзити масаласида келишиб олганди. Апрел ойига келиб, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва “Газпромнефт” ширкати ўртасида 2023 йил давомида 300 минг тонна нефт етказиб бериш бўйича келишувга эришгани маълум қилинди.

Статистика агентлигининг расмий ҳисоботларида бензин қайси давлатдан ва қанча миқдорда импорт қилиниши ҳақидаги маълумотлар тақдим қилинмайди. Gazeta.uz ўзида мавжуд маълумотларга таяниб, январ-апрел ойларида 335,2 млн литр бензин импорт қилингани, шундан асосий қисми (97,7 фоиз) Россиядан сотиб олингани ҳақида ёзган. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Россиядаги экспорт тақиқи Ўзбекистондаги нархларга қўшимча босим ўтказиши мумкин.

Kun.uz “Россиянинг бензин ва дизел экспортига тақиқ киритиши Ўзбекистон ички бозорига қандай таъсир қилади?” деган савол билан “Ўзбекнефтгаз” ахборот хизматига боғланди. Саволимизга бир суткадан ортиқроқ вақтдан буён жавоб бўлмади.

Республикада бензин истеъмолчиларга етиб боргунга қадар турли кўринишларда энг кўп солиқ қўшиладиган товарлардан бири ҳисобланади. Юқори бензин нархи иқтисодиёт учун хатарли, чунки бензин нархи ошиши пропорционал тарзда истеъмолни камайтирмайди ҳамда ташиш харажатлари ошиши сабаб, барча товар ва хизматлар баҳосига босим ўтказади.

Мавзуга оид