Ўзбекистон | 10:48 / 19.09.2018
3545
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳокимлиги ва Москва мэрияси ўзаро ҳамкорликни йўлга қўяди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент ШИИББ ЙҲХБ вакилларидан иборат делегация йўл-транспорт инфраструктурасини ривожлантириш соҳасида тажриба ўрганиш мақсадида Москва шаҳрида бўлиб турибди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, Москва ташқи иқтисодий ва халқаро алоқалар департаментида бўлиб ўтган учрашувда пойтахт ҳокимлиги ва Москва мэрия ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш борасидаги масалалар муҳокама қилинди.

“Москва ҳукумати барча йўналишлар, жумладан, молиялаштириш бўйича ҳам ҳамкорликка тайёрлигини билдирди. Шунингдек, шаҳар йўловчи транспортини ривожлантириш, автобуслар етказиб бериш, йўл-транспорт инфраструктураси соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон делегацияси ташриф доирасида Москва шаҳридаги йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази фаолияти билан танишди. 1999 йилда ташкил этилган ушбу марказ Россия пойтахтидаги транспортлар билан боғлиқ ҳолатни яхшилаш бўйича МДҲдаги энг намунали ташкилотлардан ҳисобланади.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Делегация шунингдек, Москвадаги қатор транспорт ташкилотлари вакиллари билан ҳам учрашишни режалаштирган.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид