Ўзбекистон | 12:08 / 14.08.2018
13121
2 дақиқада ўқилади

Давлат рақобат қўмитасининг бино ва иншоотлари Тошкент шаҳар ҳокимлигига берилди 

Тошкент шаҳри ҳокимлигига Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Чилонзор тумани, Ислом Каримов кўчаси, 55-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлари туташ ҳудуди билан биргаликда оператив бошқарув ҳуқуқи бўйича беғараз асосда берилди. Kun.uz’га маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли фармойиши қабул қилинган.

Унга кўра, Тошкент шаҳрида жойлашган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш ҳамда давлат органлари фаолияти учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлигига Давлат рақобат қўмитасининг юқоридаги манзилда жойлашган бино ва иншоотлари берилди.

Ўз навбатида, Давлат рақобат қўмитасига Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 6-уй манзилида жойлашган маъмурий бино ва иншоотлари туташ ҳудуди билан биргаликда берилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, Давлат рақобат қўмитасининг аввалги биносига Ўзбекистон президентининг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси жойлаштирилади. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси, Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ҳам шу ерга кўчирилади. 

Билдирилишича, кейинчалик ушбу бинога “Тошиссиққуввати”,  Тошкент шаҳар «Сувсоз» корхонаси, "Ташшаҳаргазтаъминот", “Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” ҳам жойлашади.

Ахборот хизматининг хабари беришича, мақсад - одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг барча мурожаатлари ва муаммоларини бир жойда ҳал қилиш.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Давлат рақобат қўмитасининг ушбу собиқ биноси ёнида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг янги инновацион биноси жойлашган. 

Мавзуга оид