Ўзбекистон | 16:37 / 21.02.2022
5570
2 дақиқада ўқилади

Хонобод шаҳрида ташкилотларга 20 тадан кўчат олиб келиш топшириғи берилди

Фото: Хонобод шаҳар ҳокимлиги

“Яшил макон” акцияси доирасида Хонобод шаҳри ҳокими томонидан ташкилотлардаги ходимларга 20 тупдан павлония кўчати олиб келиш топшириғи берилган.

Kun.uz ихтиёрига келиб тушган смс-хабарда шаҳар кадастр мутахассиси ҳамкасбларига шаҳар ҳокими топшириғи билан 20 тупдан павлония кўчати ҳокимлик биноси олдига олиб келиши кераклиги, “Яшил макон” акцияси доирасида кўчат экиш тадбири бўлиши ҳақида айтилган.

Фото: Хонобод шаҳар ҳокимлиги

Kun.uz мухбири мазкур смс-хабарни юборган ходим билан боғланди. Ходим смс-хабар ёзганини тан олди. Унинг таъкидлашича, ушбу кўчатлар ходимлар уйларига экиши учун айтилган. Бироқ ҳокимлик биноси олдига олиб келиш нега керак бўлганига изоҳ бера олмади.

“Ишонмасангиз уйимга эккан кўчатларимнинг расмларини ҳам юбораман”, - деди у.

 

Фото: Хонобод шаҳар ҳокимлиги

Хонобод шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати вакант бўлгани учун қўшимча маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Аммо шаҳар ҳокимлиги Telegram саҳифасида 19 феврал куни “Яшил макон” акцияси доирасида кўчат экиш тадбири ўтказилганини кўриш мумкин.

“Хонобод шаҳрида "Яшил макон" акцияси доирасида шаҳар сектор раҳбарлари, нуронийлар, шаҳар фаоллари, ҳарбийлар, ёшлар ҳамда кўнгилли аҳоли вакиллари бирдамлигида шаҳарнинг баланд қисми бўлмиш адирликда арча, павлония, каталпа, сосна каби манзарали дарахт кўчатлари экилди”, - дейилади ҳокимлик хабарида.

Мавзуга оид