Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззахда инвестиция мажбуриятини бажарган ёш тадбиркор «ГАСН» қаршилигига учради
Эндигина 26 ёшга кирган зарбдорлик ёш тадбиркор унча-мунча катта ёшли одамнинг журъати етмайдиган ишга қўл уриб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйганда жиддий муаммога дуч келди. У қурилиш вазирлиги тизимидаги масъулларнинг бюрократик тўсиғидан ўта олмаяпти.
Фотоколлаж: Kun.uz
Аввал йирик шаҳарларда, кейинчалик туманларда ва қишлоқларда шундай савдолар кўп кузатилди. Мақсад оддий ва тушунарли: ташландиқ бинолар ишлатиш истагида бўлганларга бепул берилади, ягона шарти — маълум миқдорда маблағ киритиш ва иш ўринлари яратиш лозим. Лекин қаровсиз ётганида ҳеч кимга керак бўлмаган бинолар тадбиркор эпақага келтирганидан кейин бюрократия объектига айланиб қолиши ва хусусийлаштириб берилмаслиги ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Жиззах вилояти Зарбдор тумани Шодлик маҳалласидаги эски омборхона биноси кўп йиллар давомида эгасини топмай ташландиқ ҳолда ётди. Ниҳоят бинони кимгадир ишлатиш учун бериш ва обод қилиш фикри туғилади ва маълум шартлар асосида «0» қийматда сотувга чиқарилади.
«Golden Key Material» МЧЖ муассиси, 25 ёшли тадбиркор Анвар Бурҳонов харидор бўлиб, бу бинони сотиб олади. Инвестицион мажбурият сифатида бир йил давомида 650 млн сўм миқдорида инвестиция киритиш, мазкур биноларнинг 60 фоизини ишга тушириш ва камида 6 та иш ўрни яратиш юкланади.
Ҳаммаси келишилганидан сўнг Давлат активларини бошқариш агентлиги Жиззах ҳудудий бошқармаси, «Golden Key Material» МЧЖ ва объект жойлашган Зарбдор тумани ҳокимлиги ўртасида 2020 йил 22 октябрида 143-сонли уч томонлама шартнома тузилади.
Анвар Бурҳонов ишга киришади ва бир йил муддат ичида белгиланган жадвалга мувофиқ зарур маблағни киритади, қатор қурилишлар қилади ва ташландиқ жой туппа-тузук ишлаб чиқариш объекти шаклига киради. Харидор «Golden Key Material» МЧЖ негизида бу ерда қурилиш материаллари, жумладан, суюқ гулқоғозлар ва турли бўёқлар ишлаб чиқаришни режалаштирганди.



Суратлардан кўринадики, бинолар ишлаб чиқариш учун мос ҳолатга келтирилган. Чунки қурилиш моллари ишлаб чиқариш учун ҳашамдор ва чиройли иншоотларнинг ҳожати йўқ, одатда чанг бўладиган ва тозаликни сақлаш қийин бўлган жараёнга мана шундай кирчимол бинолар зарур.
Хуллас, йил ҳам якунига етади, Анвар Бурҳонов ўз зиммасидаги масъулиятни бажарган инвестор сифатида объектга тўлақонли эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш учун ҳаракат бошлайди. Мана шу нуқтада ёш тадбиркор муаммоларга дуч келди.
«Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят бошқармасига зарур ҳужжатларни топширдим. Лекин Давлат архитектура-қурилиш назорати (ГАСН) ҳудудий инспекцияси инспектори келиб, арзимас муаммоларни кўрсатган ҳолда объектни тайёр эмасга чиқаряпти. Биттаси ҳудуд майдонини шағалбетон ерсувоқ (стяжка) қилиб чиқиш. Ҳолбуки, бу мажбурият шартномада кўрсатилмаган. Иккинчиси — деворларнинг бўялмаганлиги. Чиндан ҳам деворларни бўяганимиз йўқ, чунки умуман ўзи бизнинг ишлаб чиқаришимизга бўялган деворнинг кераги йўқ. Энди чиройли бўлсин дейиладиган бўлса, уни ҳам вақти келиб қиламан. Келажакда нафақат бўяш ишлари, балки ҳудудда қўшимча қурилишлар қилишни ҳам режалаштирганман. Фақат ҳозир кейинги босқичларни қилиш учун эгалик ҳуқуқини қўлга киритишим лозим.
Ёш тадбиркорман, ўзи инвестиция мажбуриятларини бажаргунча жуда қийналдим. Ҳозир менга ҳар қандай харажат ортиқча. Тезроқ объектимга эгалик ҳуқуқимни қўлга киритиб, ишлаб чиқаришимни хотиржам ривожлантирсам дейман. Ўзингиз тушунасиз, мулк эгаси бўлиб ишлаш бошқа, эртага нима бўларкин», — дейди ёш тадбиркор.
Танганинг иккинчи томонини ўрганиш учун тегишли ташкилотлар билан ҳам боғландик. Давлат активлари агентлигининг Жиззах вилояти бошқармаси масъул ходими Kun.uz билан суҳбатда «Golden Key Material» МЧЖ инвестиция мажбуриятларини деярли бажариб бўлгани, жумладан, белгиланган қийматдаги маблағ сарфлангани, иш ўринлари етарли даражада яратилгани ва ишлаб чиқариш жараёнлари бошлаб юборилганини билдирди. Тадбиркор масъул идоралардан тегишли хулосаларни олиб келиб, тақдим этганидан сўнг хусусийлаштириш жараёни белгиланган тартибда якунига етказилажагини айтди.
Яъни амалда масала тақалиб турган ташкилот — Давлат архитектура-қурилиш назорати (ГАСН) ҳудудий инспекцияси хулосаси олинса, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб беришда муаммо йўқ. Лекин ГАСН вакиллари ташқи безаклар учунгина объект ҳужжатларини расмийлаштиришдан бош тортиб турибди. Хўш, вазият тескари кетса ва тадбиркор ташқи деворларга лозим даражада пардоз бермаса, шартнома шартларини бажармаганлик даъвоси билан объект қайтариб олинадими?
Бу саволга Давактив вакили анча босиқлик билан ва муроса оҳангида жавоб берди: «Бинога эгалик ҳуқуқини бериш фақат бизнинг ташкилотга боғлиқ эмас. Барча ишлар бажариб бўлинганидан кейин комиссия шакллантирилади ва унда бир нечта ташкилотлар, ҳокимлик вакиллари бўлади. Ана шу комиссия хулосасига кўра ҳужжатлар расмийлаштирилади. Агар шартнома шартларини бажармаслик ҳолати қайд этилса, судга объектни қайтариб олиш бўйича даъво аризаси киритилади.
Бу тадбиркорнинг ҳаракатларидан хабарим бор, анча ишларни бажариб қўйди. Ҳозир тадбиркорларга барча шароитлар яратиляпти. Менимча, бу ҳолатда иш бунгача бормаса керак».
Давлат архитектура-қурилиш назорати (ГАСН) ҳудудий инспекцияси вакили Ихтиёр Исақулов эса Kun.uz билан суҳбатда мазкур объектда инвестиция шартлари тўлиқ бажарилмаганини айтмоқда.
«Бу ерда қурилиш якунланмаган. Қолаверса, тадбиркор 200 млн сўмлик лойиҳа бошлаган. Лекин ишларни лойиҳа бўйича бажармаган, ҳолатни ўрганганимда лойиҳадагидан фарқ аниқладим ва тегишли кўрсатмалар бердим. Чунки зилзила бўлиши мумкин, бошқа ҳолатлар кузатилиши мумкин. Бино 100 фоиз тайёр ҳолатга келтирилмагунча ижобий хулоса бериш – биз томонимиздан камчиликка йўл қўйиш ҳисобланади», — деди у.
Бир қарашда ҳамма ўзича ҳақ. Лекин бу ерда бошқаларда, айниқса давлат ташкилоти масъулларида таваккалчилик йўқ, мол-мулк ёки маблағи мавҳумлик остида қолмаяпти ва табиийки, улар учун гапириш, талаб қўйиш осон. Ёш тадбиркор эса шунча ишни бажариб туриб ҳам мулкига эгалик қила олмаяпти. Ҳали эгалик ҳуқуқи берилмаган мулкни қўйинг, бундай ҳуқуқ ўнлаб йиллар амал қилган объектлар ҳам яқин тарихимизда аёвсиз бузиб ташлангани ёки олиб қўйилганини ҳисобга олсак, тадбиркорнинг ҳадиги сабабини осонгина тушуниш мумкин.
Аброр Зоҳидов
P.S. Худди шунга ўхшаш ҳолат Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида ҳам кузатилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ДХШ шартларида тендерга чиқарилган ер майдонини ютиб олган ёш тадбиркор Алишер Ҳотамов Бухоро вилоят шаҳарсозлик кенгашининг ижобий хулосасини ололмай сарсон. Сайтда бу масала бўйича алоҳида репортаж тайёрланиши режалаштирилди.
Мавзуга оид
20:23 / 25.12.2025
5 та қурилиш компаниясига 6,7 млрд сўмни истеъмолчиларга қайтариш юклатилди
20:01 / 25.12.2025
1 январдан тасдиқланган қурилиш объектларига қўшимча ўзгартиришлар киритиш тақиқланади
11:13 / 22.12.2025
Девелоперларга чеклов, улушдорларга кафолат: улушли қурилиш тартиби ўзгаради
12:35 / 20.12.2025