Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Наманганда Давлатобод тумани тикланади. Туман инновацион ситига айлантирилиши айтилди
Президент Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни Намангандаги йиғилишда шаҳар таркибида Давлатобод туманини қайта ташкил этишни таклиф қилди.
Kun.uz мухбири Халқаро пресс-клубнинг 28 июнь кунги сессиясида қайта тикланадиган Давлатобод тумани ҳудуди ҳақида маълумот беришни сўради. Саволга Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Толиб Юсупов жавоб берди.
«Бу масала бўйича шаҳар ҳокимлиги муҳтарам президентимизни лойиҳа билан таништирди. Олдиндан биламизки, Наманган шаҳри таркибида, Давлатобод тумани бўлган. Нуробод даҳаси ҳудудида ноҳия бўлган.
Қайта ташкил этиладиган туман худди шу бўлади, фақатгина ҳозирда, биласиз, Наманган туманининг айрим қисмлари шаҳарга ўтди. «Юксалиш» кичик саноат зонаси ҳам Давлатобод туманига қўшилади. Чегара доирасини белгилаб олдик, кеча вилоят ҳокимлиги ва ҳукумат вакиллари билан келишилди.
Ҳозирда ишчи гуруҳ 28та йўналиш бўйича иш олиб бормоқда. Алоҳида ҳокимлик бўлгандан кейин, ҳар бир ҳокимлик таркибида бўладиган барча тизимлар, бўлимлар ташкил этилади. Бу осон иш эмас. Албатта, бизга 15 кун вақт қўйилди.
Олдинги Давлатобод тумани билан таққослаганда, янги ташкил этилаётган Давлатобод тумани таркибида ишлаб чиқариш объектлари ва аҳоли сони анча ўсган. Фарқи катта бўлади.
Нега бу масала қўйилди, сабаби шаҳар ҳокимлиги ҳар бир маҳалла, ҳар бир оилани ўрганиш учун амалда имкони бўлмаяпти. Шу сабабли тезроқ қамраб олиш учун, жиноятчиликнинг олдини олиш учун, одамларга яхши шароит яратиш учун, телекоммуникация масалалари ўз вақтида бўлиши учун битта кичик ноҳия ташкил қиляпмиз.
Келгусида яна бир ташаббус бор. Ҳозир вилоят ҳокими ташаббуси билан билан смарт-ситилар қилиняпти. Давлатобод туманини ҳақиқий бир инновацион сити қиламиз, деган алоҳида режалар бор», – деди Толиб Юсупов.
Маълумот учун, Наманган шаҳридаги Давлатобод тумани 2004 йилнинг 1 январидан тугатилган эди. Шу санадан бошлаб Бухоро шаҳридаги Файзулла Хўжаев ва Тўқимачи туманлари, Навоий шаҳридаги Кармана тумани, Самарқанд шаҳридаги Сиёб, Боғишамол ва Темир йўл туманлари ва Фарғона шаҳридаги Қиргули тумани ҳам тугатилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни Наманган шаҳрида ўтган йиғилишда вилоят аҳолиси кўпайиб бораётгани, бу эса ҳудудни демографик бошқариш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда қийинчилик туғдираётгани сабаб Давлатобод туманини қайта ташкил этишни таклиф қилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бугунги кунда Наманган шаҳрида расман 630 минг киши, амалда эса 800 мингдан кўпроқ аҳоли яшамоқда.
Шавкат Мирзиёев ўтган ойда Тошкентнинг Сергели туманида Янгиҳаёт номли янги кичик туман ташкил этиш ташаббуси билан чиққан эди.
Мавзуга оид
08:22 / 05.12.2025
Фарғона ва Наманганда ер учун пора олган ҳоким ёрдамчилари ушланди
14:29 / 02.12.2025
Япония Наманганда робот-ассистент хирургиясини жорий этади
20:22 / 30.11.2025
Наманганда чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошланди
17:44 / 22.11.2025