Ўзбекистон | 17:58 / 17.10.2025
4616
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Европа Иттифоқи билан янги битимни имзолаш учун Брюсселга ташриф буюради

Битим 24 октябр куни имзоланади ва томонларнинг ислоҳотларни давом эттириш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва глобал ҳамкорликка содиқлигини таъкидлайди.

Ўзбекистон президенти 2025 йил 24 октябр куни ЕИ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (КШҲБ) имзолаш учун Брюсселга ташриф буюради. Битим сиёсий, савдо ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини белгилайди, алоқаларни мустаҳкамлайди ҳамда ислоҳотлар ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлайди, деб хабар берди Euronews.

Қайд қилинишича, битим томонларнинг ислоҳотларни давом эттириш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва глобал ҳамкорликка содиқлигини таъкидлайди, шу билан бирга жорий йилнинг ноябр ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган «Европа Иттифоқи - Марказий Осиё» инвестиция форуми каби кейинги ташаббуслар учун замин яратади.

КШҲБ Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун янги, замонавий ва истиқболли асос яратиши кутилмоқда. Битим ҳамкорликнинг янги йўналишларини ўз ичига олади ва савдо-иқтисодий муносабатларнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини сезиларли даражада янгилайди.

«Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ёки EPCA Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларда тарихий босқични белгилайди», деб изоҳ берди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги. «У 1996 йилги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг ўрнини босади ва мамлакатимиз шундан буён сиёсий, иқтисодий ва институционал жиҳатдан қанчалик олдинга силжиганини акс эттиради».

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид