Ўзбекистон | 09:00 / 14.07.2019
20956
2 дақиқада ўқилади

Кореяда ишлаш учун ўтказиладиган саралаш тест имтиҳонлари бошланди

Бугун, 14 июль куни Кореяга кетиш учун топшириладиган EPS-TOPIC имтиҳонларига кириш учун корейс тилини билиш бўйича саралаш тест синовлари ўтказилмоқда

Саралаш тест имтиҳонларида жами 750 нафар номзоднинг иштирок этиши белгиланган. Улар тест синовига аввалдан шакллантирилган рўйхат асосида киритилади. Тест синовлари 14 июль куни соат 08:00 дан 20:00 га қадар бўлиб ўтади.

Имтиҳон жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида тест ўтказилаётган бинога ва аудиторияга 30дан ортиқ кузатув камералари, жараённи тўлиқ кузатиб бориш учун махсус айланма видеокамералар ўрнатилган.

Шунингдек, имтиҳон жараёнларини реал вақт давомида кузатиб бориш учун Меҳнат вазирлиги сайтида онлайн намойиш узатилмоқда.

Маълумот учун, имтиҳонда корейс тилидан 40та савол тақдим этилади. Мазкур саволларнинг 20таси матнли, 20таси аудио вариант ҳисобланади. Тест саволларини бажариш учун 45 дақиқа ажратилган. Имтиҳон 100 балли тизимда баҳоланиб, ҳар бир тўғри жавоб учун 2,5 балл берилади.

Номзод тест саволларини бажариб бўлгач, тестни якунлаш тугмачасини босади ва шу заҳоти монитор орқали қанча балл тўплаганини билиб олади. Бундан ташқари, ҳар бир номзоднинг тест натижалари қоғозда чоп этилиб, номзодга тақдим этилади.

Kun.uz мухбири хабар беришича, бу босқичдан ўта олган 2 минг нафар талабгор Корея томонидан ташкил этиладиган EPS-TopiK тестларига кириш ҳуқуқини қўлга киритади. Корея томони ташкил этадиган тестлар эса шу йил кузида ўтказилади. Муддатига кейинроқ аниқлик киритилади.

Тест имтиҳонларини онлайн тарзда ушбу ҳавола орқали кузатишингиз мумкин: 

Камера 1 (ҳаволани босинг)
Камера 2 (ҳаволани босинг)
Камера 3 (ҳаволани босинг)

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид