Ўзбекистон | 22:10 / 27.08.2022
10074
2 дақиқада ўқилади

“Очиқ бюджет” порталида профилактика ишлари амалга оширилади

Порталда носозликлар кузатилаётгани сабабли техник профилактика ишлари бошланди. 29 август соат 18:00гача бюджет ташаббусларига овоз бериб бўлмайди. Овоз бериш муддати техник носозликлар туфайли йўқотилган кунлар сонига узайтирилади.

Фото: KUN.UZ

“Очиқ бюджет” ахборот порталида кузатилаётган техник носозликлар туфайли 29 август соат 18:00га қадар порталда профилактика ишлари амалга оширилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги Телеграм-каналида маълум қилинди.

Хабарга кўра, ушбу давр мобайнида “Очиқ бюджет” ахборот порталидан фойдаланиш, жумладан “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида лойиҳаларга овоз бериш имконияти бўлмайди.

“Ўз навбатида, “Ташаббусли бюджет” 2-мавсумининг овоз бериш даври техник носозликлар туфайли йўқотилган кунлар сонига узайтирилишини маълум қиламиз.

Юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз ҳамда “Ташаббусли бюджет” жараёнларидаги иштирокингиз учун миннатдорчилик билдирамиз”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 24 августдан “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2-мавсуми доирасида овоз бериш жараёни бошланди. Мавсум доирасида фуқаролар томонидан илгари суриладиган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида республика бўйлаб қарийб 1 триллион 62 млрд сўм маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилган.

Тайёрлаган:  Дилшод Аскаров

Мавзуга оид