Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Сунъий интеллект бизни ишсиз қолдирмайди, лекин...” — АҚШдаги ўзбек тадқиқотчиси билан суҳбат
Сунъий интеллект – одамларнинг ишини енгиллаштиради, бир қатор касблар ўрнига янгилари пайдо бўлади, лекин у тобора ақлли бўлиб бориши билан, вақти келиб таҳдидга айланиши мумкинлигини ҳам истисно қилиб бўлмайди, дейди Техас университетида сунъий интеллект бўйича докторантурада ўқиётган Анвар Зоҳидов.
Сунъий интеллект – бугуннинг энг қудратли воситаси. Ва бу восита устида илмий иш олиб бораётганлар орасида бир ўзбекистонлик ҳам бор. Анвар Зоҳидов – ёш олим, АҚШнинг Даллас округидаги Техас университетида сунъий интеллект бўйича PhD талабаси ва шу йўналишда талабаларга дарс беради.
Анвар Тошкент ахборот технологиялари университетини тугатгач, Франция ҳукумати грантини ютиб, Ниццадаги Côte d'Azur университетида магистратура босқичини тамомлаган. У ерда алцгеймер касаллигига оид илмий тадқиқотда қатнашиб, сунъий интеллект ёрдамида иш жараёнини 80 фоизга тезлаштиришга муваффақ бўлган.
Ёш мутахассис Kun.uz билан суҳбатда ўз карьераси, замонавий илм-фаннинг энг олд чизиғида нима бўлаётгани, сунъий интеллект инсоният ҳаётини қандай ўзгартириши мумкинлиги ҳақида гапириб берди.

“Алцгеймер касаллиги устидаги тадқиқотда сунъий интеллет дастурини ишлаб чиқдим”
(Алцгеймер – мия ҳужайралари аста-секин емирилиб, хотира, фикрлаш ва кундалик ҳаётни бошқариш қобилиятининг пасайишига олиб келадиган сурункали асаб касаллиги)
— Ниццада магистратурада ўқиб юрганимда CNRS (Франция илмий тадқиқотлар миллий маркази)га ишга кирганман. У ерда алцгеймер касаллиги устидаги тадқиқотда иштирок этганман. Докторлар ва инженерлар орасида, сунъий интеллект бўйича инженер бўлиб ишлаганман. Ҳар хил тажрибалар қилишади. Менинг вазифам уларнинг маълумотларини техник таҳлил қилиш эди. Маълумотлар ҳаммаси алцгеймер касаллиги билан боғлиқ бўлган. Метформин деган дори бўлган, жамоа унинг устида тадқиқот ўтказган. Инсон агар алцгеймер касаллигига чалинса, метформин бу касалликнинг олдини олиши ёки уни енгиллаштириши мумкинми – шу масала устида ишлашган. Қизиқ бўлган, бошида борганимда қанақа тадқиқотлар бўлганини тушунтиришган. Лаборатория каламушларига вирус юқтиришган, уларни ўстириб 11 ойдан кейин ўлдириб, миясидан намуна олишган ва ичидаги ҳамма протеинлар ва молекуляр маълумотларни олиб йиғишган, катта маълумотлар базаси юзага келган. Менинг ишим маълумотларни таҳлил қилиш эди. Соғ каламушлар ва касалларини бир бирига солиштирганмиз. Бу тажриба менга қизиқ ва қийин бўлган, чунки биология бўйича билимларим бўлмаган, ҳар бир протеинларни ўрганиб чиққанман. Кўп вақт кетган.
Мен боргунимгача тадқиқот 3 йил давом этган, бориб ишлаб кетганимдан кейин лойиҳа яна 5 йил давом этиши керак. Лойиҳадаги вазифам – СИ билан маълумотлар ичида дастур ёзиш эди, маълумотлар хаосда бўлган, уларни таҳлил қилиб тозалаш керак бўлган. Дастур ёрдамида олимлар маълумотларни тозалаб, классификация қилган ва бу уларга катта ҳажмдаги маълумотлар ўртасидаги боғлиқликларни топишга ёки боғлиқлик йўқлигини аниқлашга ёрдам берган.
“Ўқиш харажатларимни университет қоплайди”
— Техас университетидаги йўналишим – компютер илми, сунъий интеллект. Шу бўйича ўқияпман, ишлаяпман, тадқиқот қиляпман ва дарс беряпман. PhD талабалари ўқиш билан бирга, ТА – teaching assistantship (ўқитувчи ёрдамчиси) дастури асосида дарс ҳам бера олади. ТА дастурининг катта плюси – Америкада ўқиш харажатларининг тўлиқ қоплаб берилишида. Дарс берсангиз, ўқиш харажатлари ва тиббий суғуртани университет қоплаб беради ва ойлик маош тўланади. Бу талабаларга катта мотивация бўлади.
Лекин кейинги семестрга ўтишим учун баҳоларим зўр бўлиши керак. Баҳоларим ёмон бўлса, мен учун бу дастурни тўхтатиб қўйишади.
PhD қандай ишлайди? Дастлабки 2 йил кўпроқ дарслар билан банд бўласиз, асосий эътиборингиз ўқишда бўлади ва бу вақт давомида тадқиқот мавзунгизни аниқ танлаб олишингиз керак. Ҳозир менда шу жараён кетяпти, профессорим билан сунъий интеллектни алгоритмларга интеграциялаш устида изланяпман. Амалиётда буни кейинчалик ишлатиб ҳам кўрмоқчимиз.

— СИни алгоритмларга интеграциялаш амалиётда қандай янгилик яратади?
— Масалан, сиз бир китобдан нимадир қидирсангиз, уни топиш учун варақлайсиз. Китобдаги мақолалар алифбо бўйича сараланган бўлса ва сизга компютер ҳақидаги мақола керак бўлса, “К” ҳарфи билан бошланган мақолалар ичидан қидиришни бошлайсиз. Бу алгоритм натижасида керакли нарсани тезроқ топишингиз мумкин. Ҳар хил алгоритмлар бор, биз ҳозир СИ ёрдамида алгоритмларни тезроқ ишлатадиган йўлни қидиряпмиз. Битта китоб учун маълумот топишга 10 секунд кетса, бошқа китоб 10 баробар каттароқ бўлса, керакли натижани топишга жуда кўп вақт кетиши мумкин, СИ бунинг вақтини анча камайтириб бера олади.
ChatGPT кабилар чиқиб, СИ бум бўлишидан олдин ҳам СИ соҳасида ўқийдиган талабалар бўлган, лекин уларнинг сони кўп бўлмаган. Улар асосан лабораторияда ишлашган. СИ жуда тез оммалаша бошлагач, бу мутахассисларни катта компаниялар ишга олди. Улар катта ойлик ва яхши вазифаларда ишлаб юришибди. Ҳозир бозор бундай мутахассисларни кўпроқ сўраяпти. Бозорга сунъий интеллект бўйича мутахассислар, маълумотлар илми (data science) ва дата-таҳлилчилар кўпроқ керак. Шу сабаб университетлар ҳам бундай кадрларни кўпроқ тайёрлай бошлади.
Мен ўқиётган университетдаги компютер илми факултетида ҳар хил йўналишларни танлай оласиз – телеком, софт инженер, киберхавфсизлик, сунъий интеллект... Ҳозир 95 фоиз талабалар сунъий интеллектни танлаяпти. Бунинг плюс томони – янги эрага келяпмиз, ҳамма СИ, маълумотлар билан ишлаяпти. Мутахассис жуда кўп, иш ҳам кўп. Минус томони, физика, биология каби бошқа муҳим йўналишларда ўқиш учун талабгорлар жуда камайган. Талабалардан сўрасам, бозор шуни талаб қилаётганини айтишади. Табиийки, талаблар учун ўқишни битиргандан кейин яхши ишга жойлашиш муҳим, СИ йўналишида эса иш кўп. Ҳатто ўқишдан кейин университетда қолиб тадқиқот қиламан десангиз ҳам имкониятлар кўп, ҳар хил грантлар бор.
— Нима деб ўйлайсиз, СИ фақат ёрдам берадиган воситами ёки келажакда инсоният устидан назорат ўрнатиши мумкин бўлган технологик кучми?
— Ўйлайманки, СИ – фойдаси ҳам фойдали инструмент. Оддий ҳаётимизда ёрдам бериб келадиган нарса. Буни тўғри ишлатишни билиш керак. СИ бизни ишсиз қолдиради, деб кўпчилик ўйлайди. Йўқ, аксинча, минусидан плюси каттароқ. Кўп йўналишларда бизга ёрдам беряпти. Иш ўринлари камаяди деган нарса доим бўлган, бирор янги технология чиқса, одамнинг ишини олиб қўяди деб аввал ҳам ўйлашган. Унақа бўлмайди. Одам ўз малакасини оширади, ихтисослигини ўзгартиради ва янги кўникмаларни талаб қиладиган янги ишларда ишлайверади. Одамлар умуман ишсиз қолади деб ўйламайман, чунки СИни ҳам кимдир таъминлаши, кимдир серверини яратиши, кимдир дастурлаши керак – бунинг ҳаммасини одам қилади.

— Замонавий LLM'лар ўзини тушуниш даражасига етадими? Ҳозир СИ бор маълумотлардан келиб чиқиб одамга жавоб беради. Қачонки, улар ўзи мустақил фикрлашни бошлаб, мен кимман, яратувчим ким деб ўйлай бошлаганда одамзотга қарши уруш очади деган фикрлар ҳам бор. Сизнингча, бу қанчалик имконли? СИ ўзини идрок этиш даражасига ета оладими?
— СИ инструментлари борган сари ақллироқ бўлиб кетяпти. Шунақа вақтга келамизми, СИ ниҳоятда ақлли бўлиб, одамларга қарши чиқадими, деб кўплар сўраяпти. Менинг ҳозирги тажрибам бундай: битта профессорим билан эксперимент қилдик. 1 йил олдин ChatGPT'дан талабалар ўйин ишлаб чиқишни сўраган, аммо натижа ёмон бўлган. Бу йил худди шу нарсани қилдик, лекин натижа анча яхши бўлди. СИ буйруқларни борган сари мукаммалроқ бажарадиган бўляпти. Кейинги йилларда СИ янада ривожланади.
Кўп хабарларни кўрамиз, СИ қаердадир одамга қарши чиқмоқчи бўлди мазмунида. Менимча, бундай ҳолатлар кўпайиб бораверади, СИ янада ақлли бўлиб кетади. Ҳозирнинг ўзида жуда яхши ишлаяпти, кўп саволларга одамлардан ҳам яхшироқ жавоб беряпти. Лекин СИ минг ривожланиб ақлли бўлиб кетса ҳам, унда одамлардаги сингари онг пайдо бўлишига ишонмайман. Терминатор, яъни СИнинг охир-оқибат Skynet бўлиб, инсоният учун таҳдидга айланадими деган саволга келсак, бизни ҳақиқатан шунга ўхшаган нарса кутяпти, деб ўйлайман. Балки бу фантастикадир, лекин СИ секин-аста одамнинг ишларига қарши чиқа бошлайди. Айниқса, СИ ёмон одамлар қўлида хавфли қуролга ҳам айланади.
— Агар сиз ўзингизнинг этика қоидаларингиз асосида СИ кодексини ёзишингиз керак бўлса, ундаги 3 та принцип нима бўларди?
— Биринчи принцип – холис бўлиш. Ҳар бир одамни тенг кўриш. Масалан, ишга кираётганда HR'ларда СИ ишлатиляпти, улар эркак ва аёлни бир хил даражада кўриши, дискриминация қилмаслиги керак.
Иккинчиси – одамларнинг шахсий маълумотларини ҳеч кимга бермаслик.
Учинчиси – ҳеч қачон одамларга қарши чиқмаслик, деб муҳр қўйган бўлардим.
— Ҳозир СИ маълумотларни топиб бериши, таҳлил қилиши мумкин, лекин ижодийлик нуқтайи назаридан унда ҳали инсондаги каби ҳис-туйғу йўқ. СИ одам даражасида ижод қила олади деб ўйлайсизми?
— Менимча, СИ ижод қилиш даражасига етади. Одамларда ҳам ижод йўқ жойдан пайдо бўлиб қолмайди, улар кимдир ёки нимадандир ўрганади. Рассом табиатга қараб нимадир чизади. Умуман, одамлар ҳамма нарсани бирбошдан ўрганади. Худди шундай, СИ ҳам маълумотларни ўрганади ва кўп маълумот ўргангани сари шунақа ижод қила олади.
— Таржимайи ҳолингизда сиз иштирок этган чатботлар 36 мингдан ортиқ сўровни қайта ишлагани ҳақида маълумот бор. Бу тажрибангиз ҳақида гапириб беринг.
— Бу Orange компаниясида, France Telecom'даги тажрибамда бўлган. Франциядаги мижозлар Оrange'га ҳар хил сўровлар билан чиқади: менда алоқа яхши эмас, роутер яхши ишламаяпти, деган муаммолар билан мурожаат қилишади. Бу мурожаатларга олдин одамлар жавоб берган, ҳозир СИ жавоб беряпти. Мен ўшани таҳлил қилиб, чатбот одам каби тўғри жавоб бериши устида ишлаганман. Одамлар чатботга матн ёзган, чатбот жавоб берган.
Олдинги кўринишдаги чатботларда оддий классификация бўлган. Сўров келяпти, ўша сўровга 10 та жавоб бор. 10 тадан биттасини танлаб берган. Лекин шунақа сўров бўлиши мумкин, 10 та жавобдан ҳеч бири тўғри келмайди. Дилемма юзага келган, мен ишлаётган пайт шу муаммонинг олдини олиш учун биз генератив модел қилдик. Шунақа уникал савол берилганда, тўғри жавоб бериш учун чатботни янгилаганмиз.
“Нимадир ўхшамаслигига тайёр туринг”
— СИга кириб келмоқчи бўлганлар учун маслаҳатларим – СИни ўрганаётган одам жуда кўп, бутун дунё ўрганяпти, рақобат жуда катта. Эртага талабалар ўқишни битиргач илмий иш қилиши, ишга кириши осон бўлмайди, чунки иш кўп бўлгани билан, талабгор ҳам жуда кўп. Маслаҳатим – ўқишни битиргач, нимадир ўхшамаслигига тайёр туринг. Шунчаки одам кўп, бозор шундай ҳозир. Бу фактни қабул қилиб максимал кўп жойга ишга топшириш керак. Максимал кўп университетга топшириш керак.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
17:05
АҚШда Федерал захира тизими раиси Жером Пауэллга нисбатан тергов бошланди
13:02
Украина литий қазиб олиш ҳуқуқларини америкалик инвесторларга берди
20:24 / 12.01.2026
Эрон ҳукумати намойишларни тўлиқ назоратга олганини маълум қилди
15:21 / 12.01.2026