Ўзбекистон | 21:25 / 27.01.2023
23329
2 дақиқада ўқилади

30 январдан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини онлайн алмаштириш мумкин

Бунда ЯИДХП (my.gov.uz) орқали ариза бериб, гувоҳномани янгисига алмаштириш мумкин. Янги гувоҳнома айтилган манзилга етказилади.

Эндиликда ДХМ ва ички ишлар органларига бориш, расмга тушиш, бир нечта ҳужжатга имзо қўйиш шарт эмас. Янгиланган гувоҳномани почта хизмати буюртмачининг уйига етказиб беради.

Гувоҳномани янгисига онлайн алмаштириш учун my.gov.uz орқали буюртма берилади. Буюртмада:

  • бўш қаторлар ўзингизга тегишли шахсий маълумотлар билан тўлдирилади;
  • тегишли бандлар танланади;
  • янги ҳайдовчилик гувоҳномаси етказиб бериладиган манзил кўрсатилади;
  • мобил телефон ёки компютер орқали шахсий имзо қўйилади;

Сўнгги қадамда инвойс шаклланади ва БҲМнинг 70 фоизи (210 000 сўм) миқдорида ҳамда почта хизмати учун 25 000 сўм тўлов амалга оширилади.

Марказ ходими, келиб тушган буюртмани кўриб чиқиб, чоп этган янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини почта хизматига тақдим этади. Почта хизмати томонидан икки иш кунида манзил бўйича бориб, буюртмачидан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талонни олиб, янгисини тақдим этади.

Почта хизмати эса эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини ва талонини ДХМга топширади.

Эски намунадаги барча ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомототранспорт рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномани мажбурий алмаштириш муддати қуйидагича:

- 2010 йилгача бўлган даврда берилганлари – 2023 йил 31 мартгача;

- 2010 – 2012 йилларда берилганлари – 2023 йил 30 июнгача;

- 2013 – 2015 йилларда берилганлари – 2023 йил 30 сентябргача;

- 2015 йилдан кейин берилганлари – 2023 йил 31 декабргача.

Ушбу муддатгача алмаштирилмаган гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид