Ўзбекистон | 07:23 / 27.07.2019
7690
2 дақиқада ўқилади

Элликқалъада Нукус ДПИнинг педагогика факультети ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 26 сентябрдаги ПҚ-3290-сон қарорида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда талабаларнинг доимий яшаш жойларига яқин ҳудудда таҳсил олишларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 24 июлдаги 669-сонли буйруғи асосида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг Элликқалъа педагогика факультети ташкил этилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, Нукус ДПИнинг Элликқалъа педагогика факультети Элликқалъа тумани Халқлар дўстлиги кўчаси 2-уйда жойлашган Қорақалпоқ давлат университетининг Бўстон академик лицейида ўз фаолиятини бошлайди.

Буйруқ асосида ҚҚДУнинг Бўстон академик лицейи бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди ва мол-мулклари билан биргаликда Нукус ДПИнинг Элликқалъа педагогика факультетига ўтказилади.

Шунингдек, Нукус ДПИ янгидан ташкил этилаётган факультетда ўрнатилган тартибда таълим жараёнини ташкил этиш, Элликқалъа тумани ва унга яқин ҳудудларда яшовчи талабалардан иборат гуруҳлар ташкил этиш ва мазкур гуруҳларни Элликқалъа педагогика факультетига бириктириш, факультетни малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ишларни олиб боради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид