Ўзбекистон | 15:21 / 02.12.2017
35900
3 дақиқада ўқилади

Яқин қариндошнинг қамалгани ишга жойлашишда эътиборга олинмайди – адлия вазири

Ўзбекистон Адлия вазирлиги раҳбари Русланбек Давлетов яқин қариндош ёки ўзининг судланганлиги ишга олишда тўсқинлик қилмаслиги учун янги меъёр ишлаб чиқилганини билдирди. Унга кўра, яқин қариндоши ёки ўзи судлангани муносабати билан ишга қабул қилмаслик ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида Меҳнат кодексининг 78-моддасига тақиқловчи нормани киритиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Адлия вазири ЎзА мухбири билан суҳбатда шу ва бошқа кўплаб масалалар ҳақида сўз юритди.

“Бош қомусимизда биринчи ўринда инсон, фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари, ундан кейин давлат органлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўз аксини топган, – дейди Р.Давлетов. – Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи эканлиги, жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилиши давлат органларининг халқимиз олдида масъуллигидан далолат беради”. 

Давлат раҳбарининг ҳар бир ҳаракати, фикр ва мулоҳазалари, айниқса “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган сўзлари, Конституциянинг 2-моддасидаги қоиданинг ёрқин амалий ифодасидир. Ўзбекистон Конституциясининг 2-моддасида қайд этилганидек, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар. 

Халқ билан мулоқотнинг янги концепцияси эълон қилиниши, Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ташкил этилиши, уни бошқариш учун яхлит вертикал тизимнинг жорий этилиши, шунингдек, фуқароларнинг дунёқарашини бутунлай ўзгартирган муваффақиятли фаолияти, буларнинг барчаси шундай катта аҳамиятга эга бўлдики, кўплаб олимлар ва экпертлар мазкур янги феномен соҳадаги назарий асосларни қайта кўриб чиқишни тақозо қилаётганини таъкидламоқда. 

Адлия вазирлиги тизимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш изчил йўлга қўйилган. Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида адлия идораларига бу йўналишда 3,2 мингга яқин жисмоний ва юридик шахс мурожаат қилди. Уларнинг аксарияти қаноатлантирилиб, мингга яқин шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. 

Фуқаролар манфаатларини кўзлаб судларга 440 даъво аризаси ҳамда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 180 маъмурий ва 11 жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар киритилди. 

Ўтказилган мониторинг ва назорат тадбирлари давомида тегишли идораларга киритилган тақдимнома ва огоҳномалар натижасида 46 ноқонуний ҳужжат ижроси тўхтатилди ва бекор қилинди. 527 мансабдор шахс тегишли интизомий жазога тортилди. Шулардан 84 нафари эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. 

Тайёрлаган:  Толиб Раҳматов

Мавзуга оид