Жамият | 16:19 / 10.04.2023
24795
7 дақиқада ўқилади

«Маданият ва маърифат» телеканали «Карвон»га айлантирилмоқда. Жамоатчилик норози

Телеканал Маданият ва туризм вазирлиги тасарруфига ўтказилмоқда. Муҳокамаларга қўшилган вазир Озодбек Назарбеков мулоқотга очиқлигини билдирди.

3 апрел куни project.gov.uz порталида Маданият ва маърифат телеканалини «Карвон» телеканалига айлантириш ҳақидаги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳага кўра, МТРК таркибидаги «Маданият ва маърифат» телеканали «Карвон» номи билан қайта номланиб, Маданият ва туризм вазирлиги тасарруфига ўтказилиши белгиланган.

Шунингдек, унда вазирлик тасарруфига ўтадиган телеканалнинг МТРК моддий-техник базасидан фойдаланиш имкониятини ҳам ўзида тўлиқ сақлаб қолиши кўрсатилган.

Бу лойиҳа зиёлилар ва бошқа фаоллар томонидан норозилик билан кутиб олинди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда кўплаб фойдаланувчилар ўз эътирозларини ёзиб қолдиришмоқда.

Kun.uz фаоллар билдираётган фикрларни қисқартирган ҳолда жамлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ «номида маданият сўзи иштирок этган телеканални йўқотиш Маданият ва туризм вазирлигига обрў олиб келмаслиги»ни айтади.

Нодир Жонузоқ

«Биз «Карвон»га қарши эмасмиз (гарчи унинг асосий вазифаларида адабий ҳаётни ёритиш белгиланмаган бўлса ҳам), лекин у «Маданият ва маърифат» карвони ўрнига йўлга тушмасин. Қолаверса, номида «маданият» сўзи иштирок этган телеканални йўқотиш Маданият ва туризм вазирлигига обрў олиб келмаса керак, деб ўйлаймиз», – деб ёзди шоир ўз фейсбук саҳифасида.

Шоир Шодмонқул Салом «янги канал очиш керак бўлса, нега у одамлар савиясини тушираётган бошқа турли каналлар ўрнида эмас, айнан Маданият ва маърифат ўрнида ташкил этилиши керак», дея савол қўйган.

Шодмонқул Салом

«Карвон» телеканалини ташкил этиш зарур бўлса, нега «Маданият ва маърифат» телеканалини қурбон қилиш эвазига бу ҳодиса содир бўлиши кераклиги мени ажаблантирди. Агар шундай қилиш лозим бўлса, янги телеканал очиш ёки савиясизлик ва маданиятимизни ерга уришгагина хизмат қилаётган бошқа каналлар ҳисобига буни амалга ошириш мумкин. Ҳа, ростдан ҳам шундай қилиш ҳукумат учун жуда осон ва халқ учун фойдалироқ», – деб ёзган у.

Блогер Шаҳноза Соатова ҳам бу хабарга муносабат билдириб, канални тугатиш лойиҳасини «катта хато ва адабиётнинг кучидан қўрқиш» дея изоҳлади.

Шаҳноза Соатова

«Адабиётдан қўрқишяптими? Тирик адабиёт қилган ишни тирик кино, тирик театр, тирик мусиқа ҳам қила олади. Қила бошлаши мумкин ҳам. Шунда умуман маданият мавзусини олиб ташлашармикан концепцияларидан? Мазмун йўқолади (ҳозир ҳам у кўп эмас ўзи). Бу хатони қилмасликка ақл етади деб умид қиламан — мен шунақа оптимистман, ҳа!» – дейди Соатова.

Телеканал фаолияти тугатилиб, унинг ўрнида бошқа бир канал иш бошлаши ҳақидаги янгиликка шоира Меҳриноз Аббосова ҳам ўз муносабатини билдирди. Аббосовага кўра, «Маданият ва маърифат» телеканали ёпилиши айни дамда маърифатга ҳар қачонгидан ташна бўлиб турган халқимизга нисбатан ноҳақликдир.

Меҳриноз Аббосова

«Бу дунёга тобора ёпилиб бораётганимиз, орқага қараб кетаётганимизни очиқчасига тан олиш бўлади.

Карвон кўп, ризқи бўлак. «Карвон» каналиям ўзининг ризқи ва ўрнини топар. Жуда шунақа канал очгилари келаётган бўлса, очаверишсин. Лекин, бу одамларнинг тафаккурини уйғотишга уринаётган энг яхши телеканалнинг «чопилиши» эвазига бўлмаслиги керак», – деди у.

Лойиҳа муҳокамасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев ҳам четда қолмади. Жумладан, у тармоқлардаги саҳифаларида телеканал ёпилишига қатъиян қарши эканини билдириб пост ёзди.

Одилжон Тожиев

«Қисқа қилиб айтганда, халқимизга «Маданият ва маърифат» телеканали керак. Бу борадаги қарор лойиҳаси кенг жамоатчилик, зиёлилар томонидан танқидга учради.

Мен ҳам бир зиёли, ўзбек халқининг оддий бир вакили сифатида руҳониятимизни тўйинтириб турган телеканалнинг «ёпилиши»га қатъиян қаршиман.

Энг чатоқ томони, ҳар бир вазирликка битта телеканал, деган тамойилни ўйлаб топманглар, барака топгурлар!» – деди депутат.

Телеканал ёпилиши борасидаги қарор лойиҳаси юзасидан канал директори Воҳид Луқмон 8 апрел куни ўз муносабатини эълон қилди. У канал жамоаси телеканал фаолиятига оид ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилаётганидан хабардор бўлганини айтади. Бунда телеканал фаолиятини ҳар томонлама (ғоявий-бадиий, молиявий-иқтисодий, техник-технологик жиҳатдан) ривожлантириш, телеканални янада кўримли қилиш бўйича ўзимизнинг аниқ таклифлар ҳам берилган. Аммо, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган ҳужжат лойиҳасида бу таклифлар инобатга олинмаган.

Воҳид Луқмон

«Бу ҳужжат ҳали лойиҳа. Ишонамизки, бу лойиҳа қизғин муҳокама жараёнидан ўтиб, ҳамманинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ғоялари инобатга олинган ҳолда, кенг жамоатчилик кутаётган қарорга айланади.

Ўз навбатида, миллий ўзлигимиз, маънавиятимиз ва маданиятимизга, ўзбек зиёлилари, санъат ва маданият фидойилари минбари бўлган – Маданият ва маърифат телеканали тақдирига бефарқ бўлмасдан ўзларининг конструктив муносабатларини билдираётган барчага миннатдорлик билдирамиз», – дейилади муносабатда.

Мавзу муҳокамаси ижтимоий тармоқларда шу каби фикрлар билан кенгайиши ортидан маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков видео чиқиш қилди.

«Маданият ва маърифат телеканали ўрнида «Карвон» номли кўнгилочар канал иш бошларкан, деган хавотирли фикрлар янграшни бошлади. Жараёнга бефарқ бўлмагани учун зиёли қатламдан хурсандман. Мен уларни бу куйинишлари ортидан дўстона ҳамкорликка ҳам чақираман. Бу шунчаки оддий бир муҳокамами ёки ҳақиқатда телеканал тақдири ўйлантираётган инсонлар фикрими?

Агар уларни телеканал фаолияти ўйлантираётган бўлса, марҳамат, биз билан ҳамкорликка киришинг. Биз ҳар қандай таклиф ва мулоҳазаларни эшитиш, қабул қилишга тайёрмиз. Мақсадимиз халқимизга маърифат улашиб турган телеканални янада бойитиб, халқимизга том маънода кенгроқ, сифатлироқ хизмат кўрсатиш», – деди вазир.

«Маданият ва маърифат» телеканали ёпилиши ва унинг ўрнида «Карвон» номли канал иш бошлаши ҳақидаги янгиликдан кейин ижтимоий тармоқларда #Madaniyat va maʼrifat telekanali yopilishiga qarshiman! ҳештеги ҳам оммалашмоқда.

Илёс Сафаров тайёрлади. 

Муаллиф:  Илёс Сафаров

Мавзуга оид