Жамият | 14:20 / 21.02.2019
12127
2 дақиқада ўқилади

Яширин цехда 17 тоннадан ортиқ нефть маҳсулотлари сақланаётгани аниқланди

Фото: Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати

Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда Хонқа тумани ҳудудида давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларни аниқлаш ва уларни белгиланган тартибда солиққа жалб қилиш юзасидан назорат тадбирлари ўтказилди.

«Олажа» қишлоғи «Ойдин Ҳаёт» маҳалласидаги яширин цехда 17 тоннадан ортиқ нефть маҳсулотлари сақланаётгани аниқланди, дея хабар берган Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати

Ушбу махфий цех холислар иштирокида кўздан кечирилганида, «Янги турмуш» маҳалласида яшовчи Ҳ.Б. бу ерда битум маҳсулотини ишлаб чиқараётгани, бироқ цехга тегишли ҳеч қандай ҳужжатлар йўқлигини маълум қилди.

Қонуний тартибда далолатнома тузилиб, холислар иштирокида яширин цехда мавжуд бўлган 16 турдаги, жами умумий қиймати 35 млн. 893 минг сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида вақтинча олиб қўйилди.

“Давлатнинг энг муҳим ресурсларига зарар етказиш орқали даромад топишга уриниш тадбиркорликка кирмайди. Қолаверса, ноқонуний цех ташкил этиб, бойлик орттиришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Ушбу ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар тегишлилиги бўйича Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хонқа тумани бўлимига юборилди”, - дейилади ДСҚ хабарида.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид