Ўзбекистон | 21:11 / 07.08.2021
22180
2 дақиқада ўқилади

“Кўп-кўп қўштирноқ ичидаги “ақлли” иқтисодчилар валюта бозори эркинлашишига кескин қарши бўлган” — Абдулла Арипов

7 август куни Тошкентда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда шу йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси президенти сайловида ЎзЛиДеПнинг иштироки, президентлик сайловида ЎзЛиДеПдан кўрсатиладиган бўлажак номзод ҳамда навбатдаги қурултой кун тартибидан ўрин олган масалалар муҳокама этилди.

Партия Марказий кенгаши раиси Аҳтам Ҳайитов кенгаш аъзоларига Шавкат Мирзиёевни бўлажак президентлик сайловларида партия номзоди сифатида илгари суриш таклифини берди.

Тадбирда сўзга чиққанлар, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев, Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, Ўзбекистон қаҳрамони Қувондиқ Санақулов ва бошқа спикерлар ўтган 5 йилда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган жараёнларининг ортга қайтмаслиги, юрт ва эл тақдири, эртанги кун ушбу ўзгаришларнинг муваффақиятли бориши билан бевосита боғлиқ эканини таъкидлаб, тавсия этилган номзодни қўллаб-қувватлашини билдирди.

ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши аъзолари якдиллик билан Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси президентлигига бўлажак номзод сифатида кўрсатиш таклифини бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Йиғилишда ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши аъзоси Абдулла Арипов ҳам иштирок этиб, ўтган беш йилда президент раҳбарлигида амалга оширилган ишлар ва ислоҳотларга тўхталди.

Бош вазир, хусусан, макроиқтисодий барқарорлик таъминланишининг асосий омилини айтиб ўтди.

Абдулла Арипов

“Бир нарсани сизларга эслатмоқчиман. Беш йил аввал валюта бозори қай аҳволда эди? Кўп-кўп қўштирноқ ичидаги “ақлли” иқтисодчилар валюта бозори эркинлашишига кескин қарши бўлишган. Фақатгина ҳурматли Шавкат Миромоновичнинг қатъияти билан валюта бозори эркинлашди. Миллий валюта – сўмни эркин айирбошлаш имконияти яратилди. Ҳақиқий бозор иқтисодиётини барпо этиш мақсадида қабул қилинган ушбу тарихий қарорлари туфайли макроиқтисодий барқарорлик таъминланди”, – деди Арипов.

Тўлиқ маъруза билан юқоридаги видео орқали танишинг.

Мавзуга оид