Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ Гуржистонда намойишчиларга нисбатан зўравонликни қоралади
Жозеп Боррел Гуржистон расмийларининг «чет эл агентлари» ҳақидаги қонун лойиҳасига қарши намойишлар иштирокчиларининг ҳибсга олинишига олиб келган ҳаракатларини қоралади ва Тбилисини тинч митинг ўтказиш ҳуқуқини таъминлашга чақирди.
Фото: Mirian Meladze/Anadolu via Getty Images
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел 1 май, чоршанба куни «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қабул қилиниши муносабати билан Тбилисида мамлакат ҳукуматини танқид қилган намойишчиларга нисбатан Гуржистон расмийлари томонидан қўлланган зўравонликни кескин қоралади. «Гуржистон Европа Иттифоқига аъзоликка номзод давлатдир ва мен унинг расмийларини тинч митинг ўтказиш ҳуқуқини таъминлашга чақираман, уларни бостириш учун куч ишлатиш қабул қилиниши мумкин эмас», деб ёзган Боррел ижтимоий тармоқда.
Оммавий намойишлар пайтида 60 дан ортиқ киши ҳибсга олинди
1 майга ўтар кечаси Гуржистон полицияси Тбилисидаги оммавий намойишларнинг 63 нафар иштирокчисини ҳибсга олди, деди ички ишлар вазири ўринбосари Александр Дарахвелидзе брифингда. Намойишчиларнинг «зўравон ҳаракатлари» натижасида олти нафар полициячи яраланган, деди у.
Дарахвелидзе митинг иштирокчиларига нисбатан куч қўлланганини «намойиш зўравонлик тусини олгани» билан изоҳлади, «улар полицияга оғзаки ва жисмонан ҳужум қилди, турли оғир буюмлар, тошлар ва шишаларни улоқтирди», дейилади Гуржистон ички ишлар идораси баёнотида. Намойишчилар «чиқиш йўлларини сунъий равишда тўсиб қўйди ва Гуржистон парламенти аъзоларининг бинони тарк этишига рухсат бермасликларини маълум қилди», дея аниқлик киритди департамент. Бундай ҳаракатлар қонун билан тақиқланган, деб қўшимча қилди ИИВ.
Гуржистонда оммавий намойишлар давом этмоқда
DW мухбирининг хабар беришича, 1 майга ўтар кечаси намойишчилар парламентга яқин жойда баррикадалар ўрнатган. Махсус кучлар вақти-вақти билан одамларни қўлга олиб, сув ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Намойишчилар тарқалиб кетди, лекин тез орада қайтиб келди. Руставели шоҳкўчасида тунда бир неча минг киши қолган.
Эрталаб полиция намойишчиларни тарқатиб юборишга уринишни тўхтатди ва диққатини парламентнинг ён томондаги киришларини қўриқлашга қаратди. Қолган намойишчилар бино олдидаги бўш жойни эгаллаб, тўсиқлар билан ОАВдан ажралиб, чиқиндиларни йиғишга киришган.
Полиция ОАВ вакиллари ва сиёсатчиларни калтаклади
Агентликларга кўра, полиция ОАВ вакилларига ҳам ҳужум қилган. Хусусан, AFP фотосуратчиси матбуот вакили экани аниқ бўлишига қарамай, резина таёқ билан калтакланган.
Бундан ташқари, хавфсизлик кучлари Гуржистоннинг энг йирик мухолифат партияси – «Бирлашган миллий ҳаракат» раҳбари Леван Хабеишвилини шафқатсизларча калтаклаган. Ҳозирда сиёсатчи шифохонада. Унинг тиши синган, юз суякларининг синиши ташхиси қўйилган, деб ёзади News Georgia.
Гуржистон парламентида янги муштлашув юз берди
1 май куни Гуржистон парламентида «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилаётганида Россияникига ўхшаш ҳуқуқий нормани илгари сураётган ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси вакиллари ва бунга қарши чиққанлар ўртасида навбатдаги оммавий муштлашув содир бўлди.
«Чет эл агентлари» ҳақидаги қонунга қарши оммавий намойишлар
Сўнгги кунларда Гуржистонда мухолифат кучлари мунозарали қонун қабул қилинишига қарши намойишлар ўтказиб, парламентдан қонун лойиҳасини қайтариб олишни талаб этмоқда. 28 апрел оқшомида Тбилисидаги Республика майдонида 20 мингга яқин одам - Гуржистон ноҳукумат ташкилотлари, мухолифат партиялари аъзолари ва уларнинг позициясини қўллаб-қувватлаган фуқаролар йиғилди.
Эртаси куни Гуржистон пойтахтида ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партиясини, шунингдек, «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳукумат тарафдорлари митинги бўлиб ўтди. Гуржистон ҳукуматининг «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунни қабул қилишга уринишидан норози бўлган ўн минглаб одамлар Тбилиси марказида норозилик намойишларини давом эттирмоқда.
Мавзуга оид
13:29 / 14.01.2026
Эронда қурбонлар сони ўсмоқда: ЕИ ва Британия санкцияларни кучайтиришга тайёрланяпти
23:16 / 12.01.2026
Гуржистоннинг собиқ бош вазири Гарибашвили беш йилга қамалди
10:03 / 09.01.2026
Гуржистонга туристик сафар қиладиганлар учун тиббий суғурта полиси мажбурий бўлади
11:51 / 08.01.2026