Жаҳон | 17:41 / 04.07.2025
13284
3 дақиқада ўқилади

Россияда озарбойжонлик криминал авторитет Вагиф Бакинский ушланди

«Қонунга беписанд ўғри» Вагиф Сулаймонов (Бакинский) Россиянинг иммиграция қонунчилигини бузганликда гумон қилинмоқда. Унда Ўзбекистон паспорти ҳам борлиги айтилмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Озарбойжонлик криминал авторитет Вагиф Сулаймонов (Бакинский) Москвада қўлга олинди. У Россиянинг иммиграция қонунчилигини бузганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда «Коммерсант»га таяниб «Газета.ру» хабар берди. Таъкидланишича, Сулаймоновда Ўзбекистоннинг паспорти ҳам бор.

Хабарга кўра, энди у хорижлик фуқароларни вақтинча сақлаш марказида 3 ойни ўтказади, шундан сўнг Озарбойжонга депортация қилинади.

Ижтимоий тармоқларда «қонунга беписанд ўғри»нинг қўлга олингани акс этган видео тарқалди. Кадрларда оқ кўйлак ва кўк шим кийган эркак асфалтда юзи пастга қаратилган ҳолда ётибди. Ҳуқуқ-тартибот органи ходими унинг устига ўтириб, қўлларини ушлаб турибди. Яна бир ходим ундан криминал авторитет экани ҳақида сўрайди. Сулаймонов бундай саволларга жавоб бермаслигини айтади.

«Газета.ру» Вагиф Сулаймоновнинг таржимаи ҳолидан маълумотлар келтирди. У 1965 йилда Тбилисида туғилган, лекин болалиги ва ёшлиги Бокуда ўтган. 1990-йилларда Россияга кўчган ва бизнес бошлаган. Унинг фаолияти Москвадаги «Фуд-Сити» ва «Садовод» бозорлари билан боғлиқ экани тахмин қилинмоқда. Шунингдек, унда Ўзбекистон паспорти ҳам борлиги айтилган.

Сулаймонов жиноят оламида «Тбилисский», «Бакинский», «Лянкоранский» ва «Вагиф Дипломат» лақаблари билан танилган. У 1990-йилларда яна бир криминал авторитет Мирсеймур (Сеймур Нардаранский) тавсияси билан «қонунга беписанд ўғри» даражасига кўтарилган. Аввалига Сулаймоновга криминал босс «Дед Ҳасан», кейин эса «Шакро Молодой» ҳомийлик қилган. Таъкидланишича, Сулаймонов Россиядаги озарбайжон жиноий кланларидан бирига асос солган.

У бир неча бор судланган. 2006 йилда Москвада 33 грамм гиёҳвандлик моддаси билан ушланган. 2013 йилда 18 миллион рублни товламачилик билан олганликда айбланган.

Вагиф Сулаймоновнинг қўлга олиниши Москва ва Боку ўртасидаги можаро авж олган пайтда юз берди. Июн ойи охирида Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бир неча озарбайжонлик қўлга олинди, улар қотилликда айбланмоқда. Операция шафқатсиз ўтди, қўлга олиш пайтида ака-ука Зиёддин ва Ҳусайн Сафаровлар ҳалок бўлди. Озарбойжон ҳукумати воқеани қоралаб, Россиядан айбдорларнинг жавобгарликка тортилишини талаб қилди.

Бир неча кундан сўнг, Бокудаги «Спутник Азербайджан» ахборот агентлиги таҳририятида тинтув ўтказилиб, агентлик раҳбари Игор Картавих ва бош муҳаррир Евгений Белоусов қўлга олинди. Улар гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси ва кибержиноятчиликда гумон қилинмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид