Спорт | 19:51 / 15.11.2022
25067
14 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2022 таништируви: таркибига юлдузлар сиғмаган, тўпни яхши кўрадиган Испания

Таркиби аввалги мундиалларда бўлгани каби қўрқинчли эмас, яққол етакчиси йўқдир, аммо ижодкор ва техникаси кучли ёшлари билан исталган жамоани қўрқита олади. Биринчи рақам остида ўйнашни хуш кўрадиган Испаниянинг ЖЧ-2022даги имкониятларини чамалаб кўрамиз.

Фото: Getty Images

ФИФА рейтингидаги ўрни — 7

ЖЧ-2022 сари йўл — 6 ғалаба, 1 дуранг, 1 мағлубият. Тўплар нисбати — 15:5.

Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар — Ферран Торрес (4)

ЖЧдаги энг яхши натижаси — чемпионлик (2010).

Гуруҳ босқичидаги ўйинлари:

23 ноябр, 21:00. Испания — Коста-Рика

27 ноябр, 23:59. Испания — Германия

1 декабр, 23:59. Япония — Испания

ТАРКИБ

Луис Энрике якуний рўйхатга 26 нафар футболчини киритди.

Дарвозабонлар: Унаи Симон («Атлетик»), Роберт Санчес («Брайтон»), Давид Райя («Брентфорд»).

Ҳимоячилар: Дани Карвахал («Реал»), Эрик Гарсия, Жорди Альба (иккиси ҳам – «Барселона»), Эмерик Лапорт («Манчестер Сити»), Сесар Аспиликуэта («Челси»), Пау Торрес («Вильярреал»), Хосе Гайя, Уго Гильямон (иккиси ҳам – «Валенсия»).

Яримҳимоячилар: Родри («Манчестер Сити»), Серхи Бускетс, Гави, Педри (барчаси – «Барселона»), Коке, Маркос Льоренте (иккиси ҳам – «Атлетико»), Карлос Солер («ПСЖ»).

Ҳужумчилар: Альваро Мората («Атлетико»), Ферран Торрес, Ансу Фати (иккиси ҳам – «Барселона»), Пабло Сарабия («ПСЖ»), Нико Уильямс («Атлетик»), Марко Асенсио («Реал»), Йереми Пино («Вильярреал»), Дани Ольмо («Лейпциг»).

Дарвозабонлар Давид Де Хеа («Манчестер Юнайтед») ва Кепа Аррисабалага; ҳимоячилар Серхио Рамос («ПСЖ»), Марк Кукурелья  («Челси»), Начо Фернандес («Реал»), Иньиго Мартинес («Атлетик» Б), Маркос Алонсо («Барселона»); яримҳимоячилар Тиаго Алькантара («Ливерпул»), Фабиан Руис («ПСЖ»), Серхио Каналес («Бетис»); ҳужумчилар Жерар Морено («Вильярреал») ва Яго Аспас («Сельта») чақирилмади.

Тахминий бошланғич таркиб: Симон — Карвахаль, Гарсия, Пау Торрес, Альба — Родри, Педри, Гави — Сарабия – Мората – Ферран Торрес.

БАҲСЛИ ҚАРОРЛАР

Испания миллий жамоаси таркибни эълон қилиш атрофида энг кўп баҳсларга сабаб бўлди. Нега бунчалик мунозара бор ва Луис Энрикенинг танловлари тўғрими?

Дарвозабонлар. Де Хеа ва Кепани олмаслик? Испания миллий жамоаси атрофидаги асосий баҳслар шу ердан бошланади. Кепа ҳам, Де Хеа ҳам Евро-2020дан олдинги ҳолатидан фарқли равишда яхши ҳолатда. Энрике томонидан қаралса, Унаи Симон асосий дарвозабон сифатида танлаб бўлинган — у ўтган йили Европа чемпионатида ҳам тўлиқ ўйнади. Кепа ҳам, Де Хеа ҳам ўринбосар сифатида олиниши мумкин эди, аммо бундай юлдузларнинг борлиги Симонга босим ўтказиши мумкин. Кўринишидан, шунинг учун икки юлдуз рад этилди. Бунинг устига, Давид Райя ва Роберт Санчес ҳам Премьер-лигада ўйнашади. Статистик маълумотларга кўра, улар Де Хеа ва Кепадан қолишмайди ва, албатта, уларда авторитет босими йўқ. Бу — улар учун биринчи турнир. 

Ҳимоя. Серхио Рамоснинг чақирилмагани кўпчиликни ғазаблантирди. Футбол олами вакилларидан фахрий футболчига турли қўллаб-қувватлаш сўзлари ёғилди. Рамосга қаршилар жамоа Европа чемпионатида усиз ҳам муваффақиятга эришганини таъкидлашмоқда, бироқ йил давомида вазият ўзгарган. Бир йил олдин Рамоснинг формаси яхши эмасди, аммо бу мавсумда у «ПСЖ»нинг янги бош мураббийи Кртстоф Галтьенинг услубида яхши кўринмоқда ва клуб ҳимоясини энг яхши йилларидагидек мустаҳкамлади. Эмерик Лапорт ва Эрик Гарсия жаҳон чемпионатига чақирилган бўлса-да, ўз клубларининг асосий ўйинчилари эмас. Албатта, асосий ҳимоячи доимий ўйин амалиётига эга Пау Торрес бўлади, гарчи ҳозир «Вильярреал» юқори ўринларда бўлмаса ҳам. Рамоснинг заявкага кирмаганидан хурсанд бўлган ягона одам — Уго Гильямон.  «Валенсия»нинг 22 ёшли футболчиси миллий жамоада бор-йўғи битта ўйин ўтказган ва турнирга бориш унга тажриба учун зарар келтирмайди, аммо унинг майдонга тушиш имконияти кам.

Фото: Getty Images

Дарвоқе, Рамоснинг миллий жамоага чақирилмагани мураббий томонидан ёшларга йўл бериш кераклиги билан оқланди. Аммо чап қанот ҳимоясидаги Хорди Альба 33 ёшда-ку. У Евро-2012дан бери ўйнамоқда. Ҳимоячи «Барселона»да аста-секин ўрнини йўқотмоқда. У миллий жамоада «Валенсия» сардори Хосе Гайя билан рақобатлашади.

Яримҳимоя. Бу ерда ишлар жойидадек. Таянч зонасида Родри бор, шунингдек, тажрибали Бускетс. Таянч яримҳимоячиси олдида Гави ва Педри ўйнаши кутилмоқда, уларни Солер ва Льоренте алмаштириши мумкин. Бу ерда танлов мураббийга боғлиқ. Ва агар у хато қилса, барча Тиаго Алькантаранинг чақирилмаганини эслайди.

Мухлислар Тиагонинг таркибга киритилмаганидан норози бўлишди. У бу мавсумда «Ливерпул» сафида барча мусобақаларда 12 ўйинда майдонга тушди ва бир неча баҳсни тиззасидан олган жароҳати туфайли ўтказиб юборди. Бироқ келиб чиқиши бразилиялик бўлган футболчи ўтган мавсумни жуда муваффақиятли ўтказишда асосий роль ўйнаган ва унинг энг яхши испан футболчилари қаторида Қатарга учиб кетишини кутиш мантиқан тўғри бўларди. Мухлислар ўзларининг норозиликларини ижтимоий тармоқларда билдиришга қарор қилишди:

«Рамос ўрнига Гарсия?  Ҳаттоки «Барса» мухлислари ҳам бунга рози бўлмайди... Тиаго Алькантара эса жароҳат олганми ёки бошқа сабаб?! Энрике Испанияни ўлдиряпти»

«У Бразилияни танлаши керак эди. Тиагонинг Бразилия миллий жамоаси яримҳимоясида қандай ўйнашини тасаввур қилинг»

«Тиаго ҳам, Де Хеа ҳам, Рамос ҳам эмас, балки Spotify («Барса»нинг ҳомийси) жамоасидан исталган масхарабоз чақирув олди»

«Умид қиламанки, улар муваффақиятсизликка учрайди, чунки Тиаго у ерда эмас».

Ҳужум. Марказий ҳужумчига яқинроқ Фати, Пино, Сарабия, Асенсио, Ольмо, Уильямс ҳаракат қилиши мумкин. Марказда эса Ферран Торрес ва Альваро Мората. Марказдаги ҳужумчилар тўпурар эмаслиги жамоага муҳим баҳсларда панд бериши мумкин. Масалан, саралашда Ферран атиги 4 гол билан Испания тўпурари бўлган.

Фото: Getty Images

Европа чемпионатидан бир йил ўтди, бу вақт ичида ёш жамоа ҳеч қандай ўсишга эришмагандек, фақат баҳс-мунозаралар ва миш-мишлар билан ўралгандек туюлади. Агар Энрике нима қилаётганини билса, унда муносиб натижа бўлади. Акс ҳолда, Германия ва ҳатто Япония испанларни жазолаши мумкин.

Кейин эса ҳар бир футболчининг барча камчиликлари, статистикаси ва барқарор эмаслиги эсга олинади.

МУРАББИЙ ВА ЎЙИН УСЛУБИ

Луис Энрике Испания миллий жамоаси бош мураббийи ҳисобланади. У — футболчи сифатида ҳам катта муваффақиятларга эришган кам сонли мураббийлардан бири. Луис футболчилигида «Реал»да 5 йил ва «Барселона»да 8 йил ўйнашга муваффақ бўлган. Умуман олганда, у — кўп қиррали инсон.

Фаолиятини якунлагач, Энрике Австралияда бир муддат яшаб, сёрфинг билан шуғулланган. Шунингдек, у Нью-Йорк (2005), Амстердам (2006), Флоренция (2007) марафонларида, триатлон бўйича Европа чемпионатида қатнашган.

Мураббийлик фаолиятини «Барселона» Б жамоасида бошлаган, 3 йилдан сўнг «Рома»ни бошқарган ва у ерда ёмон натижалар туфайли бор-йўғи бир мавсум ишлай олган. 2014 йил Энрике «Барселона» бош мураббийи этиб тайинланди. Биринчи мавсум муваффақиятли ўтди — жамоа треблга эришди. Аммо жамоа натижалари пасайишда давом этди ва 2017 йил мураббий шартномани янгиламаслигини маълум қилди.

2018 йил ёзида Испания терма жамоаси бош мураббийига айланди. Шартнома 2 йилга мўлжалланганди. Аммо 2019 йил ёзида у қизининг ўлимидан сўнг миллий жамоа бош мураббийлиги лавозимини тарк этди. Бироз ўтгач, Энрике Морено бошчилигида Евро-2020 саралашида муваффақиятли қатнашган жамоага қайтди. Испанлар қитъа чемпионатида яримфиналгача етиб борди ва бўлажак чемпион Италияга пенальтилар сериясида ютқазди. Этиборлиси, ўшанда жамоанинг йирик турнир учун қайдномасига илк бор «Реал»дан бирорта ҳам футболчи киритилмаганди.

Испания миллий жамоасининг ўйин схемаси: 4-3-3.

Ўйин услуби: тўпга эгалик қилиш, кутилмаган зарбалар ва қанотдан хавфли ҳужумлар.

Эътиборни тортадиган жиҳат  зарбалар сони. Энрике даврида Испания кўпроқ зарба беришни бошлади. Рақибни ажаблантирадиган кутилмаган зарбалар кўп. Албатта, бу мажбурий чора бўлиб, унинг илдизи ҳар қандай вазиятда ҳам ўйинни кескинлаштира оладиган Хави ва Иньеста каби футболчилар йўқлигидан келиб чиқади. Лекин муҳими, мураббий жамоага ҳужумда ўйнашни бироз осонлаштирди.

Ва шунга қарамай, Испания севимли ўйин услубидан узоқлашди, дейиш қийин. Тўп узатиш ва тўпга эгалик қилиш ҳали ҳам испан футболининг асосий таркибий қисмлари бўлиб қолмоқда. Ўртача ҳисобда тўп билан муомала — 71 фоиз.  Бу эса ҳар бир ўйинда 650-700 узатма дегани ва уларнинг кўп қисми рақиб жарима майдончасида бўлади.

ЮЛДУЗЛАР

Гави — 18 ёшли вундеркинд болакай бутун «Барселона» ва миллий жамоанинг ёрқин келажаги сифатида умид беради.

У мамлакатнинг асосий жамоаси сафида 12 ўйин ўтказишга улгурди, шунингдек, каталонияликлар етакчиларидан бирига айланди.

Яримҳимоячи меҳнаткашлик қобилияти ва ажойиб ўйин заковати билан ажралиб туради, бу Хавини бироз эслатади.

Бу йил Гави Европанинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этилди. У яна кўплаб жаҳон чемпионатларида ўйнашига шубҳа йўқ, лекин қачон ғалаба қозонишни кутишдан маъно борми?

Фото: Getty Images

Педри — деярли Иньеста, катта умидлар берадиган яна бир даҳо.

19 ёшли футболчи жамоадоши Гавидан фарқли аллақачон катта турнирларда ўйнаш тажрибасига эга — ўтган йили у Испания миллий жамоасида Еврода 3-ўринни олди. У шунчаки ўйнамади, турнирнинг рамзий жамоасига киритилди ва қитъа чемпионатининг энг яхши ёш ўйинчиси деб топилди.

Педри ҳамма жойда мавжуд. У майдон марказида жуда катта ҳудудни эгаллаб, ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам ҳаракат қилади. Қолаверса, ёш йигит майдонни мукаммал кўради ва хавфли вазиятлар яратишни билади.

Педри миллий жамоа сафида 14 ўйин ўтказган, энг муҳимлари олдинда.

КУЧЛИ ВА КУЧСИЗ ТОМОНЛАРИ

Кучли томонлари: истиқболли футболчилар, 1-рақамда ўйнаши, ижодкорлик, қанотлар яхши ишлаши.

Камчиликлари: етакчи йўқлиги, ҳимоядаги муваффақиятсизликлар, босим.

Фото: Getty Images

Ўйин жиҳатидан Испания — Европанинг энг кучли жамоаси, у жанубий америкаликларнинг жаҳон чемпионатидаги асосий рақиби бўлади. Бу ўтган йили Еврода ҳам кўринди, ҳозир майдон маркази янада кучлироқ бўлди. Испанларда 2000-йиллар охиридаги муваффақиятни такрорлай оладиган жуда истиқболли авлод бор. 

Испания ҳар доим биринчи рақамда ўйнайди. Майдон марказида тўп билан муомала қилишдан кўра самаралироқ нарса йўқ, чунки бу бутун ўйинни назорат қилишни англатади. Испаниянинг ўзига хос услуби бор, бу ҳаммага яхши маълум. Уларга қарши ўйнаш ҳали ҳам ниҳоятда қийин. Шубҳасиз, «қизил фурия» —  энг ижодкор жамоалардан бири.  Жамоавий ўйин жойида. Авваллари Хави, Иньеста, Санти Касорла, Фабрегас, Давид Сильва ва Хаби Алонсо бор эди, энди эса Гави, Педри, Солер, Торрес, Асенсио, Ольмо ва Сарабия. Ҳозирги номлар олдингисидек жарангдор эмас, аммо исталган рақибга таҳдид сола олади.

Жамоа қанотларда ҳам ажойиб кўринади. Испания рақиб ҳимоясининг эътиборини ўзига қаратиш ва тўпни қарама-қарши қанотга ўтказиш учун жарима майдончаси атрофида чалғитувчи манёвр уюштиради.

Испанларга айнан нима етишмаяпти — майдондаги етакчи. Илгари улар кўп эди — Пуйол, Рамос, Касильяс, Алонсо ва Хави. Энди бу борада муаммо бор. Бунинг учун Энрике Рамосни жамоага қайтариши керак эди. Қолаверса, Серхио ғалаба таъмини биларди ва ўз тажрибаси билан жамоага катта ёрдам бера оларди.

Испания ҳар доим ҳимояда муайян муаммоларга дуч келган. Албатта, доим хатосиз ўйнаш мумкин эмас, аммо ҳозир бунга жуда кўп йўл қўйишади. Рақиблар қарши ҳужумларда жазолаши мумкин.  Бускетс, Родри, Педри ва Гави юқори даражани кўрсатиб, қарши ҳужумларга имкон қолдирмасликлари керак бўлади.

ПРОГНОЗ

Испания гуруҳ босқичида муаммога дуч келмаслиги керак. Коста-Рика ва Япония «қизил фурия» учун жиддий рақиблар эмас. Немисларга қарши ўйин эса плей-оффгача кучни синаб кўриш нуқтайи назаридан жуда муҳим бўлади ва катта эҳтимол Энрике жамоаси гуруҳдан пешқадам сифатида чиқади.

Фото: Getty Images

1/8 финалда Бельгия ёки Хорватия билан қийин ўйин кутилмоқда. Испанлар фаворитга ўхшайди, аммо уларнинг имкониятларини рақиблариникидан анча юқори деб бўлмайди.

1/4 финалда эса Испанияни кўп эҳтимол жамоанинг жаҳон чемпионатидаги юришига нуқта қўйиши мумкин бўлган Бразилия кутади. «Пентакампеонлар» таркиби ва ноқулай рақиблигидан келиб чиқсак, испанлар чоракфиналдан уйга қайтишлари мумкин.

Аъзамжон Иззатиллаев

Мавзуга оид