Жамият | 08:55 / 09.02.2018
31738
12 дақиқада ўқилади

Алишер Навоий ғазалиёти Америкада

Америкалик адабиётшунос олим, шоир ва ёзувчи Денис Дели Алишер Навоийнинг 21 ғазалини инглиз тилига таржима қилиб, китоб ҳолида нашр эттирди. Навоий таваллудининг 577 йиллиги арафасида таржимон билан суҳбат қурилди.

Фото: Small Press Distribution

Алишер Навоий ижодига Ғарб дунёсининг қизиқиши ҳамон давом этиб келмоқда. Навоий ижодининг бир қатрасини кашф этган хорижлик борки, ўз ҳайратларини яшира олмайди. Тезроқ Навоий ҳақида замондошларига хабар бергиси, уни ўз она тилига ўгиргиси келаверади. Навоий ғазалиёти билан юзлашган Ғарб маданияти вакиллари борки, уни - ижоди юксак, такрорланмас шоир эканини эътироф этади. Америкалик исломшунос олим Барри Хоберман  “Saudi Aramco World” журналида чоп этилган  “Chaucer of Turks” номли мақоласида Навоийни Шарқ уйғониш даври асосчиларидан бири сифатида эътироф этади. Германиянинг Фрайе университети симпозиумида ўқилган маърузалар асосида ташкил этилган “Mir Alisir Nawai” номли тўпламга киритилган З.Клайнмиҳелнинг “Навоий-бенаво” номли 300 саҳифали мақоласида Навоий ижодидан олган ҳайратларини бир мақола ичига жойлаш иложсиз иш. Навоийнинг Саббаъи-Сайёр асари асосида италиялик Майкл Трамеззино томонидан 1557 йилда яратилган ва дунёнинг бир неча тилларига қайта-қайта таржима қилинган “Сарандипнинг уч шаҳзодаси” асарини тадқиқ қилган америкалик шарқшунос Ричард Бойл бу асарни Европа Уйғониш даврининг шоҳ асари деб атайди. Ўзбекистонга келиб, Алишер Навоий ижодини ўрганган ва унинг “Лисон-ут-тайр” асарини инглиз тилига таржима қилган канадалик Ҳарри Дик Навоийга “Дунёни маънавий таназзулдан қутқара оладиган кўнгил боғининг боғбони” дея таъриф беради. Сўнгги йилларда хорижликлар томонидан Навоий асарлари бирин-кетин таржима қилиниб чоп этилмоқда. Булар қаторига Навоий ғазалиётининг поляк тилига таржимони Януш Кжижовский, украин тилига таржимони, шоир Николай Бажаннинг “Фарҳод ва Ширин” достонининг  таржималарини киритиш мумкин. Бироқ, бу буюк шоир ижодининг бир дебочаси холос. Навоий ғазалларини инглиз тилига таржима қилаётган журъатли ўзбек таржимонлари сафи кенгаймоқда, хусусан, Аъзам Обидов, Қосимбой Маъмуров, Динара Султонова, Аида Буматова шулар жумласидан. Бироқ, эндиликда қилинган таржималар хорижлик муҳаррир таҳриридан ўтиб, тўплам ҳолида нашр этилиши, энг асосийси, улар хорижий давлатларга тарғиб этилиши керак. Зеро, ўзбек таржимашунослари ғазал аслиятидаги маъно ва бадииятнинг таржимада қайта яратилган ёки йўқлигига баҳо бериши мумкин, аммо, таржима тилининг силлиқ ва хорижлик рецептор учун ўқишлилигига энг одил баҳони хорижий тил эгасигина бера олади. Ўтган йили Американинг Массачусетс штати, Салем шаҳрида истиқомат қилувчи адабиётшунос, ёзувчи ва шоир Денис Дели томонидан таржима қилиниб, 2016 йилнинг декабрь ойида АҚШ Cervena Barva Press нашриётида чоп этилган “Twenty one Ghazals by Alisher Navoiy” деб номланган китоб сотувга чиқарилди. Мазкур мўъжазгина тўплам муаллифнинг бешинчи китоби бўлиб, кўплаб нуфузли рўзнома ва нашриётларда муҳаррирлик қилиб келган Денис Дели эндиликда ижодкор ва таржимон сифатида бадиий асар ва таржималар  ҳам нашр эттирмоқда. Тўплам хорижликлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди. Китоб бугунги кунда амазон ва бошқа сайтлар орқали хорижликлар ҳукмига ҳавола этилган. Маълумки, Алишер Навоий ғазалларида бадиий тасвир ранго-ранглиги кузатилади. Дели таржималарида тагмаъно ва кўп сонли тасвирнинг айримларини учратсангиз-да, таржималар ниҳоятда ўқишли чиққан, энг муҳими хорижликлар Навоийни кашф этишмоқда, бу таржималар орқали шоир шеърияти уларга маъқул келмоқда. 

Лолазор эрмаски, оҳимдин жаҳонға тушти ўт, 
Йўқ шафақким, бир қироқдин осмонға тушти ўт.
Таржима:
Tulip fields blaze the face of my soul’s fire.
Sunsets sear across the sky, touch the earth with fire.

Аслиятда шоир –  “Кўриб турганингиз бу лолазор эмас, менинг оҳимдан жаҳонга тушган ўтдир” дейди ва ғулувнинг юқори даражасини ишлатади. Таржимада “лолазор менинг оҳимдан ёрқинроқ бўлиб кетди” деб ғулувнинг ишониш мумкин бўлган қуйироқ даражаси қўлланган. Бироқ, китоб нашр этилиши билан интернет нашрларида хорижлик мутахасисларнинг тақризлари бирин-кетин босила бошлади. Улардан бири, 2017 йил 15 февралда АҚШдаги Somerville times нашрида масачусетслик сиёсатшунос Денайс Провост хоним томонидан мазкур китобга берилган тақриздир. Правост хоним ўз мақоласида янги нашр этилган китобнинг дизайни ундаги иллюстрациялардан тортиб ғазаллар жозибасини ҳам тасвирлашга ҳаракат қилади. Мақоладан иқтибос келтираман: “Бу сиз учун бир очилиш бўлади. Янги бир оламни кашф этасиз. Бу китоб жавоҳирлар тўлдирилган бир қутига ўхшайди. Менда бир катта савол туғилди бу шоир ким? Нега у ҳақида олдинроқ эшитмадим? Менинг ёшимдаги бошқа кишилар сингари асосан Ғарб дунёсини кўпроқ ўқиб ўрганганман. Лекин дунёнинг бошқа чеккасида ёзилган нодирликлар таржима орқали бизгача етиб келиши мумкин. Солеман Баркснинг хизмати ўларароқ 13-асрда Шарқда яшаб ижод қилган Румий шеърияти бизда ҳам яхши ўқилди. Бироқ, Навоий ҳақида ким эшитган?” У ўз сўзини давом этар экан, Навоийнинг нафақат шоир, балки давлат арбоби бўлгани, ўз тили учун Чосер каби курашгани ҳақида тўлқинланиб гапиради. Туркийда ёзгани учун Ғарбда унчалик танилмаган Навоий ижодининг ниҳоятда гўзаллиги, ғазал структурасидаги мусиқийлик ва сўфиёна мазмун Петрарка сонетлари мисол ўқувчини ўзига мафтун этишини таъкидлайди. Бир сўз билан айтганда, Алишер Навоий ижодини тушунганича таржима қилиб, ўз замондошларига ҳавола этаётган хорижлик таржимонлар ғазаллар ортига яширинган сўз ўйинларининг ўндан бирини кашф этолмаган бўлсалар-да, бу таржималар ўқиганларни ҳайратга солмоқда. Навоий шеърияти таржимаси соҳасида чинакам муваффақият навоийшунос олим ва хорижлик таржимон ҳамкорлиги йўлга қўйилган лойиҳаларда кўринади. Алишер Навоий ғазалиётидан бир гулдастанинг хорижда севиб ўқилаётгани, шоир асарларини таржима қилиши халқимиз учун ҳам бир туҳфа бўлди. Бугунги кун замонавий коммуникация имкониятларидан фойдаланиб, Навоийнинг 21 ғазалини инглиз тилига таржима қилиб Америкада нашр эттирган америкалик адабиётшунос олим, шоир ва ёзувчи Денис Дели билан суҳбат қилинди.

Фото: Чапдан биринчи Денис Дели

Г.Одилова: Ассалому алайкум Мистер Дели, Ўзбекистонда ҳеч бўлганмисиз?
Денис Дели:  Ва алайкум ассалом. Ҳа. Мен Ўзбекистонга саёҳат қилганман. 2001 йилда Тошкентда қизим билан учрашиб, мамлакатни айланиб чиққанмиз. У ўша пайтлар Тинчлик Корпусининг кўнгиллиси сифатида Гурланда ўзбек болаларига инглиз тилидан дарс берар эди. Биз Тошкентдан Самарқанд, Бухоро, Нукус ва Мўйноққа ҳамда  кичик-кичик туманлар ва қишлоқларга саёҳат қилганмиз. 
Г.Одилова: Сиз Алишер Навоий шеъриятидан таржималар чоп эттирибсиз. Навоий ўзбек адабиётининг энг буюк намоёндаси. Кимдир сизга айнан шу шоир ижодини таржима қилишни тавсия этдими? Ёки ўзингизга маъқул келдими, илтимос шу жараён ҳақида гапириб берсангиз.
Денис Дели: Мен Навоий ҳақида кўп ўқиган эдим. Унинг ҳаёти ва ижоди, ўша давр ҳақидаги ҳикоялар билан таниш эдим. 2001 йилда қизим Алишер Навоий ижодига мансуб баъзи ғазалларнинг инглиз тилига насрий таржималарини топди. Бу таржималарнинг сифати яхши деб айтиб бўлмасди. Лекин, мазмун орқали Навоийнинг буюклигини кўришингиз мумкин эди. Қизимнинг ўзбек, рус тилларини билиш даражаси менга Навоийнинг баъзи ғазалларини инглиз тилидаги бадиий матнини яратиш имконини берди. Мен шоир сифатида таржиманинг шеърий чиқишига эътибор қаратдим, керак жойда инглиз шеърияти техникасидан фойдаландим. Мен таржимам ҳамманикидан аъло чиққан деб даъво қилмайман. Бироқ, кам сонли таржимон ёки олимларда шоирона маҳорат бўлади. Менинг таржималарим энг аълоси бўлмаган тақдирда ҳам асосий мақсадим шоир ижодини имкон борича тезроқ америкаликларга етказиш эди. Мен аниқ ишонаманки, ҳали аслиятга яқин таржималарим олдинда.
Г.Одилова: Нима деб ўйлайсиз, Ғарб дунёси бугун Навоийни ўқиши керакми?
Денис Дели: Мен ишонаманки,  Ғарб дунёси дунёвий ишқ ва руҳий изтиробни мистик севги ва сўфизм анъаналари қоришмасида ўз шеъриятида акс эттира олган Алишер Навоийдек шоирлар ижодини ўқишга муҳтож. Алишер Навоийнинг кўп асарлари Ўрта Осиё ва америкаликлар, шунингдек, инглиз тилида сўзлашувчилар ўртасида маданий ришта бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Г.Одилова: Хорижлик китобхонлар бу китобни қандай қабул қилишди?
Денис Дели: Китоб жуда кўп жойларга, Америка Қўшма Штатларининг деярли ҳамма штатигача кириб борди. Бу ўзига хос янгилик бўлди ва ҳамма жойда китобхонлар томонидан ниҳоятда илиқ қарши олинди. 
Г.Одилова: Таржима жараёнида сиз учун энг кўп қийинчилик туғдирган ҳолат қайси бўлди?
Денис Дели: Ўйлашимча, тўпламдан ўрин олган биринчи ғазал таржимасида жуда қийналдим. Чунки, бу ғазалда нафис ишқий туйғулар остига илоҳий ишққа ишора мавжуд эди. Икки ҳолатни ҳам таржимада етказиб бериш ниҳоятда мушкул экан.
Г.Одилова: Келажакда ўзбек навоийшунослари биланг ҳамкорлик қилиб Навоий ижодини хориж тилларига таржима қилиш лойиҳаларида иштирок этишни хоҳлайсизми? 
Денис Дели: Албатта!  Ўзбек олимларининг изланишларига ҳамкорлик қилишдан  мамнун бўлардим.

Г.Одилова: 9 февраль Алишер Навоийнинг 577 йиллиги. Бу ўзбек тили ва адабиёти учун ниҳоятда катта бир байрам. Ўзбекистонликларга тилакларингиз.
Денис Дели: Ўзбекистон халқи жуда ҳам бахтли. Сабаби, маданий меросингиз Ғарбнинг тўғри маънодаги ҳасадини уйғотгудек даражада. Алишер Навоий ана шу мероснинг, адабий анъананинг катта бир қисмини ташкил қилади. Қадимий Самарқанд, ва Бухорога ўхшаган шаҳарлар жуда кам сонли давлатлардагина бор. Мен ўзбек халқига Темурийлар давридаги дунёни ҳайратга солган Реннесансдан ҳам юқоририроқ даражадаги адабиёт, архитектура ва Шарқ фалсафасасида гуркираб ўсиш ва равнақ топишни тилайман.

Г.Одилова: Раҳмат, мистер Дели! Сизга ҳам бу кун қутлуғ бўлсин. Ижодий ва илмий ишларингизда омад. Келажакда сиз билан ҳамкорликда Навоий ғазалиётидан йирик таржима лойиҳаларини амалга оширишимизга умид билдириб қоламан. Яна бир бор ўзбек халқи номидан сизга “Twenty-one ghazals by Alisher Navoiy” китоби учун чуқур миннатдорчилик билдираман.

Алишер Навоий номидаги ўзбек тили тили ва адабиёти университети Таржима назарияси ва амалиёти кафедраси мудири,ф.ф.н., Гулноза Одилова суҳбатлашди

Мавзуга оид