Жамият | 10:22 / 21.09.2019
21409
9 дақиқада ўқилади

Ходим иш ташлаш ҳуқуқига эгами? Қонунчиликдаги парадокс ҳақида

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган «Шарғункўмир» АЖда жорий йилнинг 14-15 август кунлари қарийб 200 нафар кончи иш ташлагани ҳақида маълумот тарқалди.

Табиий савол туғилади - ходим иш ташлаш ҳуқуқига эгами?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасига кўра, фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.

Лекин Ўзбекистон Республикаси қонунларида митинглар, йиғилишлар ва намойишлар ўтказиш тартиби белгиланмаган. Вазирлар Маҳкамасининг «Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарори мавжуд бўлиб, ушбу ҳужжатда фақатгина оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари белгилаб берилган. Аммо ушбу қарорда берилган оммавий тадбир тушунчаси митинг, йиғилиш, намойиш каби тушунчаларни қамраб олмаган. Ушбу ҳужжатга кўра:

оммавий тадбир — 100 ва ундан кўп кишилар иштирокида ижтимоий-сиёсий (анжуманлар, конференциялар, съездлар ва бошқалар), маданий-оммавий ва кўнгилочар-томоша дастурлари (мусиқий, адабий ва бошқа фестиваллар, концерт, театр, спорт, реклама тадбирлари, халқ сайиллари, цирк, миллий намойишлар ва ўйинлар, кўрик­танловлар ва бошқалар), шунингдек умумхалқ, диний, касб байрамларини ўтказиш мақсадида оммавий тадбирни ўтказиш объектида ташкил қилинадиган фуқароларнинг биргаликда қатнашишлари;

биринчи тоифадаги оммавий тадбир — 200 ва ундан кўп кишилар иштирокида Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказлари ҳудудида ўтказиладиган оммавий тадбир;

иккинчи тоифадаги оммавий тадбир — биринчи тоифага кирмайдиган оммавий тадбир.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 16-моддасида эса ходимнинг асосий меҳнат ҳуқуқлари мустаҳкамланган.

Унга кўра ҳар бир ходим:

ўз меҳнати учун қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг  биринчи разряди бўйича белгиланганидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ олиш;

муддатлари чегараси белгиланган иш вақтини ўрнатиш, бир қатор касблар ва ишлар учун иш кунини қисқартириш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, байрам кунлари, шунингдек ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар бериш орқали таъминланадиган дам олиш;

хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда меҳнат қилиш;

касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

иш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига ёки мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;

касаба уюшмаларига ҳамда ходимлар ва меҳнат жамоаларининг манфаатларини ифода этувчи бошқа ташкилотларга бирлашиш;

қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш;

ўзининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан суд орқали ҳимоя қилиш ва малакали юридик ёрдам олиш;

жамоаларга доир меҳнат низоларида ўз манфаатларини қувватлаш ҳуқуқига эгадир.

Булардан кўриниб турибдики, ходимнинг иш ташлаш ҳуқуқи, шунингдек, иш ташлаш даврида ходим ва иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари амалдаги қонунчилигимизда мустаҳкамланмаган. Лекин қонунчилигимизда парадокс мавжуд. Яъни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 218-моддасида тақиқланган иш ташлашга раҳбарлик қилиш ёки фавқулодда ҳолат шароитида корхона, муассаса ёхуд ташкилотлар ишига тўсқинлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, тақиқланган иш ташлашга раҳбарлик қилиш, шунингдек, фавқулодда ҳолат шароитида корхона, муассаса ёхуд ташкилотлар ишига тўсқинлик қилиш — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Демак, мантиқан ўйлаб қарасак, Жиноят кодексида тақиқланган иш ташлаш тушунчаси берилган экан, қонуний иш ташлаш ҳам мавжуд бўлиши керакми?

Амалдаги қонунчилигимизда эса қонуний иш ташлаш тушунчаси мавжуд эмас. Тақиқланган иш ташлаш тушунчасига эса ҳеч қандай шарҳ берилмаган. Мана шу парадокс эмасми!?

Тасаввур қилайлик, ходим иш ташлади ҳам дейлик. Бунинг ҳуқуқий оқибати нима бўлади? Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, амалдаги меҳнат қонунчилигида ходимнинг иш ташлаш ҳуқуқи мавжуд эмас. Демак, бундай ҳолларда ходимга меҳнат интизомини бузгани (ходимнинг иш жойида бўлмагани ёки меҳнат вазифаларини бажармагани) учун иш берувчи интизомий жазо чораларини (ҳайфсан, жарима, меҳнат шартномасини бекор қилиш) қўллашга ҳақли.

Шунинг учун ходимларга таваккилчиликка йўл қўймасдан, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текширувчи ва назорат қилувчи органлар (прокуратура, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси, касаба уюшмалари)га мурожаат қилишни тавсия қиламиз. Иш ташлайман деб, ишдан ажраб қолманг!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармонига 1-илова 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида 2019 йил 20 декабрга қадар меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Меҳнат кодексининг янги таҳририда иш ташлаш ҳуқуқи мустаҳкамланса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу Ўзбекистон қўшилган халқаро ҳужжатлар талабларига ҳам мос келади. «Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида»ги халқаро пакт (Ўзбекистон Республикаси мазкур Конвенцияга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 31 августдаги 126-I-сонли қарорига асосан қўшилган)нинг 8-моддаси d-бандига кўра Пактда иштирок этувчи давлатлар ҳар бир мамлакатнинг қонунларига мувофиқ амалга ошириладиган иш ташлаш ҳуқуқини таъминлаш мажбуриятини олади.

Бир қатор МДҲ давлатларининг меҳнат кодексларида (Қозоғистон Республикаси Меҳнат кодекси 171-178-моддалари, Россия Федерацияси Меҳнат кодекси 409-418-моддалари) иш ташлаш ҳуқуқи, иш ташлашни эълон қилиш тартиби, иш ташлаш даврида ходимларга берилган кафолатлар мустаҳкамлаб қўйилган.

Чунки иш ташлаш мураккаб жараён бўлиб, унинг ўзига хос тартиб-қоидалари мавжуд. Буни Қозоғистон Республикаси Меҳнат кодекси мисолида тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Унга кўра, иш ташлашгача бир қатор процедуралар амалга оширилиши лозим. Яъни бирданига иш ташлаш амалга оширилмайди. Ходимлар, агар яраштириш тартибида жамоавий меҳнат низосини ҳал қилишнинг имкони бўлмаган тақдирда, шунингдек, иш берувчи яраштириш тартиб-қоидаларини бажаришдан бош тортган ёки жамоавий меҳнат низосини ҳал қилиш жараёнида эришилган келишувга риоя қилмаган тақдирдагина иш ташлаш ўтказишга қарор қилишлари мумкин.

Иш ташлашни ўтказиш тўғрисидаги қарор ходимларнинг (уларнинг вакилларининг) йиғилишида (конференциясида) қабул қилинади.

Агар ходимларнинг йиғилиши ташкилот ходимлари умумий сонининг ярмидан кўпи иштирок этган бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Ходимларнинг конференцияси ходимлар томонидан сайланган делегатларнинг камида учдан икки қисми иштирок этган бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Ходимларнинг йиғилиши қарорлари қатнашчиларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Агар ходимлар йиғилишини ўтказишнинг иложи бўлмаса, ходимларнинг вакиллик органи ўз қарорини ходимларнинг ярмидан кўпидан иш ташлашни қўллаб-қувватлаш учун имзо тўплаш орқали тасдиқлаш ҳуқуқига эга.

Иш ташлашга ходимлар ваколат берган орган (иш ташлаш қўмитаси) раҳбарлик қилади. Бир хил талабларга эга бўлган бир нечта иш берувчиларнинг ходимлари иш ташлашганда, унга ушбу ходимларнинг тенг сонли вакилларидан ташкил топган қўшма орган раҳбарлик қилиши мумкин.

Иш берувчи (уларнинг вакиллари) ходимлар вакиллик органи томонидан иш ташлашнинг бошланиши ва унинг давомийлиги тўғрисида иш ташлаш эълон қилинадиган кундан беш иш кунидан кечиктирмай ёзма равишда хабардор қилиниши керак (Қозоғистон Республикаси Меҳнат кодекси
171-172-моддалари).

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, агар иш ташлаш ҳуқуқи меҳнат қонунчилигимизда мустаҳкамланса ҳам ходим, ҳам иш берувчи учун манфаатли бўлар эди. Меҳнат кодексида иш ташлаш, тақиқланган иш ташлаш тушунчаси, иш ташлаш даврида тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш ташлашни эълон қилиш тартибининг белгилаб қўйилиши турли ғайриқонуний ҳолатларнинг олдини олган бўлар эди. 

Каримжонов Муҳаммадамин
Тошкент давлат юридик университети
Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси

PS: таҳририят фикри муаллифникидан фарқ қилиши мумкин

Тайёрлаган:  Зафар Солижонов

Мавзуга оид