Жаҳон | 18:30 / 06.02.2024
4821
2 дақиқада ўқилади

Туркиядаги ҳалокатли зилзилаларга бир йил тўлди

53 мингдан ортиқ инсон зилзила қурбони бўлган, 100 мингдан ортиғи жароҳат олган эди. 

Фото: AFP/Getty Images

Туркиянинг турли шаҳарларида бир йил олдин содир бўлган даҳшатли зилзила қурбонларини хотирлаш учун маросимлар ўтказилди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди. 

2023 йил 6 феврал куни Туркия жануби-шарқида магнитудаси 7 баллдан ортиқ бўлган иккита зилзила содир бўлди (маҳаллий вақт билан соат 4:17 да – 7,7 балл ва 13:24 да – 7,6 балл). 

Зилзила эпицентри Қаҳрамонмараш вилоятида бўлди. Вайронкор зилзила қўшни давлатлар, жумладан Сурия, Ливан, Кипр ва Ироқда ҳам сезилди. 

Қаҳрамонмараш билан бирга Ҳатай, Усмония, Одиёмон, Диёрбақир, Шонлиурфа, Ғозиантеп, Килис, Адана, Малатё ва Элазиг вилоятларида ҳам жиддий вайронагарчилик ва талофатлар қайд этилди. 

Зилзила қурбонлари сони 53 537 кишини ташкил этди, яна 107 213 киши жароҳат олди. 

Қидирув ва қутқарув ишларига ёрдам бериш учун 93 мамлакатдан экипажлар етиб келди. 

Бутун мамлакат бўйлаб 7 кунлик миллий мотам эълон қилинди. Зилзиладан жабр кўрган ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Табиий офат оқибатларини бартараф этишда жами 650 минг киши, жумладан, хориждан келган 11 488 нафар, қидирув-қутқарув ишларида 35 250 нафар иштирокчи ва 142 минг хавфсизлик кучлари жалб этилди. 

350 та чодир шаҳарчада 645 минг дона, 414 та контейнер шаҳарчасида 215 минг 224 дона контейнер ўрнатилди. 

Бошқа давлатлар қатори, Ўзбекистон ҳам зилзиладан жабрланган аҳоли учун гуманитар ёрдам жўнатди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид