Спорт | 10:34 / 18.09.2025
7571
11 дақиқада ўқилади

Ливерпулда яна драма, «Бавария» «Челси»дан қасос олди. Кун ўйинлари

Кейн «Челси»ни «осмондан туширди», «Ливерпул» «Атлетико» билан ўйиннинг қўшимча дақиқаларида ғалабани илиб кетди, Симеоне мухлислар билан жанжаллашди. Сешанба оқшомида биринчи тур доирасидаги асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Фото: Robbie Jay Barratt — AMA/Getty Images

«Ливерпул» – «Атлетико» 3:2
Голлар:
Робертсон, 4 (1:0). Салоҳ, 6 (2:0). Лиоренте, 45+3 (2:1). Лиоренте, 81 (2:2). ван Дейк, 90+2 (3:2)
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Конате, Робертсон (Керкез, 86), Фримпонг (Брэдли, 58), Вирц (Нгумоха, 74), Собослаи, Гравенберҳ, Гакпо (Макаллистер, 58), Салоҳ, Исак (Экитике, 58)
«Атлетико»: Облак, Лангле, Ле Норман, Галан, Лиоренте, Галлаҳер (Молина, 61), Барриос, Гонсалес (Пубил, 77), Симеоне, Гризманн (Серлот, 61), Распадори (Коке, 52)
Огоҳлантиришлар: Брэдли, 71 – Ле Норман, 32. Лангле, 45

«Атлетико» қандай формада бўлмасин, улар доимо топ-жамоаларга жанг таклиф эта олишади. Айниқса бу — «Ливерпул» бўлса. Айниқса 2:0 ҳисобида ортда қолаётганида. Мерсисайдлик фахрийлар 2020 йил «Энфилд»да ўтказилган ўйинни ёддан чиқара бошлаганди. Салоҳ ва Робертсон ўйиннинг олтинчи дақиқасига келиб икки гол фарқини юзага келтиришди ҳамда Облакни таҳлика остида ушлаб туришди: мезбонлар биринчи бўлимнинг ўзида 16 бор зарба беришди ва учинчи голни уриш учун ҳакамдан пеналти ҳам сўрашди.

«Атлетико» эса ҳисоб 0:2 кўринишига келганини сезмагандек ўз вазиятини кутишда давом этди — ва иккита гол билан жавоб қайтарди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Лиоренте кичик Симеоненинг пасини голга айлантирди, 81-дақиқада эса рақиб жарима майдонидан қайтган тўпни эгаллаб олиб, ҳисобни тенглаштирди. Аммо бу ўйин ҳам Слот-тайм иборасиз ўтмади: қўшимча дақиқаларда ван Дейк бурчакдан оширилган тўпни бош билан дарвозага йўллаб, ғалаба голини урди. Мерсисайдликлар жорий мавсумдаги бешинчи ўйинида ҳам ўйин охирида ғалабани илиб кетмоқда (бунгача «Борнмут» билан ўйиннинг 88-дақиқасида Киеза, «Нюкасл»га қарши ўйиннинг 90+10 дақиқасида Нгумоха, «Арсенал»га қарши ўйиннинг 83-дақиқасида Собослаи, «Бёрнли»га қарши ўйиннинг 90+5 дақиқасида Салоҳ ҳам шундай ишни амалга оширганди).

Симеоне эса жамоаси дурангни сақлаб қола олмаганидан кейин маҳаллий фанатлар билан жанжаллашди ва қизил карточка олди — «матрасчилар»да инқироз давом этмоқда.

«Бавария» – «Челси» 3:1
Голлар:
Чалоба, 20 автогол (1:0). Кейн, 27 пеналти (2:0). Палмер, 29 (2:1). Кейн, 63 (3:1)
«Бавария»: Нойер, Упамекано, Та (Ким Мин Жэ, 46), Станишич (Боэ, 51), Лаймер, Киммиҳ, Павлович (Горецка, 64), Гнабри (Бишоф, 90+1), Диас, Олисе, Кейн (Жексон, 90+1)
«Челси»: Санчес, Адарабиойо, Чалоба, Кукуреля, Гюсто, Жеймс (Сантос, 68), Кайседо, Фернандес (Эстеван, 81), Палмер, Педру Нету (Гарначо, 68), Жоао Педро
Огоҳлантиришлар: Та, 29. Лаймер, 85. Олисе, 85 – Сантос, 90

Биринчи тур доирасида навбатдаги топ-рақиблар ўртасидаги тўқнашувда интригалар талайгина эди. Германиялик мухлислар 2012 йил «Алянц Арена»да Лондон жамоасига бой берилган финални ҳалигача ёддан чиқаргани йўқ. Раҳбарият ўзгарганидан кейин беқарор жамоага айланган «Челси» ниҳоят Мареска даврида туннел охирида ёруғлик кўра бошлаган, ўтган мавсумда еврокубокларда муносиб қатнаша олмаган мюнхенликлар эса Компанининг иккинчи мавсумида ҳақиқий машинага айланган. «Бавария» бу сафарги ўзаро ўйинга мутлақ фаворит сифатида етиб келди. Жамоа ўзи иштирок этаётган барча турнирларда йирик ҳисобларда ғалаба қозонмоқда, Ҳарри Кейн, Майкл Олисе, Луис Диас ва Серж Гнабридан иборат ҳужум тўртлигининг ўзи биргаликда 14 гол уришди.

Одатда топ-клублар ўзаро учрашувда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишади, «Бавария» ва «Челси» эса бундай йўл тутмади. Икки жамоа ҳам илк дақиқалардан ҳужумга ўтди ва гол бўлиши вақт масаласи эди.

Якунда мюнхенликларнинг тактикаси муваффақиятлироқ чиқди. 20-дақиқада (бу вақтга келиб лондонликлар чуқур ҳимояга ётган ва олисдан берилган зарбаларни қайтариш билан банд эди) Олисе ўнг қанотдан «Челси» жарима майдонига кириб борди ва кўпчилик футболчи тўпланиб турган марказга тўп оширдли. Унинг пасига шериклари тайёр эмасди, аммо тўп Тревор Чалобанинг оёғидан дарвоза тўрига кириб кетди.

25-дақиқада «Челси» ҳимояси яна уялтирди — бу сафар Кейн Кайседони ўзига фол ишлатишга мажбур қилди ва белгиланган пеналтини ўзи аниқ ижро этиб, ҳисобдаги устунликни таъминлади.

«Бавария» тўхташ ҳақида ўйламади ва футболчиларнинг барчаси майдонининг иккинчи қисмида ҳаракатланди. Бу эса панд берди Олисе тўп йўқотгач, меҳмонлар тезкор қарши ҳужумга чиқишди. Палмер ўзи бошлаган ҳужумни ўзи якунлади. Шундан кейин жамоалар енгил тин олишди ва биринчи бўлимда бошқа гол урилмади.

Иккинчи бўлимда ҳам мезбонлар ташаббусни қўлга олиб, қатор голли вазиятларга эга бўлишди. «Челси» эса кучли босим остида хато қилишда давом этди. 63-дақиқада «Челси» қисқа паслар билан ҳимоядан чиқишга ҳаракат қилди — Санчес тўпни ўнг қанотдаги Чалобага етказди, у Гюстони олдинга бошлади. Аммо француз ҳимоячиси тўпни яхши қабул қила олмади ва уни йўқотмаслик учун подкат билан ўз дарвозаси томон қайтарди. Аммо бу вазиятни янада оғирлаштирди — тўпга Рис Жеймсдан олдин Кейн етиб борди ва жарима майдонига кириб бориб, дублни расмийлаштирди.

Амалда Гюсто унга ассистентлик қилди — «Челси» ўтказган учта гол ҳам ҳимоядаги қўпол хатолар туфайли содир бўлди.

89-дақиқада Палмер дублни нишонлади, аммо унинг қувончи узоққа чўзилмади, вазиятга VAR аралашиб, офсайд ҳолати туфайли голни бекор қилди.

«ПСЖ» – «Аталанта» 4:0
Голлар:
Маркинос, 3 (1:0). Кварацхелия, 39 (2:0). Нуну Мендеш, 51 (3:0). Рамуш, 90+1 (4:0)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Барколя, 44’
«ПСЖ»: Шевале, Маркинос, Пачо, Нуну Мендеш (Забарний, 75), Ҳакими, Витиня, Руис (Ли Кан Ин, 55), Жоау Невеш (Рамуш, 58), Барколя, Кварацхелия (Мбай, 75), Маюлу (Заир-Эмери, 55)
«Аталанта»: Карнесекки, Хин, Жимсити (Скалвини, 75, Аханор, 85), Коссуну, Муса (Брешанини, 75), де Рон, Бернаскони, Белланова, Пашалич, Де Кетеларе (Самарджич, 46), Малдини (Крстович, 46)
Огоҳлантириш: Муса, 44

Турнирнинг амалдаги ғолиби янги мавсум стартига таркибдаги муаммолар билан етиб келди. Аммо барчаси туюлгани каби қўрқинчли бўлиб чиқмади – Дембеле ва Дуэ ҳали жароҳатини тузатаётган бўлса-да, чоршанба куни Кварацхелия ва Ли Кан Ин сафга қайтди. Ҳужум чизиғидаги йўқотишларни эса ҳимоячилар компенсация қилишди. Маркинос рақиб жарима майдони атрофида прессинг уюштирди, тўп эгаллаб олингач, Фабиан Руиснинг узатмасига етиб бориб, ҳисобни очди. «ПСЖ» сардори шу куни французлар клубида 115-халқаро ўйинини (клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳам ҳисобга олинган) ўтказиб, Стив Мандандага тегишли рекордни такрорлади.

Унинг ЕЧЛдаги голлари сонини 10 тага етказиш илинжидаги бошқа амплуадошлари ҳам ҳужумда фаол бўлишди. Аммо Нуну Мендеш яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади, Ҳакимининг зарбасидан кейин эса тўп устунга тегди. Умуман, парижликлар вазият ортидан вазият яратишди. Барколянинг голи офсайд туфайли бекор қилинди, Хвича эса ҳеч қандай ҳакам бекор қила олмайдиган қилиб гол урди. У тўпни жарима майдонигача олиб борди ва тўпни устун ёнидан дарвоза тўрига киритди. Бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Барколянинг яна бир бор омади келмади, пеналтидан жуда оддий зарба бериб, Карнесеккини доғда қолдира олмади.

Энрикенинг танаффусдаги кўрсатмаларидан кейин Барколя ниҳоят голли ҳаракат амалга ошириб, Мендешнинг голига ассистентлик қилди. Ундан тўпни қабул қилиб олгач, португалиялик ҳимоячи рақиблардан бирини финт билан йўлдан олди ва яқин бурчакка йўллаган зарбаси билан дарвозабонни доғда қолдирди. Ўйинга иккинчи бўлимда қўшилган Рамуш эса ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда ўз голини урди ва таблода «ПСЖ»га хос ҳисоб порлай бошлади. «ПСЖ» йил бошидан буён урилган голлар сони бўйича тенгсиз — 133!

«Аякс» – «Интер» 0:2
Голлар:
Тюрам, 42 (0:1). Тюрам, 47 (0:2)
«Аякс»: Ярош, Итакура (Шутало, 84), Бас, Вайндал, Гоэи, Классен, Тэйлор (Макконнелл, 63), Регер (Глух, 76), Годтс (Моро, 76), Эдвардсен, Вегҳорст (Долберг, 63)
«Интер»: Зоммер, Аканжи, Бастони, де Врей, Ҳоқон Чалхонўғли (Сучич, 86), Мхитарян (Фраттези, 69), Барелла (Карлос Аугусту, 79), Димарко (Зелиньски, 79), Дюмфрис, Тюрам (Бонни, 86), Эспозито
Огоҳлантиришлар: Бас, 73 – Тюрам, 17. Мхитарян, 67

Амстердамдаги ўйинда «Интер» аввалига олов билан ўйнашди, Тюрам эса аввалига оқшомнинг энг омадсиз ўйинчиси бўлишга даъвогарлик қилди. Француз ҳужумчиси қулай вазиятда туриб узоқ бурчакни нишонга олди ва имкониятни қўлдан чиқарди, кўп ўтмай VAR туфайли у ишлаган пеналти бекор қилинди. Бас Тюрамни жарима майдони ичида йиқитишдан олдин, унинг ташқарисида Маркуснинг ўзи рақибига нисбатан қоида бузгани ойдинлашди. «Аякс» эса қарши ҳужумда вазиятга эга бўлди, Годтс узун пас билан яккама-якка вазиятга чиқариб юборилди.

Зоммер «нерадзурри»ни қутқариб қолди, шундан сўнг Тюрам ўзига кела бошлади. Ҳоқон Чалхонўғлининг биринчи бўлим охиридаги ва иккинчи бўлим бошидаги иккита бурчак зарбаси – ииккинчи қават"дан берилган иккита бенуқсон зарба. Тюрамга қадар «Интер» сафида ЕЧЛда фақатгина Эрнан Креспо бош билан дубл қайд этганди. Француз миланликларга муҳим ғалаба келтирди ва Кристиан Кивуга босимни олиб ташлади.

«Славия» – «Буде-Глимт» 2:2
Голлар:
Мбоджи, 23 (1:0). Мбоджи, 74 (2:0). Басси, 78 (2:1). Фет, 90 (2:2)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Хег, 54’
«Славия»: Станек, Зима, Мбоджи (Хасиока, 77), Холеш (Халоупек, 18), Зафейрис, Провод, Садилек (Чам, 90+8), Дорли, Дудера, Кушей (Шранц, 90+8), Хори (Хитил, 77)
«Буде-Глимт»: Ҳайкин, Бертуфт, Гундерсен (Рийснес, 65), Алеесами (Нилсен, 85), Севолд, Берг, Эукленн (Фет, 74), Эвен, Ҳауге, Йергенсен (Басси, 46), Ҳег (Ҳелмерсен, 74)
Огоҳлантиришлар: Мбоджи, 69. Хитил, 90 – Бертуфт, 45. Алеесами, 79. Берг, 85

«Олимпиакос» – «Пафос» 0:0
«Олимпиакос»: Пасхалакис, Пирола (Бянкон, 75), Рецос, Ортега, Родиней (Коштиня, 61), Дани Гарсия (Музакитис, 46), Эссе (Пневмонидис, 75), Шикиню, Поденсе, Стрефецца (Торимий, 46), Ал-Кааби
«Пафос»: Михаил, Давид Луиз (Пилеас, 33), Голдар, Люккассен, Шунич, Драгомир (Андерсон Силва, 85), Пепе, Бруну, Жоау Коррейа (Ланга, 76), Димата (Оршич, 33), Жажа (Сема, 76)
Огоҳлантиришлар: Дани Гарсия, 20. Пирола, 36. Торимий, 72 – Бруну, 15. Ланга, 88
Четлатиш: Бруну, 26 (иккинчи сариқ)

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид