Жамият | 11:43 / 26.06.2020
19273
8 дақиқада ўқилади

Ромитанда тадбиркор газ муаммоси туфайли корхонасини 5 йилдан бери ишлата олмаяпти. Ҳоким унга тўрт таклиф берди

Бухорога сафаримиз давомида биз учун энг жиддий, муҳим мурожаатлардан бири шу эди. Чунки гап бу ерда «йилига бир неча миллион АҚШ долларига тенг экспорт қиламан», деган тадбиркор ҳақида бормоқда. Аризада ёзилишича, унга адолатсизлик қилинган, фаолиятига тўсқинлик бўлган.

Ромитан туманида жойлашган «BUXORO QORAKO‘LI G‘AYRAT» МЧЖ раҳбари Қурбон Сафаров бизни бугун фаолияти тўхтаб, ташландиқ ҳолатга келиб қолган корхонаси билан таништириш учун олиб борди. Туманнинг «Ўтабек» маҳалласида жойлашган ушбу цех абгор ҳолатда. Ҳовли янтоқзор, ускуналар ишламай эскириб боряпти, бинолар нураяпти. Бу ерда тадбиркорнинг шашти ва режаларигина эскирмаган, холос.

«2005 йилда туман ҳокимига мурожаат қилиб, «Ўтабек» маҳалласидан ер олдим. Ўша ерда ҳамкор инвесторлар билан биргаликда Қоракўл тери хом ашёсини қайта ишлаб, қишлоқ аҳолисидан юзга яқин ёшлар бандлигини таъминладим. Қурилиш-монтаж ишларига 1 млн 35 минг АҚШ доллар сарфладик.

«Ромитангаз» корхонаси билан жамиятимиз ўртасида 2014 йил 1 майда 54-сонли шартнома имзоланган бўлса-да, 2015 йил апрелидан табиий газ етказиб беришни бутунлай узиб қўйишди. Натижада, цехларимизда иш тўхтади. Ишланаётган хом ашё бузилиб, қорайиб қолди. Шу сабабли инвесторлар билан 3 млн АҚШ долларга яқин икки ва уч томонлама имзоланган толлинг ва олди-сотди шартномалар мажбуриятини бажаролмай қолдик. Ишчиларим ишсиз қолди, мен эса катта зарар кўрдим», дейди Қурбон Сафаров.

Шундан сўнг «BUXORO QORAKO‘LI G‘AYRAT» МЧЖ раҳбари корхонани яна оёққа қўйиш учун ҳаракат бошлайди.

Шу мақсадда бир неча марта туман газ идорасига мурожаат қилади, наф бўлмайди. 2018 йил 8 октябрда Ромитан туман прокуратураси ҳам тадбиркорнинг ишини рад қилади. Ўша йилнинг 26 октябрида Бухоро туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилади. 4 декабрь куни бўлиб ўтган суд қарори ҳам Қурбон Сафаровнинг зарарига хизмат қилади, у ютқазади. Тадбиркор тўхтамайди.

Суд қароридан норози бўлиб, Бош прокуратурага, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатасига бир неча марталаб илтимоснома, талабнома мазмунида хат жўнатади. Аммо масала туман прокуратурасига келганда, яна тўхтаб қолади. Ромитан прокуратураси сўнгги марта 2020 йилнинг 7 февралида яна бир марта тадбиркорнинг ишини рад қилади.

Бироқ тадбиркор тўхтамайди, ҳозир ҳам тўхтаган эмас. «Ўтабек» маҳалласида фаолиятини давом эттириш аҳдида тураверади. Ўзига табиий газ етказиб берилишини талаб қилаверади.

«Жорий йилнинг 5 мартида Бош прокурор Н.Йўлдошев билан видеоконференция орқали мулоқот қилдим. У киши менга расман жавоб берилишини маълум қилди. Аммо мана, яна уч ой ўтди, менга жавоб берилмади», дейди Қ.Сафаров.

Қурбон Сафаровга суд қарори ҳам унинг фойдасига ҳал бўлмаганини эслатдик. Йўқ, «ҳаммаси бир ёқлама кўрилди», деб туриб олган.

Фаолияти тўхтаб қолган цех ҳолатига қараб, «Сиз шу ерда ишлаб чиқаришни давом эттира оласизми? Саноат муҳити бўлмаган чекка жойда қандай ишни йўлга қўймоқчисиз», деб сўрадик. «Мен шу соҳага умримни сарфладим. Илмим, тажрибам етарли. Ёшимга қараманг, юрагим ёниб турибди, ишласам дейман. Агар ҳозир менга табиий газ етказиб берилса, бир йилда 10 миллион АҚШ долларгача экспорт қила оламан», дейди Қ.Сафаров.

Шу ўринда бир ҳолатни айтиб ўтмасак, инсофдан бўлмайди. Айни вақтда тадбиркор талаб қилаётган ўша табиий газ ҳудудда яшаётган аҳолига ҳам етказиб берилмаяпти. Содда қилиб айтганда, «Ўтабек» аҳолиси суюлтирилган газ истеъмолчисига айланганига ҳам бир неча йил бўлди.

Савол туғилади: аҳолига етиб бормаётган табиий газ қандай қилиб тадбиркорга етказиб берилсин? Қурбон ака «Корхонам билан «Ромитангаз» ўртасида шартнома бор. Шу ҳужжатдаги талаблар бузиляпти, цехим яна ишлаб кетса, маҳалланинг ёшларини ишга оламан-ку, барибир шу ердагиларга фойдам тегади», дея вазиятни изоҳлаяпти. Хуллас, ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор.

Тан олайлик, бугун ҳокимлар сиёсатига, фаолиятига уларнинг замонавий дунёқараши, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаши, экспортга қўшаётган ҳиссаси билан баҳо бериляпти. Хўш, нега унда Ромитан тумани ҳокими бу тадбиркорни қўллаб-қувватламаяпти? Ахир экспорт қиламан, меҳнатдан қочмайман, деб турган тадбиркор бўлса?

Ромитан тумани ҳокими Х.Тоҳировга шу каби саволларимизни бердик.

«BUXORO QORAKO‘LI G‘AYRAT» МЧЖ раҳбари Қурбон Сафаров билан бир неча марта гаплашганман. У киши билан боғлиқ бўлиб турган муаммодан тўла хабарим бор. Аммо бир ҳақиқатни тан олайлик: Қурбон аканинг корхонаси жойлашган ҳудуд аҳолисига ҳам табиий газ етиб бормаяпти.

Бош вазир ўринбосари томонидан 2013 йил 18 мартда тасдиқланган «Республика газ таъминоти тизимини 2013–2015 йиллар давомида истиқболли ривожлантириш ва мавжуд тизимни янада такомиллаштириш Дастури»га асосан 2014 йилдаёқ «Ўтабек» аҳолиси ҳам огоҳлантирилган ва суюлтирилган газга ўтган. Қолаверса, судда ҳам Қурбон аканинг даъвоси рад этилган.

Аммо бу билан тадбиркорнинг муаммоси мутлақо ечимсиз, дейишга ҳаққим йўқ. Мен у кишига ўзим бир нечта таклифларимни берганман ва ҳозир ҳам шу таклифларим ўз кучида турибди.

Биринчидан, «BUXORO QORAKO‘LI G‘AYRAT» МЧЖни Ромитан-2 саноат нуқтасига кўчиришни таклиф қилдим. Корхона ушбу ҳудудга кўчирилса, тадбиркор керакли миқдордаги қувурларни олиб беради, туман газ филиали бошчилигида монтаж ишлари ҳомийлик асосида қилиб берилади.

Иккинчидан, айни вақтда цехга уланадиган саноат нуқтаси 11,5 км узоқликда жойлашган бўлиб, шу яқин ҳудудда фаолият юритаётган «Замон» МЧЖ ғишт ишлаб чиқариш корхонаси томонидан 7 км масофага газ трубалари тортиб келинган. Қолган 4,5 км масофани шерикчилик асосида тортиб келиши бўйича таклиф бердик.

Учинчидан, агар цех саноат ҳудудига кўчирилмаган тақдирда, ўша жойнинг ўзида муқобил ёқилғи (кўмир, мазут) асосида ишлайдиган котёллар ишлатилиши ҳам мумкин. Бу бўйича ҳам ўзим ёрдам бераман.

Тўртинчидан, тадбиркорга ўз фаолиятини давом эттириши учун тумандаги саноат корхоналари яқинидан газ босими яхши бўлган ҳудуддан ер майдони ажратишни таклиф қилганман.

Қурбон ака истаган таклифимизни қабул қилсин. Ишлайман, тадбиркорлик қиламан, деган одам ўзимизга ҳам керак. Мен у кишини қўллаб-қувватлашга тайёрман», дейди Ромитан тумани ҳокими Х.Тоҳиров.

Очиғи, икки томон ҳам ўзини ҳақ, деб турган вазиятда кимгадир ён босишдан ёмони йўқ. Айнан бу ерда кимнинг ҳақ эканлиги ҳақидаги хулосани ўқувчига қолдирганимиз маъқул. 

Аммо тан олиш керак, вақт аввало Қурбон аканинг зарарига ишлаяпти. У ўтган беш йил давомида ўзининг таъбири билан айтганда, нафақат даромаддан қуруқ қоляпти, балки ишга бўлган иштиёқи ҳам сўниб боряпти. Агар саноат ҳудудида тасаввуримиздагидек, яъни, сув, газ, электр таъминоти, транспорт хизмати каби масалалар кўзда тутилган бўлса, тадбиркорнинг ўша ҳудудга кўчиши фаолияти учун ҳар томонлама қулайлик яратган бўларди.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.

Тайёрлаган:  Исомиддин Пулатов

Мавзуга оид