Жамият | 08:31 / 27.06.2020
4120
6 дақиқада ўқилади

Қўқон қишлоқ хўжалиги ва технологиялар техникуми ташкил этилади

Қўқон қишлоқ хўжалиги ва технологиялар техникуми фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Қўқон қишлоқ хўжалиги ва технологиялар техникуми фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Хўжаев), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Мажидов), Фарғона вилояти ҳокимлиги (Ғаниев)нинг Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Қўқон шаҳридаги Уста-бозор кўчаси, 92-уй манзилида жойлашган Қўқон махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежи негизида Қўқон қишлоқ хўжалиги ва технологиялар техникумини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Техникум қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш технологияси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини стандартлаштириш ва сертификатлаш, органик маҳсулотлар етиштириш агротехнологияси, агромаркетинг ва логистика, товаршунослик, ўсимликлар ҳимояси ва карантини каби таълим йўналишлари бўйича малакали мутахассислар тайёрлашга ихтисослаштирилади.

Техникумда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб янгидан ташкил этиладиган таълим йўналишлари рўйхати тасдиқланади.

Қўқон қишлоқ хўжалик ва технологиялар техникуми фаолиятини самарали ташкил этиш учун:

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Хўжаев), Молия вазирлиги (Ишметов) билан биргаликда Жаҳон банкининг “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида ажратиладиган имтиёзли кредитлар ҳисобидан 1,85 млн. долларни техникум биноларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун йўналтиради;

Молия вазирлиги (Ишметов) давлат бюджетидан 630 млн. сўм, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш агентлиги боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш жамғармасидан ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги узумчилик ва виночиликни ривожлантириш жамғармасидан 1,4 млрд. сўм, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси 1 млрд. сўм ажратади.

Қуйидагилар Техникумнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

қишлоқ хўжалиги соҳаси ва тармоқлари учун таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи 5-даражаси билан уйғунлашган миллий профессионал стандартларга мос ўрта махсус маълумотли кадрлар тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш;

қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегиясида соҳа ва унинг тармоқларида яқин истиқболда ва келажакда амалга ошириладиган вазифалар, жорий қилинадиган замонавий технологияларни ҳисобга олган ҳолда назарий билим ва амалий кўникмаларни пухта эгаллаган малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш;

қишлоқ хўжалиги ва унинг тармоқлари учун кадрлар тайёрлашнинг узлуксизлиги ва узвийлиги асосида ўрта махсус профессионал таълим даражасида кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган уч йиллик (Associate degree) дастурлар асосида кадрлар тайёрлаш;

ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш, фан дастурларида замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ва ресурстежамкор илғор технологиялар, хусусан қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, агробизнес, маркетинг, логистика, агробиология, қишлоқ хўжалиги ва органик маҳсулотларни етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш бўйича зарурий билим, кўникма ва малакаларни шакллантириш;

хорижий ва миллий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида, илғор тажриба ва технологияларга эга ишлаб чиқариш корхоналарида педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этиш;

ўқувчиларнинг касбий лаёқат, кўникма ва малакаларини ривожлантириш ҳамда илғор технологиялар асосида фаолият юритаётган хўжалик субъектларида уларнинг амалиётларини ташкил қилиш, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциялашувини таъминлаш;

ўқувчиларни ватанпарварлик ва фидойиликни шакллантирувчи миллий ўзликни англаш, халқнинг миллий, маданий, тарихий анъаналарига ҳурмат, ватан билан ғурурланиш руҳида тарбиялаш.

Белгиланишича:

Техникумга ўқувчиларни қабул қилиш параметрлари 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб кадрлар буюртмачилари бўлган давлат ва хўжалик бошқарув органлари, хўжалик бирлашмалари, йирик иш берувчиларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжлари асосида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан шакллантирилиб, тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этилади;

Техникумга ўқувчиларни қабул қилиш жараёни олий таълим муассасаларига тест синовлари натижалари эълон қилингандан сўнг таълим муассасасининг қувватидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади. Бунда, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари топшириб, кириш учун етарли балл тўплай олмаган абитуриентларнинг баллари давлат тест маркази маълумотлар базасидан олинган ҳолда таққосланиб, Техникумнинг тегишли таълим йўналишларига мос равишда баллар кетма-кетлигида ўқишга қабул қилиш амалга оширилади;

Техникум Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ҳисоб варақларига эга бўлади;

Техникумни жорий сақлаш, фаолият юритиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва кадрлар тайёрлаш харажатлари Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, кадрлар буюртмачилари бўлган давлат ва хўжалик бошқарув органлари, хўжалик бирлашмалари, йирик иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

Техникум агросаноат мажмуига кирувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, кластерлар, кооперациялар, йирик корхоналарнинг буюртмалари асосида кадрларнинг малакаларини оширади ва қайта тайёрлайди;

Техникум директори Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали директори тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид