Ўзбекистон | 21:31 / 27.08.2024
12302
2 дақиқада ўқилади

Президент 1 миллион хонадон иситиш тизимини энергия тежамкорига алмаштириш вазифасини қўйди

Шавкат Мирзиёев 27 август куни энергия тежамкорлигини таъминлаш, муқобил қувватлардан фойдаланишни кенгайтириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда қайд қилинишича, жорий йил бошида ҳудудларда электр энергияси ва табиий газни тежаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланган эди. Давлат раҳбарининг июлда Фарғона вилоятига ташрифи чоғида ушбу режани илмий асосланган ҳолда 2 баравар ошириб бажариш йўллари кўрсатиб ўтилди. Таъкидланишича, подстанциялардаги трансформаторлардаги юкламани тенг тақсимлаш, сув насосларига хизмат кўрсатувчи трансформаторга реактив қувват батареялари ўрнатиш орқали электр энергияси сарфини тежаш мумкин. Шунингдек, хонадонлардаги эскирган «горелка»ни энергия тежамкорига алмаштириш, иситиш тизимини изоляция қилиш ҳисобига газни иқтисод қилса бўлади. Шу тарзда, 1 миллион хонадон иситиш тизимини энергия тежамкорига алмаштириш вазифаси қўйилди.

Давлат раҳбари йирик истеъмолчиларнинг бор-йўғи 25 фоизида замонавий газ тежовчи ускуналар ўрнатилганига алоҳида тўхталиб, вилоят ҳокимликлари ва Энергоинспекция мана шундай масалалар билан шуғулланиши кераклигини таъкидлади. Йирик газ истеъмолчиси бўлган корхоналарда илмий-техник асослар билан энергия тежамкор технологиялар ўрнатиш бўйича топшириқ берди.

Президент фармонига асосан, Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси – Ўзэнергоинспекция Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди. Бу унинг имкониятлари ва иш самарадорилигини ошириши таъкидланмоқда.

Энергия самарадорлигини таъминлашда яна бир манба бу – қуёш. Айрим вилоятларда муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш суст экани кўрсатиб ўтилди. Тегишли мутасаддилар қатъий огоҳлантирилди.

– Муқобил энергия манбаларини ўрнатиш бу – давлат сиёсати, – деди президент.

Йиғилишда вилоят ҳокимлари, энергетика тармоқлари раҳбарлари ҳудудларда электр энергияси ва табиий газни тежаш чора-тадбирлари юзасидан ҳисобот берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид