Жаҳон | 14:39 / 14.12.2025
7410
8 дақиқада ўқилади

Зеленский фронт чизиғида, Трамп ҳаммадан хафа — ҳафта дайжести

Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 14 декабр, якшанба. Кўз тегмасин, бу ҳафта кўп ёмғир ёғди. «Чархпалак» филмидагидек шаррос қуймаган бўлса-да, ҳеч бўлмаса ҳавони намлаб турди. Сезгандирсиз, ҳаво анча тоза бўлди. Энди бемалол сомса ва кабоб есак бўлар. Лекин барибир сомсачилар тандирни, кабобчилар қўрани эҳтиёт қилинг. Биз доимгидек ҳафтанинг энг муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Трамп ҳаммадан хафа

Оқ уй расмийсига кўра, Америка президенти Трамп Россиядан ҳам, Украинадан ҳам хафа экан. Эмишки мистер Трамп «номигагина ўтаётган учрашувлардан» норози экан.

«Президент учрашув учун ўтказиладиган учрашувлардан безор бўлди. У фақат гап эмас, ҳаракат истайди. АҚШ маъмурияти охирги бир неча ҳафта ичида россияликлар, украиналиклар ва европаликлар билан мулоқотларга 30 соатдан ортиқ вақт сарфлади», деди Трампнинг матбуот котиби Кэролайн Левитт хоним.

Мистер Трамп, бир одам урушни тугашини истамас экан, у давом этаверади, урушни тугатиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Бу одам ким эканини яхши биласиз. Урушнинг кетиши, унинг жамияти урушга кўниккани, қўзғолон учун ҳеч қандай хавф йўқлиги бу инсонни борган сари хотиржам қилмоқда. У урушни истаганича давом эттиради. АҚШ янги маъмуриятининг ҳозирги ҳолатида, албатта. Вашингтон урушни фақат Украина мағлубияти эвазига тугатмоқчи, Киев табиийки бунга кўнмайди.

Оқ уйда бўлинишми?

Европаликлар ва АҚШ делегацияси ўртасидаги учрашувда Вашингтон делегациясида бўлиниш кузатилгани ҳақида хабарларга кўзингиз тушган бўлса керак. Трампнинг дўсти Уиткофф жамоаси бир томон, давлат котиби Рубио жамоаси бир томон. Охирги вақтларда бу бўлиниш яққол сезила бошлади. Катта эҳтимол урушни тугатиш бўйича музокаралар чўзилиб кетганининг сабаби ҳам мана шу — Вашингтон аниқ, ўзгармас таклиф бера олмаяпти.

Ғарб нашрларининг ёзишича, Трамп маъмуриятида бўлиниш кўпчилик ўйлаганидан ҳам жиддий, маъмурият музокаралар масаласида икки эмас, уч гуруҳга бўлинган дейишмоқда: Уиткофф ва Кушнер жамоаси, Рубио жамоаси, армия вазири Дрисколл жамоаси.

Америка нашрларига кўра, Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет армия вазири Дэн Дрисколлни Украина бўйича музокаралардан четлаштиришга эришган. Ҳегсет вице президент Венснинг синфдоши Дрисколл Украина бўйича музокаралар орқали Трампнинг ишончига киришга интилаётганидан хавотирда экан. Эсингиз бўлса, Украина бўйича «Трамп тинчлик режаси»ни айнан Дрисколл Киевга кўтариб борганди. Россияга эса учрашув учун Уиткофф ва Кушнер борди. Европаликлар билан Рубио гаплашмоқда. Ана шунақа чалкашлик.

Бундан шундай хулосага келиш мумкин: Трамп маъмуриятида ҳокимият учун зимдан кураш бошланган. Венс ўзини кейинги номзод деб билади, синфдошини музокараларга тиқиштиради, Ғазода дом қуриб сотишни ўйлаётган Уиткофф президент куёвини ҳам ёнига олиб Трампга энг ишончли одамдек кўринишга интилади. Булардан ажралиб турадиган интеллигент дипломат Рубио нима қиларини билмай туради.

Зеленский Купянскка борди

Украина президенти Володимир Зеленский Харкив областидаги Купянск шаҳрига борди. Путинга бу шаҳар эгаллаб олингани ҳақида камида икки марта ҳисобот беришганди. Украина томонига кўра, «Хартия» гуруҳи шаҳарда муваффақиятли қарши ҳужум ўтказиб, рус қўшинларини қуршовга олган. Зеленский шаҳар чеккасидаги Купянск стелласи ёнидан туриб видеомурожаат йўллади.

«Купянскдаман, бу ерда жангчиларимиз натижага эришмоқда. Россия Купянск ҳақида кўп нарса гапирганди, мана, кўряпмиз. Бордим ва йигитларни қутладим. Украинага шон-шарафлар бўлсин», деган Зеленский.

AI’чилар — йил одами

Time журнали ҳар йили қилган меҳнатларига қараб йил одамини аниқлаб боради. Бу гал журнал сунъий интеллект архитекторларини эътироф этди. Журнал муқовасига Meta раҳбари Марк Цукерберг, AMD бош директори Лиза Су, xAI, SpaceX ва Tesla раҳбари Илон Маск, Nvidia раҳбари Женсен Хуан, OpenAI раҳбари Сэм Алтман, DeepMind бош директори Демис Хассабис, Anthropic раҳбари Дарио Амодей ва ImageNet асосчиси Фей-Фей Ли жойлаштирилди. Уларнинг барчаси пўлат тўсин устида ўтирибди, тасвир 1932 йилда олинган «Осмонўпар бинодаги тушлик» суратига ишора қилади.

Мен Time йил одами сифатида танлайдиган барча номзодларни ҳам қўлламайман, лекин би йил журнал чиндан адолатли танлов қилди деб ўйлайман. Сунъий интеллект анчадан бери мавжуд нарса, уни ҳаммамиз ҳар куни ишлатиб келардик, телефон, компютерларимиз сунъий интеллектнинг бир кўриниши аслида. Лекин бу йил чиндан сунъий интеллект буткул бошқа даражага кўтарилди, у инсон учун чегараси кўринмас имкониятлар эшигини очди. Бу хизматлари учун суратдаги даҳолардан миннатдор бўлсак арзийди. Жоҳил инсонлар ер учун одам ўлдираётган, мансаб учун пора бераётган, ҳашамат учун одамларнинг пулини ўмараётган бир вақтда бу даҳолар дунёни ўзгартирмоқда. Яшасин даҳо инсонлар.

Қора денгиз энди хавфсиз эмас

Ҳафта давомида Украина Қора денгиздаги Россия кемаларига ҳужумларни давом эттирди. Қора денгиз флотини деярли урушга яроқсиз ҳолатга келтирган Украина энди Россия тижорий кемалари, нефт ва бошқа маҳсулот ташийдиган кемаларига ҳужум қилмоқда. Россия Украинанинг сувусти дронларига қарши ҳамон ҳеч нима қилолмаяпти. Қора денгиз эндиликда тижорат учун хавфли ҳудудга айланди, бу денгизда сузадиган юк кемаларини суғурталаш нархи уч бараварга ошди.

Россияда Қрим олинишининг энг биринчи сабаби сифатида «Қора денгиздаги ҳукмронликни» келтиришади. Давлат очиқчасига бунақа демайди, албатта, уруш тарафдорлари орасида шу қараш машҳур. 2014 йилгача ҳам Қримда Россия қора денгиз флоти бор эди, жуда кучли флот эди, унинг кемаларига ҳеч ким ҳужум қилмасди. Ҳозир бу флот, унинг жарангдор номдаги кемалари қаерга кетди? Бу саволга уруш тарафдорлари жавоб беролмайди. Чунки Украина уруш даврида Қора денгиз флотининг жуда кўп кемаларини оддий чилангарлар ясаган сувусти дронлар билан йўқ қилди.

Уруш ана шунақа нарса, азизлар. Одам тирик қолиш учун курашаётганда ҳеч ким ақлига сиғдира олмайдиган ишларни қилиши мумкин.

Украинада сайлов

Ҳафта давомида Доналд Трамп кўп марта Украинада сайлов ўтказилиши керак деб таъкидлади. Бир интервюда бу давлатда анчадан бери сайлов бўлмагани, бу демократияга зид эканини айтди. Бу Москванинг, айнан Путиннинг риторикасини эслатади. Путин Зеленскийни нолегитим, сайланмаган президент деб аташни яхши кўради. Киев эса табиийки уруш даврида сайлов ўтказмасликка ҳаққи бор деб ҳисоблайди.

Бу гал Зеленский уруш даврида сайлов ўтказишга тайёрлигини айтди. Хавфсизлик таъминланса, Украина ўққа тутилмаса, сайлов ўтказишга қарши эмасман, деди. Менимча, ҳозир сайлов ўтказилса, Зеленский ғолиб бўлишига шубҳа йўқ, Трамп ҳам шунга ўхшаш гап айтди. Чунки «Миндич иши» кутилганидек резонанс бермади, Зеленский вазиятдан яхши чиқиб кетди. Буданов, Залужний каби ҳарбийлар ҳам энди олдинги каби машҳур эмас, медиа оламда Зеленский якка ҳукмрон. Шу боис у сайлов ҳақида ишонч билан гапирмоқда.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси — Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид