Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ярми ёпиқ бюджет» – Пахтачида ажратилган пулнинг ярми ҳокимият биқинидаги ғорат қилинган паркка кетадими?
Бугун ўзбекистонликлар орасида энг машҳур сайт Openbudget.uz бўлса ажаб эмас. Қаергаки борманг, одамлар мактаби, маҳалласи, кўчаси обод бўлиши учун овоз йиғишни ўрганиб олган. Аммо гуруч ортидан сув ичишга интилаётган курмаклар ҳам борки, улар турли найранглардан фойдаланмоқда.
Халқнинг «кўзини очган» лойиҳа
Сўнгги йилларда кўча-кўйда, жамоат транспортида ҳам кўпчилик «Open budget»га овоз бериш масаласини гапириб, кимлардир тарғиб қилмоқда. Лойиҳага бефарқ бўлмаганлар нима қилиб бўлса ҳам ўз қишлоғи, маҳалласидаги лойиҳа ғолиб бўлиши пайида.
Бу йилга келиб жуда кўпчилик мактаблар, касалхона ва ҚВПлар нега «Open budget»га киритилгани ҳақида савол бера бошлади.
Яъни одамларимиз мактаб ва касалхоналарни давлат ўз вақтида таъмирлаб қўйиши керак-ку, деган хулосага келиши учун нақ 32 йил керак бўлди. Энди одамлар давлат бюджетидаги пуллар ўзиники эканини аста-секин англай бошлади. Тез орада одамларимиз биз интилаётган фуқаролик жамиятидаги энг асосий саволни ҳам бера бошлайди: «Хўш, бюджет пуллари қаерга сарфланяпти?»
Хуллас, «Open budget» сайти халқимизнинг асосий муаммоларини лакмус қоғозидек кўрсатмоқда: йўллар ёмон, ичимлик суви етиб бормаган, электр кўп ўчади – трансформатор ва симёғочлар керак, мактабларда ўқиш учун, касалхоналарда даволаниш учун шароит йўқ...
Лойиҳанинг ўтган икки мавсумида одамлар шунчалик кўп муаммосини ҳал қила олдики, натижада «Open budget» вирус каби жуда оммалашиб кетди. Одамлар ўз фаоллиги эвазига давлатдан аслида ўзига тегишли бўлган пулни ўз умумий муаммосини ҳал қилиш учун олиш мумкинлигига ишона бошлади.
Аммо халқнинг пули тақсимланаётган бу лойиҳадаги барча таклифларни ҳам жўяли деб бўлмайди. Қуйида мана шундай бир мисолни келтирамиз.
Тутуриқсиз уч лойиҳа
Самарқанд вилояти Пахтачи туманига «Open budget»нинг учинчи мавсуми учун жами 7,2 миллиард сўм ажратилган. Бу эса ўртача 10 та лойиҳа учун етарли пул. Яъни бир туманда лойиҳанинг бир мавсуми давомида 10 та кўча обод бўлиб қолиши мумкин, дегани. Аммо овоз бериш якунларига кўра бунақа бўлмади.
Гап шундаки, Пахтачи туманида овоз бериш натижалари бўйича «кучли бешлик»дан биргина истироҳат паркнинг учта таклифи ўрин олган. Масалан, туман марказидаги «Зиёвуддин ёшлар боғига «Висилые горки» (ташкилотчилар «Весёлые горки» деб ёзмоқчи бўлишган), аттракцион уйингоҳи (ўйингоҳ ёзмоқчи бўлишган) қуриш керак» деган лойиҳа учун Пахтачи тумани «обод бўлишини истаган» 4622 жонкуяр овоз берган ва натижада лойиҳа овоз беришда туман бўйича учинчи ўринни олиб ғолиб бўлди. Бу лойиҳа учун ташкилотчи Ботир Алиев 1,2 миллиард сўм берилишини сўраган, худди шунча пул тасдиқланган.

Пахтачи бўйича тўртинчи ва бешинчи ўринларни ҳам худди шу – Зиёвуддин ёшлар боғига алоқадор лойиҳалар эгаллади. Хусусан, «Зиёвуддин ёшар богини ободонлаштириш, кукаламзорлаштириш ва куча чироклар куйиш керак» (Зиёвуддин ёшлар боғини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва кўча чироқлари қўйиш керак, деб ёзмоқчи бўлишган) лойиҳаси учун ҳам 1,2 миллиард сўм сўралган бўлиб, бу лойиҳага «3758 жонкуяр пахтачилик» овоз берган.

Қизиғи, бу парк учун яна битта аттракцион сотиб олиш лойиҳаси ҳам халқнинг пули тақсимланадиган «Open budget» учинчи мавсумига таклиф сифатида киритилган. «Зиёвуддин ёшлар боғига Маятник карусел атракцион уйингохини (аттракцион ўйингоҳини демоқчи бўлишган) қуриш керак» лойиҳасига «4410 киши» овоз берган.

Шу тариқа, бир туман учун ажратилган 7,2 миллиард сўм пулнинг 3,6 миллиарди, яъни тенг ярми туман ҳокимлиги биқинидаги парк учун иккита аттракцион сотиб олиш ва боғни гўёки ободонлаштириш учун сарфланадиган бўлиб турибди.
Шу ўринда соғлом фикрловчи одамда саволлар туғилади: давлатнинг пули нега паркка аттракцион сотиб олиш учун ишлатилиши керак? 13 мингга яқин одам тумандаги йўлларнинг ҳолатини билган ҳолда қанақасига бу лойиҳаларга овоз берган бўлиши мумкин?
Ҳисоб-китобдан хабари бор одамларда эса бошқача жиддийроқ савол пайдо бўлади: бу икки аттракцион қанақа матоҳ бўлдики иккаласи 230 минг доллардан қимматроқ турса?!
Ва энг асосийси, халқ пулига қуриладиган парк ва аттракционлар у фойдаланишга топширилгандан кейин халққа бериладими, ундан фойдаланиш текин бўладими?
«Қувноқ бўса» учун 1,2 миллиард сўм?!
Аввало аттракционлар нархидан бошласак. Alibaba интернет дўконида «Маятник» аттракциони 20 минг, 23 минг, 33 минг, 35 минг ва энг зўрлари 50 минг доллардан сотилмоқда. Яъни ҳозирги курс билан ҳисоблаганда киройи «Маятник» 568 миллион сўм тураркан. Аммо лойиҳада бунинг учун 1,2 миллиард сўм сўралган. Аттракционни ўрнатиб берадиган пайвандчига 632 миллион сўм беришмас?

«Весёлые горки» аттракциони эса ҳозир «модадан қолган» эски аттракцион бўлгани учун уни электрон сотувдан топиш ҳам қийин. Аммо бу матоҳ 1,2 миллиард сўм турмаслиги аниқ ва катта эҳтимол «Маятник»дан ҳам арзон.
Парк бўйича учинчи лойиҳа эса бутунлай мавҳум – кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш, кўча чироқлари ўрнатиш. Кўкаламзорлаштириш учун ажратилган қанчадан қанча пуллар «туя қилингани»ни биламиз. Шундай экан, йўллар абгор ҳолатда бўлган вақтда халқнинг пули бунақа мавҳум нарсаларга сарфланиши ғалати ҳолат.
Боғ чиндан кўкаламзор эди
Пахтачи тумани марказидаги «Ёшлик» боғи бир вақтлар чинакам кўкаламзор маскан бўлган. Google сунъий йўлдоши олган суратда ҳам бу боғ 2009 йилда ям-яшил дарахтзор бўлганини кўриш мумкин. Ҳозир эса боғда тўртта арча сарғайиб ўзини ўзи соя қилолмай турибди.
Энди Пахтачи туманидан «Open budget»га киритилган ва Зиёвуддиндаги парк лойиҳасидан пастда турган жўяли лойиҳаларга қарасак. Масалан, 6-ўринда қолиб кетган Боймат қишлоғидаги 2,5 км йўл чиндан таъмирталаб ва бу лойиҳа учун 950 миллион сўм сўралган. 3,2 мингга яқин одам овоз берган лойиҳа охир-оқибат танловдан ўта олмаганида, ташкилотчилар паркка аттракцион олишни таклиф қилганларнинг «ёқасидан олса» арзирди. Чунки муаммо жиддийлиги бойматликлар илова қилган суратлардан кўриниб турибди. Яхшики бу лойиҳа ғолиблар орасига кира олди.

Пахтачидаги овоз беришда 17-ўринни олган лойиҳани олайлик. Қарнабота ва Чашма маҳаллаларидаги умумий 2350 метр масофани асфалтлаштириш лойиҳаси фақат 800 та овоз тўплаган ва табиийки ғолиб бўла олмаган.

Ёки бўлмаса Пахтачидаги Қоратепа маҳалласи фаоллари жойлаган лойиҳадаги мана бу трансформаторнинг аҳволига эътибор беринг. Маҳалладаги учта кўчанинг электр таъминотини яхшилаш учун 3 дона трансформатор, 110 дона бетон устун ва 5 км кабел тармоғини янгилаш сўралган. Аммо бу лойиҳа атиги 352 овоз олиб, қолиб кетди.
Ушбу лойиҳада яна бир қизиқ жиҳат бор. Лойиҳа муаллифи Феруз Тоғаев 3 та трансформатор, 110 та столба ва 5 км кабел учун 500 миллион сўм етади деб ҳисоблаган. Ташкилотчилар эса шунча нарса учун негадир 190 миллион сўм маблағни тасдиқлаган. Биринчидан, таклиф қилинган лойиҳа учун 190 миллион сўм ҳеч қанақасига етмайди. Иккинчидан, нега чиндан бир неча баробар кўп пул сўралган аттракцион лойиҳаси тасдиқлаб қўяверилган?
Пахтачидаги бу қолиб кетган лойиҳаларни бежиз келтирмаяпмиз. Гап шундаки, ўша туман марказидаги аттракцион ва хиёбонни таъмирлаш учун берилган 13 минг овоз мана шу чиндан муҳим бўлган лойиҳалар амалга ошиши учун етарли эди. Нимага ишора қилаётганимизни тушунгандирсиз: туман ҳокимлиги олдидаги хиёбон учун давлат идораларида овоз йиғиш «ҳашари» ўтказилмаганига ким кафолат беради? Ахир бунақасига кўп гувоҳ бўляпмиз-ку?
Бу мақоладан кўзлаган мақсад шуки, «Open budget» ташкилотчилари қўйилаётган лойиҳаларни обдан текшириб кейин сайтга жойлашлари керак. Бўлар-бўлмас лойиҳаларга халқнинг пулини увол қилиш ёки кимнидир бой қилиш керак эмас. Яна бир гап, келаси мавсумдан лойиҳадан мактаб, ҚВП, касалхона ва бошқа шундоғам давлат қилиб қўйиши керак бўлган таклифларни умуман олиб ташлаш мантиқдан бўлади. Халқ пулини халққа зарур ишларга сарфлаш керак. Пахтачидаги парк учун қўйилган учта лойиҳа эса бекор қилиниб, 3,6 миллиард сўм пул кейинги ўринлардаги, одамларга чиндан керак бўлган лойиҳаларга сарфланиши адолатдан бўлади.
Ўткир Жалолхонов
Мавзуга оид
18:26
“Ташаббусли бюджет”да янгиликлар. Шерикчилик тартиби белгиланди
15:16 / 14.10.2025
Солиқлар вақтида тўланган маҳаллаларга «Ташаббусли бюджет»да қўшимча маблағ ажратилади
20:20 / 11.09.2025
“Ташаббусли бюджет”да 35 та лойиҳа қўшимча ғолиб деб топилди
10:23 / 06.09.2025