Light | 20:25 / 31.10.2018
65418
6 дақиқада ўқилади

Миокард инфаркти – унинг хуружидан қандай ҳимояланиш мумкин?

KUN.UZ томонидан “Соғлом ҳаёт” лойиҳаси давом этади. Олий тоифали шифокор, кардиолог Камола Ғуломова билан миокард инфаркти хасталиги, уни келтириб чиқарувчи омиллар ва касалликдан кейинги давр ҳақида суҳбатлашдик.

Youtube'да кўриш

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Mover'да кўриш (tas-ix)

— Миокард инфаркти — ўткир ҳолат, юрак ишемик касаллигининг клиник шакли, тўлиқ ёки қисман қон етишмовчилиги натижасида юрак мускул тўқимасининг (миокард) некрози (ўлими) туфайли юзага келади. Бу бутун юрак-қон томир тизими фаолиятининг бузилишига олиб келади ва беморнинг ҳаётини хавф остига қўяди. Миокард инфарктининг асосий ва энг кўп тарқалган сабаби — юрак мушагини қон билан ва шунга мос равишда кислород билан таъминлайдиган тож (коронар) артериялардаги қон оқимининг бузилиши ҳисобланади. Кўпинча бундай бузилиш артериялар атеросклерозининг фонида юзага келади ва унда томирларнинг деворида атеросклеротик пилакчалар (бляшкалар) пайдо бўлади. Ушбу пилакчалар тож артериялари бўшлиғини торайтиради ва томир деворларининг шикастланишига ҳисса қўшади, бу эса тромб ва артериал стеноз шаклланиши учун қўшимча шароитларни яратади. Миокрад инфаркти кўп одамларнинг ҳаётига зомин бўлади. Шу боис жуда тезкорлик билан ҳаракат қилиш керак,- дейди Камола Ғуломова.

Камола Ғуломова

Инфаркт қаердан келиб чиқади?

Ишемик касаллик инфарктга айланиши учун баъзан ҳеч қандай қўзғатувчи омиллар керак бўлмайди: шунчаки уйқудан уйғониб, ўриндан туришнинг ўзи етарли. Стресс ёки ноодатий жисмоний ҳаракатда юрак хуружи хавфи ошади.

Бу инфаркт эканини қандай билиш мумкин?

Асосий белги — кўкрак қафасидаги кучли оғриқ, бу баъзан чап қўл, чап елкада ҳам кузатилади. Оғриқ ҳар хил бўлади: кўкрак қафаси сиқилади, қизийди. Оғриқ билан бирга қўрқув ҳам қамраб олади, инсон тинчини йўқотади.

Инфаркт турига қараб фарқланувчи бошқа белгилар ҳам мавжуд:

• Худди астма касаллигида кузатилгани каби инсонга ҳаво етишмайди, нафасни енгиллаштирувчи препаратлардан беморнинг аҳволи яхшиланмайди;

• Одам заифлашади, рангпарлашади, қўл ва оёқлари музлайди;

• Аритмия ривожланади;

• Қорин оғрийди, кўнгил айниши кузатилади;

• Инсон мувозанатини йўқотади, ҳолсизланади, инсульт белгилари пайдо бўлади.

Юрак хуружи рўй бердими ёки йўқ - шифокорлар ЭКГ ёрдамида аниқлашлари мумкин.

Миокард инфарктини даволаш усуллари

Беморда миокард инфаркти шубҳа қилиниши мумкин, агарда:

• Кўкрак орқасида кучли ёниш ҳисси билан кечадиган оғриқ сезилса, 5-10 дақиқадан кўпроқ давом этади;

• Оғриқ вақт ўтиши билан, тинч ҳолатга ўтгандан ёки нитроглицерин қабул қилгандан сўнг тинчимайди;

• Оғриқ кучли ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, бош оғриғи ва бош айланиши билан бирга келади.

Агар миокард инфарктидан шубҳа қиладиган бўлсангиз, дарҳол тез ёрдамга қўнғироқ қилинг ва беморга ёрдам беришни бошланг. Беморга дастлабки ёрдам қанча барвақт берилса, якун шунча ижобий бўлади. Юракка тушадиган юкни камайтириш керак, шунинг учун беморнинг бошини бироз кўтариб ётқизиш керак. Тоза ҳавонинг киришини таъминлаш ва беморни тинчлантиришга ҳаракат қилиш лозим, тинчлантирувчи препаратлар берса бўлади. Агар қўл остида бета-блокатор гуруҳидаги препаратлар мавжуд бўлса, беморга чайнаш учун (айнан чайнаш учун, бўлмаса самара бермайди) 1 дона таблетка бериш керак. Агар бемор бу дори-дармонларни мунтазам қабул қилиб келган бўлса, унда дори-дармоннинг навбатдан ташқари дозасини қабул қилиши керак бўлади. Оғриқни камайтириш учун беморга аналгетик дори бериш лозим. Агар юрак тўхташи гумон қилинса (ҳушдан кетиш, нафас олиш тўхташи, пульснинг йўқлиги ва ташқи қўзғатувчиларга жавоб қайтармаслик) дарҳол реанимация чораларини (сунъий нафас бериш ва юракни билвосита массажи) бошлаш зарур. Агар бемор ҳушига келмаса, муолажаларни шифокорлар келгунига қадар давом эттириш керак.

Миокард инфарктининг асоратлари

— Миокард инфарктининг асоратлари ҳар доим организмнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Албатта, бу миокарднинг зарарланиш майдонига боғлиқ. Миокард инфарктига учраган беморларда кўпинча юрак ритмининг бузилиши ривожланади. Миокард некрози ва чандиқ ҳосил бўлиши туфайли юракнинг қисқариш қобилияти пасаяди ва натижада юрак етишмовчилиги ривожланади.

Юракнинг кўп шикастланиши ва катта чандиқлар ҳосил бўлиши натижасида юрак аневризми — беморнинг ҳаётига таҳдид солувчи ва тезкор даволашни талаб қилувчи ҳолат пайдо бўлиши мумкин. Аневризм нафақат юракнинг фаолиятини ёмонлаштиради, балки қон тромби ҳосил бўлиши эҳтимолини оширади ва унинг ёрилиши хавфи ҳам катта бўлади, - дейди шифокор.

Юрак хуружидан қандай ҳимояланиш мумкин?

Юрак хуружи кўпроқ 50 ёшдан ошган кишиларда қайд этилади. Шунингдек, оила аъзоларида юрак хуружи кузатилган ёш эркаклар ҳам хавф гуруҳидадир.

Бундан ташқари, чекиш, спиртли ичимликлар истеъмоли, юқори қон босими, ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш ва камҳаракат ҳаёт тарзи ҳам юрак билан боғлиқ жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Инсон кам ҳаракат қилса, охир-оқибат ҳар қандай жисмоний ҳаракат унга ортиқчалик қилиши мумкин.

Генетика, ёш ва жинс билан баҳслашиб бўлмайди, ҳаёт тарзимизни эса ўзимиз танлаймиз. Бу профилактиканинг жуда зерикарли рецепти бўлиши мумкин, лекин бошқалари иш бермайди!

Қайси шифокорга мурожаат қилиш лозим?

Миокард инфарктига ўхшаш аломатлар сезилганда тез ёрдам чақиринг. Юрак касаллигига чалинган беморни даволашни кардиолог олиб боради, у шунингдек, касалликдан кейин реабилитация ва диспансер кузатувини амалга оширади.

Мавзуга оид