Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тупроқхўр, елимхўр ва шамхўрлар - нега баъзи одамлар еб бўлмайдиган нарсаларни егиси келади?
Еб бўлмайдиган нарсаларни ейишга хоҳиш – Пика синдроми деб аталади. Дунё бўйича бу синдром қанча одамда кузатилиши аниқ эмас, сабаби кўпчилик буни касаллик деб ҳисобламайди ва шифокорга мурожаат қилиб ўтирмайди.
Ирландиялик 20 ёшли Мери олов ёқишда ишлатиладиган ўт ёққичларни ейиш одатидан яқиндагина қутулди. Ўт ёққич – зич шаклда ишланган махсус ўт олдиргичлар бўлиб, улар асосан ёғоч ва кўмир кабиларни ёқишда ишлатилади. Мерининг айтишича, у ўсмирлигида ҳар 6 ойда бир қути ўт олдиргични еб тугатган. Имтиҳонлари мавсумида эса 3 ҳафтага борар-бормас битта қутини тугатиб қўйган.
Меридаги бу ҳолат Пика синдроми деб аталади. У ноозиқ-овқат маҳсулоти бўлган нарсаларни ейишдан иборат овқатланишнинг бузилиши ҳисобланади. Аммо Пика ҳолатида ҳам Мерининг кейси анчайин ғаройиб. Қизнинг ўзи ҳам "мен худди ўзим каби ҳолатга тушган бирор кимни учратмадим. Интернетдан изласам, заҳарланиш ҳолатидаги ишонч телефонлари ёки ўт ўчиргич ёнганда ҳидлашни яхши кўрадиган ҳомиладорлар тоифалари чиқади. Аммо айнан уларни мен каби ейдиган кимдир топилмаган", дейди.
Пика — тумшуғида ноодатий нарсалар олиб юриши билан танилган ўзимиз билган оддий қарғанинг лотинча аталиши. Пика синдроми, асосан, болалар ўртасида кўпроқ учрайди. Мерида эса у 9 йил олдин (11 ёшида) бошланган. "Бошида қаламларнинг учидаги ўчирғич қисмини чайнардим, қоғоз ва шам мумини ердим. Буларнинг ҳаммаси Пика жамоаларида кенг тарқалган", дейди Мери. Қиз бензин ҳидини ҳам ёқтирган. Ота-онаси ёнилғи қуйиш шохобчасида тўхтаганда тушиб бензин ҳидлашни яхши кўрган. Қиш пайтлари эса ўзи ўтин ёқишни ёқтирган. 11 ёшида ҳаётида содир бўлган стрессли воқеадан кейин олов ёқиб ўтирганда ўт олдиргичларининг ҳидига қизиқиб, улардан татиб кўради.
Пиканинг одамлар орасида қанчалик кенг тарқалганини айтиш қийин. Сабаби бу ҳолат етарлича ўрганилмаган ва у ҳақида ҳисоботлар ҳам кам. АҚШнинг Индиана штатида жойлашган Пурдуе университети психология ва овқатланиш бузилиши бўйича тадқиқотчиси Мелинда Картнинг қайд этишича, Пика атамасининг бир нечта кўринишлари бор. Катталар кўпинча ўзларининг ноодатий нарсалар ейишини тан олишни ҳам хоҳламайди.

2022 йилда 2,4 минг одам иштирокида ўтказилган немис тадқиқотида иштирокчиларнинг 5 фоизида камида битта бўлса ҳам Пика ҳолати содир бўлгани, бир фоизида эса бу такрорий экани аниқланди.
Картнинг таъкидлашича, пика ақлий бузилиш ёки мия шикастланиши бўлган одамларда мия фаолияти нормал бўлган одамларга қараганда кўпроқ учрайди. Болаларда бу ҳолат аутизм билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Яна пика синдромининг ёшларда кўпроқ кузатилишига катталарнинг ўз ҳолатларига даво изламасликлари сабаб ҳам бўлиши мумкин.
Пика синдромига дуч келган одамларнинг бўр, қалам учини, гипс, муз ва тупроқ ейишлари кўпроқ кузатилади. Бу синдром айнан нималардан келиб чиқиши унинг қанчалик кўп учрашига оид рақамлар каби маълум эмас. Бошқа овқатланиш бузилиши ҳолатлари каби Пика синдромида ҳам иккита айнан бир-бирини такрорлайдиган симптомли одамни топиш қийин.

Пиканинг кузатилиши руҳий бузилиш билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Депрессия ва бошқа руҳий ҳолат бузилишларида ҳам содир бўлади деган қарашлар бор. Баъзи руҳий ҳолат бузилишларида мияда серотонин гормони камаяди. Бундан келиб чиқиб, мияда серотонин камайиши Пика синдромига сабаб бўлади деб айтиш мумкин.
Ноодатий нарсаларни ейишга минераллар етишмовчилиги ҳам сабаб бўлиши ҳақида узоқ вақтлардан бери қайд этиб келинади. Одамлар баъзида танга, батария каби хавфли нарсалардан тортиб, тупроқ ва хом маккажўхори крахмалига ҳам хоҳиш билдириши мумкин.
Халқаро саломатлик бўйича профессор Сера Янгнинг айтишича, Пика синдромли одамлар ёқтирадиган гил минг йиллардан бери тиббий доривор мақсадида ишлатилади. Юзлаб ҳайвон турлари уларни истеъмол қилади. Масалан, қушлар гилни истеъмол қилганда у токсинларни ҳазм қилишга ёрдам беради. Гил одамларга ҳам шу кўринишда фойдали бўлиши мумкин. Лекин хавотирли жойи у темир моддасини ҳам сўриб олади ва шунинг учун ҳам Пика синдроми кўпинча анемия билан боғланади.
Сера Янг Танзания қирғоқларида ҳомиладорлик даврида анемия мавзусида илмий изланиш олиб боради. Уни аёлларнинг “Ҳомиладор бўлишимиз билан тупроқ егимиз келади”, дейишлари ҳайрон қолдиради. Сера Янг уни ҳам қуёшда қизиб турган тупроқни татиб кўришга ундаган аёлни эслайди.
Унинг айтишича, юқори даромадли давлатларда ҳам кўп аёллар тупроқ татиб кўришади. Бу, асосан, ҳомиладорлик, микроэлементлар етишмовчилиги, айниқса, камқонлик билан боғлиқ. Ва камқонликни кучайтириб юбориши билан хавфли.
Тупроқ истеъмол қилиш қанчалик зарарли экани ҳақида ўйланганда биринчи жавоб унинг истеъмол дозаси билан боғлиқ. Агар жуда кам миқдордаги истеъмол (бу ҳам айрим одамлар учун) фойдали бўлса, доимий ва кўп истеъмол қилиш хавфли. Баъзан тупроқда радиоактив моддалар, баъзан эса бошқа зарарли нарсалар бўлади. Ўтган йили Буюк Британия Соғлиқни сақлаш агентлиги болаларда қўрғошин билан заҳарланиш ҳолатларини кўриб чиққанда заҳарланганларнинг 76 фоизида Пика синдроми борлиги аниқланади. Болалар, асосан, тупроқ ёки бўёқ сабаб заҳарланганди.
Мавзуга оид
17:55 / 13.01.2026
Иссиқхоначилик соҳаси қайта кўриб чиқилади. Бунинг учун Лойиҳа офиси очилмоқда
13:23 / 10.01.2026
Ҳудудлар рейтинги: озиқ-овқат ишлаб чиқаришда Тошкент шаҳри етакчи бўлди
16:52 / 02.01.2026
Эртанги кун технологияси – бугун. Супер замонавий 5-авлод иссиқхонасига саёҳат
15:20 / 27.12.2025