Жаҳон | 16:34 / 05.09.2018
9951
2 дақиқада ўқилади

«Фукусима» радиациясидан биринчи ўлим ҳолати қайд этилди

Фото: AFP

Япония ҳукумати биринчи марта 2011 йилда «Фукусима» атом электр станциясидаги авариядан сўнг сизиб чиққан радиация оқибатида инсон нобуд бўлиши ҳолатини қайд этишди. Бу ҳақда Reuters Соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳоли ижтимоий таъминоти вазирлиги вакилларига асосан хабар бермоқда.

Идорадан хабар беришларича, 50 ёшдан ошган эркак ўпка саратони туфайли вафот этган. У «Фукусима»да авариядан сўнг камида икки марта бўлган ва турли атом электр станцияларида ишлаган. Унда онкологик касаллик 2016 йил февралида аниқланган. Марҳумнинг оиласига товон пули тўлаб берилади.

Расмий маълумотларга кўра, радиация таъсири туфайли «Фукусима»нинг тўрт ишчиси хасталанган, бу улар орасида биринчи ўлим ҳолати, дея аниқлик киритишди вазирликдан. Бундан ташқари, станцияда авария содир бўлганидан кейин, яна уч ишчи ҳалок бўлди, аммо бу радиациядан бўлмаган.

Атом электр станциясида содир бўлган воқеадан сўнг, 160 мингдан зиёд киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди. Қочқинлар орасида ўлим даражасининг кескин ўсиши кузатилди, бироқ расмийлар қурбонларга эвакуация, руҳий жароҳатланиш ва тиббий ёрдамдан фойдаланмаслик билан изоҳ беришган. Ҳукуматнинг билдиришича, радиация бевосита ўлимга олиб келмаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид