Ўзбекистон | 15:06 / 24.05.2019
5391
6 дақиқада ўқилади

Қурилиш соҳасига «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими жорий этилади

Фото: 123RF

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Қурилиш соҳасига “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда айтилишича, таҳлил натижаларига кўра қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлашда янги ёндашувларни ишлаб чиқишни талаб қилишда бир қатор камчиликлар аниқланди, шу жумладан:

биринчидан, қурилиш ишларининг шаффофлиги таъминланмаганлиги ва манфаатдор шахслар ва жамоатчилик томонидан қурилиш ишларининг боришини кузатиш имкониятининг мавжуд эмаслиги;

иккинчидан, қурилиш меъёрларига тўлиқ риоя қилмаслик, қурилиш ишларини бажариш устидан назоратнинг етарли даражада эмаслиги ва шартномалар шартларини бажариш буюртмачиларнинг катта зарарига олиб келаётганлиги;

учинчидан, қурилишга рухсат бериш жараёнлари ва юқори инвестицион хатарлар билан боғлиқ муаммоларнинг мавжудлиги рақобатни ривожлантиришга тўсқинлик қилади, бу эса охир-оқибатда уй-жойларнинг якуний қийматига сезиларли даражада таъсир қилади;

тўртинчидан, маблағлардан нотўғри фойдаланиш, қурилган объектларни ўз вақтида топширмаслик, паст сифатли материаллардан фойдаланиш, қурилиш ишларига касбий бўлмаган ходимларни жалб қилиш республика бюджети маблағлари, мақсадли жамғармалар ва буюртмачиларнинг ортиқча харажатларига олиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Молия вазирлигининг қурилиш соҳасига “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича таклифларига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини жорий этишнинг асосий мақсадлари этиб белгиланади:

марказлашган манбалар жумладан, давлат бюджети ва инвестиция маблағлари ҳисобидан қуриладиган ҳар бир объектларга юқори технологиядаги видеокузатув тизимини ўрнатиш орқали Интернет тармоғида реал вақт режимида тасвирини кўриш имкониятини берувчи ягона платформалардан фойдаланган ҳолда қурилиш лойиҳаларини бошқаришни таъминлаш;

тизимдан фойдаланган ҳолда қурувчилар ва бошқа манфаатдор шахсларни, шунингдек муайян қурилиш лойиҳалари бўйича аҳолини қизиқтирган саволларига жавоб олишлари мумкин бўлган қурилишнинг батафсил маълумотлари, шартнома тафсилотлари, тўлов ҳолати, қурилиш жараёнлари ва бошқалар ҳақида ахборот бериш;

қурилиш ишларини бошланишидан тугатилгунига қадар барча молиявий харажатларни бошқариш, шу жумладан қурилиш жараёнининг барча иштирокчиларига хизмат кўрсатиш сифатини баҳолаш тизими (KPI)га асосланган ҳолда меҳнат ҳақларини тўловларини амалга оширишни мониторинг қилиш;

инсон ресурсларини бошқаришни таъминлашда электрон кадрларни бошқариш тизими фойдаланган ҳолда уларнинг иш фаолияти самарадорлигини ошириш;

ҳар бир объект бўйича шаҳарсозлик ҳужжатлари базасини шакллантириш;

“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаш орқали жамоатчилик томонидан самарали мониторинг қилиш имконини берган ҳолда қурилиш ишларининг етарли даражада сифатли қурилиши ва маблағлардан мақсадли фойдаланишни таъминлаш.

Қурилиш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида фойдаланиш бўйича регламент ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун тақдим қилади.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви агентлиги билан биргаликда:

2020 йил 1 июнга қадар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини ишлаб чиқсин ва Тошкент вилоятида уй-жой қурилиши жараёнида тажриба сифатида ишга туширади;

2021 йил 1 январга қадар тажриба натижаларига кўра, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида реал вақт режимида ишлашини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг “Қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази”ни давлат муассасаси шаклида ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

автоматлаштирилган ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларини яратиш, ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, қурилиш соҳасида ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини яратиш ва қўллаб-қувватлаш;

Қурилиш вазирлиги фаолиятида илғор ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

Қурилиш жараёнининг барча иштирокчилари учун босқичма-босқич BIM технологиясини миллий ахборот тизимига интеграция қилинишини таъминлаш;

марказлаштирилган молиялаштириш манбаларидан, жумладан инвестиция лойиҳалари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларда қурилиш жараёнини мониторинг қилиш бўйича ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

Қурилиш вазирлиги ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини ривожлантириш чораларини кўриш, уларни бошқа давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;

Қурилиш вазирлиги ахборот хавфсизлиги таҳдидларини ўз вақтида аниқлаш ва унга қарши курашиш, ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини назорати ва мониторингини амалга ошириш, ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича техник инфратузилмани жорий этиш ва ривожлантириш;

Ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларидан фойдаланиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш юзасидан Қурилиш вазирлиги ходимларининг малакасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

турли хил ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун ягона “Қурилиш вазирлиги Дата марказ” ташкил қилиш, юритиш ва ривожлантириш.

Марказни молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

кўрсатилган хизматлар натижасида олинган даромадлар;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари, шунингдек, Қурилиш вазирлиги томонидан Марказни қўллаб-қувватлаш учун топширилган мол-мулклар;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид