Жамият | 18:47 / 28.03.2021
8071
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда йиллик 3,3 млрд куб метр табиий газ босимини ошириш қувватига эга станция ишга тушди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Зеварда” конидаги сиқув компрессор станцияси ишга туширилди.

Миришкор туманида жойлашган “Зеварда” конидаги сиқув компрессор станцияси паст босимли газларни ўзлаштиришга мўлжалланган.

Мазкур объектнинг очилиш маросимида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев иштирок этди.

Умумий қиймати 75,8 млн. доллар бўлган ушбу лойиҳа Президент Шавкат Мирзиёевнинг “2017-2021 йилларда углеводород хомашёсини қазиб олишни кўпайтириш Дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг ижросини, яъни кондаги қолдиқ газ ва конденсат захирасини максимал даражада қазиб олиш мақсадида амалга оширилди.

Қурилиш ишлари “Enter Engineering” (Сингапур) компанияси томонидан амалга оширилди. Замонавий газ-турбина ускуналари ва компрессорлар “Baker Hughes General Electric” (АҚШ), “Моторсич” (Украина), “Akcelik” (Туркия), “Denair Energy” (Хитой) компаниялари томонидан етказиб берилди.

– Янги сиқув компрессори станцияси йилига 3,3 млрд куб метр табиий газ босимини ошириш қувватига эга бўлиб, газ таркибидаги суюқ компонентларни ажратиб олиш учун газни комплекс тайёрлаш қурилмасига етказиб беришга хизмат қилади. Кунлик қўшимча 1,5 млн. куб метр газ қазиб олишга эришилади. Ушбу сиқув компрессор станциясининг иккинчи босқичи иккита агрегат орқали “Зеварда” кони қудуқларининг саноат миқёсидаги паст босимли табиий газлари босимини кўтариб, “Зеварда” сиқув компрессор станциясига узатиб беради. Бу орқали табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини оширишга эришилади. Ўз навбатида, лойиҳани амалга оширишда иштирок этган хорижий компанияларнинг ҳамкорлиги, ёрдамини ҳам эътироф этишни истардим, – деди “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев.

“Зеварда” кони ва ундаги қудуқларнинг жорий ҳолатида Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан 2,27 млрд. куб метр табиий газ ва 46,6 минг тонна газ конденсати қазиб олинади.

“Зеварда” кони 1968 йилда очилган бўлиб, дастлабки табиий газ захираси 305 млрд. куб метрни ҳамда конденсат захираси 18 млн. тоннани ташкил қилган. Конни ишлатиш давомида 136 та қудуқ бурғуланиб, ҳозирги кунда 82 та қудуқ ишлатилмоқда.

Таъкидлаш керак, “Зеварда” конини ишлатиш жараёнида қатлам ва қудуқ устки босимининг кескин тушиб бориши натижасида 2007 йилда 1-сонли сиқув компрессор станцияси ишга туширилганди.

Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев қурилмани ишга туширишга рухсат берди.

Мазкур объектни барпо этиш натижасида “Зеварда” конидаги табиий газ қазиб чиқариш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда назорат қилиниши таъминланди.

 

Журналист Исомиддин Пўлатов
Оператор ва монтаж устаси Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид