Ўзбекистон | 17:02 / 14.08.2025
2183
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Франция элчисини “Дўстлик” ордени билан тақдирлади

Ўзбекистон президенти мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлаётган Франция элчиси Орелия Бушезни қабул қилиб, икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун унга “Дўстлик” орденини топширди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 август куни мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлаётган Франциянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушезни қабул қилди.

Давлат раҳбари Франция элчисининг самарали фаолияти ҳамда икки давлат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Бўлиб ўтган олий даражадаги ўзаро ташрифлар Ўзбекистон–Франция ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилгани таъкидланди.

Кейинги йилларда товар айирбошлаш 4 баробар кўпайди, Франциянинг етакчи компания ва ташкилотлари билан умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Таълим, соғлиқни сақлаш ва маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида муҳим дастурлар амалга оширилмоқда. Лувр музейи ва Араб дунёси институтида кўргазмалар катта муваффақият билан ўтди.

Париж шаҳри яқинида Беруний ҳайкали очилди. Франция пойтахтидаги кўчага Самарқанд номи берилди. Жорий йилда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–Франция университети ўз ишини бошлайди.

Шавкат Мирзиёев учрашув якунида элчи Орелия Бушезга Ўзбекистон ва Франция ўртасида дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун “Дўстлик” орденини топширди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид