Ўзбекистон | 20:15 / 14.06.2022
23849
2 дақиқада ўқилади

Диний таълим муассасалари учун қабул санаси ва талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати эълон қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2022/2023 ўқув йили учун қабул санаси ва талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхатини эълон қилди.

Фото: Тошкент ислом институти

Маълум қилинишича, жорий йилдаги ўқув мавсумида абитуриентларнинг ҳужжатлари офлайн шаклда таълим муассасаси қабул ҳайъати томонидан қабул қилинади.

Хусусан, ўрта махсус ислом таълим муассасаларида — 2022 йил 20 июндан 10 июлгача (шу куни ҳам соат 18:00 гача) ҳужжатлар қабул қилинади. Абитуриентлардан талаб қилинадиган ҳужжатлар:

  • таълим муассасаси раҳбари номига ариза;
  • паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
  • маълумоти тўғрисида аттестат ёки диплом (асл нусхаси);
  • 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (охирги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши керак);
  • чет тили билиши тўғрисидаги сертификат (маълумоти тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган чет тилидан бошқа хорижий тил бўйича тест топширувчилар учун) асл нусхаси.

Олий диний таълим муассасалари – Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасида ҳужжатлар 2022 йил 20 июндан 20 июлгача (шу куни ҳам соат 18:00 гача) қабул қилинади. Ушбу таълим муассасаларига қандай ҳужжатлар топширилиши ҳақида маълумот берилмаган.

Ҳадис илми мактабида 2022 йил 20 июндан 10 июлгача (шу куни ҳам соат 18:00 гача). Талаб қилинадиган ҳужжатлар:

  • таълим муассасаси ректори номига ариза;
  • паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
  • ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) асл нусхаси;
  • 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ҳамда орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);
  • «Ягона олимпиада» танлови дипломи (танловда 1-, 2- ва 3-ўринни эгаллаган иштирокчилар учун).
Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид