Ўзбекистон | 11:25 / 13.05.2023
5564
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ЭҲМ учун яратилган дастурлар ва маълумот базалари рўйхатдан ўтказилади 

Адлия вазирининг "Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базасини расмий рўйхатдан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатда айтилишича, қоидаларнинг янги таҳрири билан жисмоний ва юридик шахсларга қўшимча қулайликлар яратилмоқда. Хусусан:

ЭҲМ учун яратилган дастурларни ва маълумотлар базаларини расмий рўйхатдан ўтказиш учун текшириш муддати 30 кундан 10 кунга қисқартирилмоқда;

Ўзбекистон Республикаси жисмоний ва юридик шахслари томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати талаб қилинмаслиги белгиланмоқда;

ЭҲМ учун яратилган дастурларни ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказиш учун талабномаларни ахборот тизими орқали топшириш жараёни батафсил ёритилмоқда;

ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасининг расмий рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома электрон шаклда QR-код билан тасдиқланиб юборилиши назарда тутилмоқда.

Қоидаларда қўлланилган айрим сўзлар ва атамалар Ўзбекистон “Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида”ги қонунда кўрсатилган сўзлар ва атамалар мос келмаслиги боис қонун билан бирхиллаштирилмоқда ва эскирган тушунчалар янгиланмоқда.

Шу билан бирга, текшириш жараёнининг самарадорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида агар талабнома ҳужжатлари хорижий тилда бўлса, уларнинг илова қилинган давлат тилидаги таржимаси нотариал тартибда тасдиқланиши лозимлиги белгиланмоқда.

Мавзуга оид