Жаҳон | 18:12 / 02.04.2024
9101
9 дақиқада ўқилади

Купянскдаги вайроналар ва Бучада хотира тадбирлари. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 768-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Белгород кун давомида икки бор ўққа тутилди. Биринчи зарба оқибатида тўққиз киши жароҳатланган.
  • Харкив мэри Игор Терехов шаҳар ўққа тутилиши оқибатида амалда барча муҳим энергетика инфратузилмалари вайрон бўлганини маълум қилди.
  • Россия мудофаа вазирлиги РФ қуролли кучлари яна битта Abrams танкини йўқ қилгани ҳақида хабар берди.
  • Киев шаҳри маъмурияти маълумотига кўра, йил бошидан буён Россия қўшини шаҳарга 180 дан ортиқ ракета ва дронлар билан зарба берган.
  • Украинада ҳарбий ҳолат жорий қилинган вақтда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бўлган ҳарбийларни демобилизация (хизматдан бўшатиш) қилиш бошланди.
  • Эстония мудофаа вазирлиги европалик ҳарбийлар украин ҳарбийларини ўқитиш учун Украинага юборилиши мумкинлигини билдирди.
  • Париж мэри Россия ва Беларусдан бўлган спортчилар 2024 йилги Олимпия ўйинларида иштирок этишига қарши чиқди.
  • Рим папаси Франциск Россия ва Украинани ҳарбий асирларни «барчани барчага» формуласи бўйича алмашишга чақирди.

Вайрон бўлган Купянск

Харкив областининг Купянск шаҳри бир неча ой давомида Россия оккупацияси остида бўлган — 2022 йил февралидан сентябрига қадар. Украина қуролли кучлари қарши ҳужум давомида шаҳарни озод этган, аммо Россия қўшини шаҳарни яна қайта эгаллаб олиш ҳаракатларини давом эттирди. 2024 йил мартида РФ қуролли кучлари шаҳарга ҳужум қилишни тўхтатди, манбаларга кўра, бу йўналишдаги қўшинларнинг бир қисми фронтнинг бошқа участкаларида юриш қилиш учун олиб кетилган.

Купянскда ва унинг атрофидаги аҳоли яшаш пунктларида жанглар излари сақланиб турибди. Хусусан, Купянск районидаги қишлоқлардан бирининг чеккасида ёниб кетган С-300 зенит-ракета мажмуаси қолдиқлари турибди, бу қишлоқни айни вақтда фронт чизиғидан 10 километр ажратиб турибди
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA
Кўп ойлар давомида ўққа тутилган Купянск кучли даражада шикастланган, жумладан марказий бозор вайрон бўлган
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA
Урушга қадар Купянск районида 12 мингга яқин киши яшаган. Ҳозирда бу ерда 3000 киши қолган
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA
Ўз уйини тарк этишдан бош тортаётган одамлар буни ўз мулкини ташлаб кета олмаслиги, борадиган жойлари ёки хавфсизроқ жойга бориш учун маблағлари йўқлиги билан изоҳлашади
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA
Купянскдаги кўплаб бинолар харобага айланган. Шаҳар бўйлаб зарбалар тўхтамаяпти. 2 апрел куни Харкив области раҳбари Олег Синегубов РФ қўшини шаҳарга яна авиабомба ташлаганини хабар қилди
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA

Буча озод этилганининг икки йиллиги

Россия қўшини Киев областидаги Буча шаҳарчасини 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли босқиннинг илк кунларида эгаллаб олганди. Ўша йил март ойи охирида РФ қўшини шаҳарни тарк этади. Бу ерда тинч аҳоли вакилларидан ўнлаб кишилар ўлдирилганди. Россия қўшини кетганидан кейин шаҳарга кирган хорижлик журналистлар шаҳарда содир бўлган ҳодисаларни ҳужжатлаштирган, бу ерда тинч аҳоли вакиллари жасадлари тўғридан тўғри кўчаларда қолдирилганди. РФ ҳукумати ўз ҳарбийлари Буча аҳолисини ўлдирганини тан олмаган, Россияда ушбу шаҳарда рўй берган ҳолатлар ҳақидаги постлар армия тўғрисида «фейк» тарқатиш деб ҳисобланиб, бундай постлар учун 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган.

Бучада ўлдирилганларнинг қариндошлари шаҳар қабристонида
Vadim Ghirda / AP / Scanpix / LETA
Бучада ҳалок бўлганлар орасида тинч аҳоли вакиллари ҳам, шаҳарни ҳимоя қилган украин ҳарбийлари ҳам бор эди
Vadim Ghirda / AP / Scanpix / LETA
Бучада ҳалок бўлган айрим украин ҳарбийлари шаҳар қабристонига дафн этилган. Шаҳар озод этилганининг икки йиллигида  қариндошлари уларни хотирлаш учун келишди
Vadim Ghirda / AP / Scanpix / LETA
Бучага 31 март куни Украина президенти Володимир Зеленский ҳам ташриф буюрди
Украина президенти матбуот хизмати
Украина президенти матбуот хизмати
«Бородянка, Буча, Ирпин, Гостомел, Мошчун жанглар майдони, украинларнинг ёвузликдан холи ўз ватани, ўз ҳаёти, ўз уйи учун кураши майдони бўлганди. Бугун биз ўша вақтда бардош берган, ҳозир ҳам курашаётган, ишлаётган ва Украинанинг Россия ўзлаштириб олмоқчи бўлган, лекин украинларга қайтариб беришига тўғри келадиган барча ерлари, шаҳарлари ва қишлоқларига албатта озодлик келтирадиган ҳар бир кишининг кучини улуғлаймиз», — деб ёзди Зеленский ўз телеграм-каналида
Украина президенти матбуот хизмати

Лиман атрофидаги украин аскари

Россия қўшини Донецк областида юриш қилишга ҳаракатларини давом эттирмоқда. Украина қуролли кучлари Бош штабининг 1 апрел куни тонгида берилган ҳисоботида Лиман йўналишидаги украин жангчилари рақибнинг Терни қишлоғи ҳудудида авиация кўмагида мудофаани ёриб ўтишга бўлган уч уриниши қайтарилгани айтилган.

95-алоҳида десант-штурм Полесе бригадаси 1-десант-штурм баталёни взвод командири Станислав Краснов март ойи охирида телемарафон эфирида Тернидаги украин ҳарбийларининг позициялари айрим ҳолларда рақибникидан 50 метр масофада жойлашганини айтиб ўтганди. Унинг сўзларига кўра, Россия қўмондонлиги жангга аввалига «яхши таълим кўрмаган пиёдаларни тўп еми» сифатида ташламоқда, уларнинг ортидан эса «нисбатан профессионал гуруҳлар қўшимча куч сифатида» юборилмоқда. «Тернида деярли барча нарса яксон этилган, россияликлар мунтазам равишда ўт очади», — дейди у. Шу билан биргаликда, унинг сўзларига кўра, агар аввал фронтнинг бу участкасида вазият «жуда кескин» бўлган бўлса, эндиликда, украин ҳарбийларининг саъй-ҳаракатлари эвазига вазият «шунчаки кескин» ҳолатга ўтган.

Фронтнинг Лиман яқинидаги участкасида окопда ётган украиналик ҳарбий
Iryna Rybakova / AP / Scanpix / LETA

Украина қуролли кучларининг мамлакат жанубидаги гаубицалари

Украина қўшини Ғарб томонидан етказиб берилган техникаларга ҳам, ўзининг СССР давридан қолган қуролларига ҳам ўқ-дори тақчиллигини бошдан кечирмоқда. 122 миллиметр калибрли 2С1 «Гвоздика» гаубицалари Украина қуролли кучлари механизациялашган бригадаларининг Россия босқини илк давридаги асосий қуроли эди, аммо ўқ-дори тақчиллиги ва ҳарбий йўқотишлар туфайли уларнинг сафи сийраклашиб бормоқда.

Ivan Antypenko / Reuters / Scanpix / LETA

 

 

Донецк областидаги Дружковка ўққа тутилиши оқибатлари

Дружковка — Украиннинг Донецк области Краматорск районидаги шаҳар бўлиб, фронт чизиғи яқинида жойлашган. 1 апрел куни Россия қўшини шаҳарни яна бир бор С-300 зенит-ракета тизимидан ўққа тутиб, маданият саройини вайрон қилган.

«Иккита ракета учиб келди. Икки бор портлаш бўлди. Маданият саройи ҳудудига тушди — бино қисман вайрон бўлди, девор ҳам, том ҳам, томошабинлар зали ҳам, ойналар ҳам йўқ», —деган «Суспилне» нашрига шаҳар маъмурияти раҳбари Сергей Буковский.
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA
Бу Дружковкадаги маданият саройи биринчи бор Россия зарбасига йўлиқиши эмас. «Биз иккинчи бор ўққа тутишдан кейин тиклаш ишларини бошлагандик ва бу учинчиси», — деган Боевский.
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA

Донецк областининг ДХР назоратидаги қисми ўққа тутилиши оқибатлари

Украинанинг Донецк области Бахмут районидаги Луганское посёлкаси ўзини ўзи эълон қилган ДХР назорати остида. Икки мингга яқин киши яшайдиган Луганское Донбассда 2014-2015 йилларда бўлиб ўтган ҳарбий ҳаракатлар чоғидаёқ жиддий шикастланганди. РФ қўшинларининг Украинага кенг кўламли босқини даврида Луганское яна фронт чизиғи яқинида қолди ва мунтазам равишда ўққа тутилмоқда.

72 ёшли Екатерина Луганскоедаги квартирасида қолган буюмларини йиғиштирмоқда
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Екатеринанинг ўғли Евгений — Россия қўшинларида хизмат қилган ва урушда ҳалок бўлган. Ҳалок бўлган ўғлининг портрети — Екатеринада қолган кам сонли буюмларидан бири
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид