Ўзбекистон | 17:42 / 06.07.2021
16953
5 дақиқада ўқилади

1-синфга онлайн қабул муддати узайтирилди. Вазир ўринбосари техник муаммоларга изоҳ берди

15 июндан 2021/22 ўқув йили учун умумтаълим мактаблари 1-синфига онлайн қабул бошланган эди. Платформа орқали рўйхатдан ўтиш ва ариза юбориш жараёни 20 июлга қадар давом этади.

Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов тизимда рўйхатдан ўтишда ота-оналар дуч келаётган қийинчиликлар ва муаммолар бўйича батафсил изоҳ берди.

«Бу йил Тошкент шаҳар ва вилоят марказларида тажриба-синов кўринишида 1-синфга қабулни онлайн ташкил қилдик. Тошкент шаҳар ва вилоят марказларида қабул қилиниши керак бўлган ўқувчилар сони 110 мингга яқин. 15 июндан 1 июлгача онлайн рўйхатдан ўтказилган аризалар сони 35 мингни ташкил этяпти. Шундан 17 мингдан ортиғи ҳозир ўзининг микроҳудудига бириктирилган мактабга жойлашган. 

Ундан ташқари, 5 мингга яқин ота-оналарда маълум техник муаммолар юзага келяпти. Жой номларини киритишда хатоликлар юзага келяпти, чунки кўча, маҳалла номлари шу пайтгача рақамлаштирилмаган. Бу тизим биринчи марта онлайн бўлгани сабабли, ота-она мактабга бормаслиги учун платформа бошқа ташкилотлар билан интеграция қилинди. Ҳар бир ўқувчи қайси микроҳудуд мактабига бириктирилганини аниқлаш учун унинг турар жойи, ўзига бириктирилган мактабни билиш керак бўлади.

Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов

My.maktab.uz платформаси ўқувчилар манзилини аниқлашда Ички ишлар вазирлиги, Рақамли Тошкент тизими, Адлия вазирлиги билан эса боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, ота-онасининг паспортдаги маълумотларини аниқлаш учун ўзаро интеграция қилинди. 35 мингга яқин ариза келиб тушган бўлса, 10 мингга яқини модераторлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Модераторлар маълумотлар тўғри киритилганини 3 иш куни давомида кўриб чиқишади», дейди вазир ўринбосари.

Вазирлик расмийси тизимда хатоликлар юзага келаётгани тўғрисидаги эътирозларга муносабат билдириб, техник муаммоларга изоҳ берди.

«Онлайн қабул бўйича саволларга жавоб бериш учун 10 нафардан иборат колл-марказ ташкил қилинган. Кунига ўртача 1500га яқин қўнғироқлар бўлади. Колл-марказдан ташқари алоҳида модераторлар гуруҳи ҳам ташкил қилинган бўлиб, улар ота-оналарга аризаларни тўғри топширишда кўмак беришяпти. Мурожаатлар сони бирданига кўпайиб кетиши ҳисобига телефонга тушиш қийин бўляпти, лекин бир мартадан кўпроқ телефон қилиб тушиш имконияти бўлади. Нафақат, колл-марказ орқали, балки ижтимоий тармоқ, платформанинг телеграм канали орқали ҳам ота-оналарнинг ариза топширишдаги муаммолари ҳал қилинади.

Бир ходим кунига ўртача 200га яқин қўнғироқларга жавоб беряпти. Фарзандингиз 1-синфга қабул қилинди, деб sms-хабар юборилган бўлса ҳам, ота-оналар колл-марказга телефон қилиб, яна бир марта тасдиқлаб олишяпти. Бу вақт давомида бошқа ота-оналар муҳим саволлари билан кутиб турган бўлишлари мумкин. Ота-оналардан беҳуда қўнғироқ қилиб, алоқани банд қилмасликни сўраймиз.

Платформага кўчалар номини киритишда муаммо келиб чиқяпти, чунки шу пайтгача жой номлари онлайн базаси шакллантирилмаган. Ўқувчиларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларида хатоликлар бўляпти, уларни бартараф этиш учун Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ бўлиб ишлаяпмиз. Ички ишлар вазирлиги билан ҳам шу тизимни йўлга қўйганмиз.

Бу йил 1-синфга қабул қилинадиган бирор бола ўқишга қабул қилинмай қолиб кетмайди. Ота-оналардан сабрли бўлишни сўраб қолардим. Ота-оналарга колл-марказ, модераторлар гуруҳи хизмат кўрсатяпти. Умумий топширилган аризаларнинг 15 фоизида муаммолар юзага келяпти. Уларни оператив ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз. 5 мингдан ортиқ ариза қайта таҳрирлашга юборилди. Тизимда хатолик бор, дейиш хато бўлади, тизим мукаммал ишлаб турибди, кунлик, соатлик мониторингини олиб борамиз.

Платформани бу йил Тошкент шаҳри, вилоятлар марказлари учун жорий қилган бўлсак, кейинги йилда буни бутун республика бўйича жорий қилишни режалаштирганмиз. Онлайн платформадан рўйхатдан ўтишда муаммолар бўладиган бўлса, ота-оналар колл-марказга, халқ таълими бўлимларига мурожаат қилиб, мутахассислар ёрдамида тизимдан рўйхатдан ўтишлари мумкин», дейди у. 

Муҳаббат Маъмирова,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Дониёр Якубов.

Мавзуга оид