Жамият | 19:15 / 05.09.2018
3182
4 дақиқада ўқилади

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси грант дастури ҳақида эълон қилди

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати грант дастури ҳақида эълон қилди. Стипендияни ютиб олиш бўйича танлов грант дастурининг айрилмас қисмидир. Танловда Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлиги тизимига тегишли олий таълим муассасаларининг бакалавр ва магистратура талабалари иштирок этиши мумкин.

Ўз билим ва малакалари билан бўлиша оладиган, янги ғоялар яратадиган ва уларни ҳаётга татбиқ қилишга қодир, ҳар бир қилаётган ишининг натижаси учун шахсий жавобгарликни ўз зиммасига оладиган, атрофида жамоани бирлаштириб, умумий мақсадга эришиш йўлида жамоани илҳомлантиришга тайёр бўлган ижодкорлар танлов ғолиби бўлиши мумкин. 2018 йил ойининг ойининг охиригача, 2018-2019 ўқув йилларга мўлжалланган йиллик шартнома миқдори бўйича стипендия тўланади.

Баҳолаш мезонлари:

  • академик натижалар;
  • илмий-тадқиқот ишлари;
  • аналитик қобилият;
  • ташкилотчилик қобилияти;
  • ривожланиш учун мотивация;
  • ижтимоий фаоллик;
  • танланган соҳанинг ижтимоий аҳамиятини англаш.

Танлов икки босқичда амалга оширилади:

Биринчи босқич – сиртқи, яъни, мотивацион хат ва бирон-бир мавзудаги бакалавр диссертацияси ҳақида қисқача тезисни ўз ичига олган ёзма ариза асосида бўлиб ўтади.

Иккинчи босқич – интервью, кейсга ечим топиш даражасини баҳолаш, ҳамда бошқа гуруҳ ва якка тартибдаги баҳолаш йўллари билан амалга оширилади.

Танловда қатнашиш учун аризалар 2018 йилнинг 25 сентябригача қабул қилинади. Биринчи босқичда қабул қилинган аризалар экспертизаси: 2018 йил 25 дан 27 сентябргача; натижаларини эълон қилиш: 2018 йил 28 сентябргача этиб белгиланди. Иккинчи босқич экспертизаси: 2018 йил 29 дан 30 сентябргача; танлов якунини умумлаштириш: 2018 йил 1 дан 5 октябргача.

Ғолиблар 2018 йилнинг 6 октябрида эълон қилинади.

Танлов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида танлов ғолиблари билан шартнома тузилади.  2018 йил октябрь ойининг охиригача стипендиялар тўлови амалга оширилади.

Топшириладиган ҳужжатлар рўйхати:

  1. Ариза намунавий шакли;
  2. Охирги 2 ўқув йили натижаларининг ўртача  бали;
  3. Резюме;
  4. Мотивацион хат;
  5. Назарда тутилган илмий фаолият (диссертация ёки диплом ишлари) йўналиши ва унинг мамлакатимиз маданияти ва санъати ривожланишидаги аҳамияти тўғрисидаги эссе;
  6. Ўқитувчи (иш берувчи, агар мавжуд бўлса) томонидан берилган тавсиянома;
  7. Илмий адабиётлар нусхаси (агар мавжуд бўлса);
  8. Чет тилидаги билимлари ҳақидаги, турли таълим дастурлари ва тренингларда иштироки ҳақидаги сертификатлар (агар мавжуд бўлса).

Стипендия танловида иштирок этиш шартлари:

- танлов иштирокчиси бир вақтнинг ўзида бир нечта стипендия дастурлари ғолиби бўла олмайди;

- стипендия тўлови танлов ғолиби таҳсил оладиган ОТМ ҳисоб рақамига бир ўқув йили шартномаси миқдоридаги пул маблағларини ўтказиш йўли билан амалга оширилади;

- стипендия дастури асосида битирган талабалар ва имтиёзли (бакалавр/магистр) даражасига эга бўлганлар, уч ой муддатида фонд стипендия қўмитасининг қарорига асосан маданият ва санъатнинг устувор соҳаларида, Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлиги тизимидаги муассасаларда бир йил мобайнида иш билан таъминланади.

Эълонга ариза ҳамда шахсий анкетанинг намунавий шакли илова қилинган.

Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид