Жаҳон | 21:34 / 11.09.2025
10615
8 дақиқада ўқилади

Полшадаги Россия дронлари. Сўнгги тафсилотлар

Россия дронлари НАТО ҳудудига кирганидан бери бир кун ўтди. НАТО арзон дронларни қимматбаҳо ракеталар билан уриб туширишга уринган. Полша ва Латвия Россия ҳамда Беларус билан чегарада осмонини ёпди.

Kay Nietfeld / dpa. / Scanpix / LETA

Россиянинг 20 га яқин дрони Полша ҳудудига бостириб кириши НАТО қаршисига 70 йилдан ортиқ вақт олдин совуқ уруш йилларида ташкил этилган ҳарбий алянснинг дронларга қарши туриш учун тўғри ва иқтисодий жиҳатдан самарали ҳарбий тузилмаси бор-йўқлиги масаласини чиқарди, деб ёзади экспертлар билан суҳбатлашган Reuters агентлиги.

НАТО ва Украина маълумотларига кўра, босқинда Россиянинг Shahed ва «Гербера» русумли зарбдор дронлари иштирок этган, улар кўпинча жанговар каллаксиз учади. Reuters’нинг қайд этишича, НАТО Полшада «ўта арзон» дронларга қарши туриш учун F-35 ва F-16 қирувчи самолётлари, Ми-24, Ми-17 ва Black Hawk вертолётлари, шунингдек, Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан фойдаланган. Операцияда Полша, Нидерландия, Италия ва Германия ҳарбийлари иштирок этган.

Полша ҳукумати фақат хавф туғдирган дронлар уриб туширилганини маълум қилди. НАТО дронлардан камида бештаси Украинага қурол етказиб беришда асосий пунктлардан бири саналган Жешув аэропортидаги логистика марказига йўналтирилган деб ҳисобламоқда, деб хабар берди Der Spiegel нашри. Нашр маълумотларига кўра, Нидерландиянинг F-35 қирувчи самолётлари айнан Жешув томон ҳаракатланган дронларни уриб тушириш учун ишлаган.

Bild нашри қайд этишича, F-35 қирувчи самолётлари Россиянинг бир неча минг доллар турадиган дронларига ҳар бири 400 минг евро турадиган AIM-9 Sidewinder ракеталари билан ҳужум қилган. Ҳаммаси бўлиб, Bild маълумотларига кўра, қирувчилар 25 та дрондан учтасини уриб туширган (яна бир дрон ёки уриб туширилган, ёки ўзи қулаб тушган).

«Бу биз нафақат ҳушёр бўлишимиз, балки ҳаракатларимизда янада қатъиятли бўлишимиз кераклигининг жуда яхши иллюстрациясидир», – деди Словакиянинг НАТОдаги собиқ элчиси Петер Батор Reuters агентлигига. У дронлар алянс ҳудудига кира олишини йўл қўйиб бўлмайдиган иш деб атаган – бу НАТО таҳдидни тўхтата олмаганини англатади.

Батор алянс ҳудудига дронлар каби хорижий қўшинлар ҳам кириши мумкинлигига эътибор қаратган. «Дронлар ва қўшинлар ўртасида катта фарқ йўқ», – дейди Батор. У НАТОни Киев билан иттифоқчилар алянс учун хавф туғдирадиган дронларни НАТО ҳаво ҳудудига киришидан олдин Украина ҳудудида уриб тушириш бўйича келишиб олишга чақирди.

Британиянинг Халқаро стратегик тадқиқотлар институти таҳлилчиси Фабиан Ҳинснинг фикрича, Ғарб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳужумларда арзон дронлар кенг миқёсда иштирок этиши мумкинлигини ҳисобга олмаган ҳолда ишлаб чиқилган. Ҳинснинг сўзларига кўра, бундай дронларни қирувчи самолётлар ва вертолётлар ёрдамида уриб тушириш мумкин, «лекин бу таҳдид доимий тус олса, операцияларнинг юқори суръатини талаб қилади».

Шотландиядаги Сент-Эндрюс университети стратегик тадқиқотлар профессори Филлипс П. ОʼБрайен Полшага бостириб кирган дронлар сони «Украинанинг ҳар кеча бошидан кечираётганлари билан таққослаганда жуда арзимас даражада» эканини қайд этган. ОʼБрайеннинг фикрича, дронлар «эҳтимолий таҳдид сифатида анча олдин аниқланиши ва олдиндан мудофаа чоралари кўрилиши керак эди». «НАТО учун бу болалар эрмаги бўлиши керак эди. Агар улар бир кечада 600 та дрон ва ракетага дуч келишса, уларга худонинг раҳми келсин», – дейди ОʼБрайен.

НАТО бош котиби Марк Рютте журналистларнинг ҳарбий алянс дронлардан яхшироқ ҳимояланиши керакми, деган саволига жавоб бераркан, шундай деди: «Албатта, биз ҳар доим бир қадам олдинда бўлишимиз керак. Аммо ўйлайманки, ўтган кеча [10 сентябр] биз НАТО ҳудудининг ҳар бир сантиметрини ҳимоя қилишга қодир эканлигимизни кўрсатди».

Россия дронлари бостириб кирганидан сўнг, Полша НАТО иттифоқчиларидан қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва дронларга қарши технологияларни тақдим этишни сўради, деб хабар берди Bloomberg агентлиги манбаларга таяниб.

Франция, Германия, Буюк Британия, Италия, Нидерландия ва Украина Полшага «мамлакатимиз ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини аниқ қўллаб-қувватлаш»ни таклиф қилди, деди Полша бош вазири Доналд Туск. Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский эса мавжуд иккита тизимга қўшимча равишда Patriot тизимлари кераклигини айтди, «чунки дронлар Россиядан таҳдиднинг ягона шакли эмас».

Нидерландия мудофаа вазирлиги 2025 йил охиригача Полшага иккита Patriot тизими, дронларга қарши кураш воситалари ва 300 нафар ҳарбий тақдим этишга ваъда берди. Буюк Британия яқин вақтгача Полшада бўлган ва НАТО миссияси доирасида ҳаво ҳудудини патрул қилган олтита Typhoon қирувчи самолётининг камида бир қисмини Полшага қайтармоқчи, деб ёзади Bloomberg. Чехия дронларга қарши курашиш учун учта Ми-171Ш вертолётини топширишга ваъда берди.

НАТОга аъзо давлатнинг юқори мартабали дипломати Bloomberg нашрига айтишича, Россиянинг Полша чегарасини кесиб ўтган кўп сонли дронлари бу қасддан амалга оширилганини кўрсатади. Россия бу ҳужум орқали НАТО бўйича иттифоқчиларни Полшада Patriot тизимларини кўпайтиришга ва натижада уларни Украинага юбормасликка ундашни кўзлаган бўлиши мумкин, деб ёзади агентлик.

Bloomberg маълумотларига кўра, Полша иттифоқчилари мамлакатга Patriot тизимларини етказиб бериши қийин бўлади. Германия мудофаа вазири ўринбосари Йенс Плетнернинг айтишича, «ҳозир барча Россия ҳарбийларининг Украинага шафқатсиз ҳужумларини ҳисобга олган ҳолда, келажакда уларни Украинага жойлаштириш яхшироқ бўлади, деб ҳисобламоқда».

Россия дронлари бостириб кириши фонида Полша ҳукумати «давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида» Беларус ва Украина билан чегара ҳудудида парвозларни чеклади. Чекловлар 10 сентябрдан 9 декабргача жорий этилди, деб хабар берди Полша аэронавигация хизмати агентлиги. Ушбу ҳудудда 24 соат давомида фуқаролик дронлари парвози тақиқланган, тунда фақат ҳарбий самолётлар, кундузи эса Полша ҳукуматини парвоз ҳақида хабардор қилганлар ва фавқулодда хизматлар ҳаво кемалари уча олади.

Бундан ташқари, Полша 12 сентябрга ўтар кечаси Беларус билан чегарани бутунлай ёпмоқчи. Полша бош вазири Доналд Туск 12-16 сентябр кунлари Беларус ҳудудида бўлиб ўтадиган «Ғарб-2025» Россия-Беларус ҳарбий машғулотлари туфайли чегара ёпилаётганини айтди. Полша ички ишлар вазири Марцин Кервинский чегара номаълум муддатга ёпилгани, бироқ Полша томони «зарурат бўлмаганда чегарани бир кун ҳам ёпиқ сақлаш» ниятида эмаслигини айтди.

Шу билан бирга, Латвия мудофаа вазирлиги 11 сентябр оқшомидан бошлаб Россия ва Беларус билан чегарадаги ҳаво ҳудудини ёпишини маълум қилди. Чегара камида 18 сентябргача ёпилади, деди Латвия мудофаа вазири Андрис Спрудс.

Вазирнинг сўзларига кўра, Латвия Россия дронларининг Полша ҳудудига киришига шундай реакция кўрсатмоқда. «НАТО ҳаво ҳудудидаги Россия дронлари – бу огоҳлантирувчи сигнал ва биз дронлар ҳужуми кучайишига йўл қўймаслик учун қўлимиздан келганини қилишимиз керак», – деди вазир. Шу билан бирга, у ҳозирда Латвияга Россия томонидан тўғридан тўғри таҳдид йўқлигини таъкидлади.

Латвия сейми эса «Ғарб-2025» машғулотлари пайтида Латвиянинг Беларус ва Россия билан чегараларини бутунлай ёпишни таклиф қилди. Бундай таклиф миллий хавфсизлик бўйича комиссияга юборилган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид