Деновда ёш тадбиркорнинг ери олиб қўйилаётганининг боиси нима: ҳужжат нотўғрими ёки ер бозорга яқин?
Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сўнгги йилларда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган ёш тадбиркорларга ер майдонлари берилди, «Ёшлар келажагимиз» давлат дастури доирасида имтиёзли маблағлар ажратилди.
Ана шундай ёшлардан бири — деновлик Шавкат Қобиловдир. У «AVTO OLAM KLASS» МЧЖ асосчиси. Сўнгги йилларда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, эҳтиёт қисмлар сотиш билан шуғулланиб келмоқда.
Денов туманининг собиқ ҳокими Баҳром Маматқуловнинг 2017 йил 29 январдаги 92-сон қарори билан унга «Намозгоҳ» маҳалласи ҳудудидан оқова сув коллекторлари орасидаги 1,05 гектар ер 81 миллион сўм қоплама маблағ эвазига ажратилади.
Орадан 1 йил ўтгач, 2018 йил 8 февралда Маматқуловдан кейинги ҳоким Улуғбек Қосимов 92-сонли қарорга ўзгартириш киритиб, 1,05 гектар ерни 1,90 гектаргача ошириб беради.
Ушбу ер майдонига эгалик қилиш бўйича бўйича барча ҳужжатлар тайёрланган, бир қисмида бино ва иншоотлар қурилиб, фойдаланишга топширилган, тегишли тарзда кадастр идорасида расмийлаштирилган ва шунга яраша солиқ тўлаб келинмоқда.
Айни кунларда туман прокуратураси протест келтириб, ўша қўшиб берилган 85 сотих ер майдони унга ноқонуний берилган деган важни илгари сурган. Албатта, туман ҳокимлиги протестни қаноатлантириб, туман ҳокими қарорини бекор қилган.
Тадбиркорнинг ҳикоя қилиб беришича, унга ер ажратилган чоғда Денов шаҳрининг янги озиқ-овқат ва деҳқон бозори қурилмаган бўлган, унга ажратилган ҳудудни коллектор чегаралаб турган эди. Лекин бозор барпо этилиши асносида зах сувларни қочириш учун қадимдан қазилган коллектор кўмиб юборилган. Сув ўтказувчи қувурлар кавлаб олиб чиқариб ташланган. Энди тадбиркор қурмоқчи бўлган бинолар котлованига ер остидан сув сизиб чиқмоқда. Боз устига, унга ажратилган ернинг бозорга чегарадош майдонининг 85 сотих қисмини қайтариб олиш учун ҳаракат бошланган.
Тадбиркорнинг айтишича, Деновда барпо этилаётган янги деҳқон бозори шу ҳудудга кўчирилгач, шунингдек, ер майдони олдидаги коллеж биноси университетга берилгач, кимлардир унга ажратилган ерга кўз тиккан.
Чунончи, 2020 йил 4 июнь куни туман ҳокими ўринбосари Сатторов томонидан берилган огоҳлантириш хатида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 467-сонли қарорига кўра қурилиш ишлари олиб бориш учун вилоят қурилиш соҳасида назорат инспекциясидан рухсат олиш талаб этилиши, шундан сўнггина қурилиш ишлари бошлаш кераклиги қайд этилган.
Лекин вилоят бош архитектори Алишер Салоҳиддинов берилган лойиҳани тасдиқламаяпти.
Мурожаатчининг сўзларига кўра, прокуратура 2018 йилда қўшиб берилган 85 сотих ер майдони учун қоплама маблағ тўланмаганини асосий важ сифатида келтирмоқда. Бундан ташқари, Ер кодексининг 36-моддаси 10-бандига кўра, қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун бериб қўйилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганлик важ қилинган.
Ҳолбуки, ёш тадбиркорнинг айтишича, у ўша ерга дўконлар қурмоқчи, лекин қурилишига рухсат ололмаяпти. Ерни ташлаб қўйгани йўқ.
Ш.Қобилов қўшиб берилган 85 сотих ер учун қоплама маблағ тўланмаганига эса туманнинг аввалги ҳокими У.Қосимовнинг топшириғига кўра, ички ишлар ходимлари учун 2та хизмат уйини ўз ҳисобидан қуриб бергани сабаб бўлганини айтмоқда.
Хўп, тадбиркор маҳаллий ҳокимлик топшириғини бажаргани учун ер қўшиб берилган экан, унда нима айб? Пул тўланмаган бўлса, тўлатилсин ўша маблағ. Нега ер тортиб олиб қўйилишига ҳаракат бошланган? Тушунарсиз…
Биз Денов тумани прокурори Тоғаймуродов билан гаплашиш учун унинг қўл телефони, хизмат телефони ва туман прокуратурасининг ишонч телефонига боғланишга бесамар уриндик.
Айни пайтда тадбиркор ҳокимнинг янги қароридан норози бўлиб, туман маъмурий судига мурожаат қилган. Ўша қарорда 85 сотих ерни туман захирасига қайтариш кўзда тутилган. Узоқ давом этадиган суд жараёни бошланмоқда. Умид қиламизки, суд вазиятга одилона баҳо беради.
Туман ҳокимлиги тадбиркорни овора қилиб, ерни бошқага бировга бериб юбормаслиги керак. Чунки, амалдаги тартибга кўра, ер майдонлари онлайн аукцион савдолари орқали сотилади.
Kun.uz Деновдаги ушбу чигал вазиятни синчковлик билан кузатишда давом этади.
Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири
Фахриддин Ҳотамов, тасвирчи
Мавзуга оид
13:06 / 30.12.2024
Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди собиқ раиси ўзига қарши суддан яширинди. У сиртдан қамоққа олиниб, қидирувга берилди
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
10:19 / 08.11.2024
“Таниш-билиш ўтмайди” – Кадастр агентлиги директори ерга эгалик ҳуқуқини олишда фирибгарларга алданмасликка чақирди
20:28 / 01.11.2024