Ўзбекистон | 16:50 / 28.10.2022
19622
13 дақиқада ўқилади

Нима учун япон компанияси баъзи ходимларига қўшимча 6 кун таътил беради?

Бобур мазҳаблар ўртасида низо келиб чиқмаслиги учун Ҳумоюнга қандай васият қилган? Нима учун яҳудийлар болаларига скрипка чалишни ўргатади? – “Заковат” телеўйини кузги мавсумининг биринчи ўйинидан репортаж.

Фото: Заковат

Кузги мавсум ўйинларини қишки мавсум ўйинларида телеўйинни тарк этган Зафар Раҳимов жамоаси бошлаб берди.

1-раундда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўғли Ҳумоюн Мирзога қилган васияти ҳақидаги савол ўйналди. Жамоа бир дақиқа давомида саволни муҳокама қилган бўлса-да, тўғри жавобга етиб бора олмади. Ҳисоб – 0:1.

2-раундда билимдонларга блиц саволлари тушди. Гарчи жамоа блицнинг биринчи саволини осонлик билан топган бўлса-да, иккинчи савол улар учун қийинлик қилди. Ҳисоб – 0:2.

Кейинги раунд саволи Юсуф Мисрий ва унинг сафардан қайтган дўсти ўртасидаги суҳбат ҳақида бўлди. Жамоа муҳокамасида бир-биридан қизиқ турли вариантлар янграган бўлса-да, охирида уларнинг тўғри жавобга етиб бора олмагани маълум бўлди. Ҳисоб – 0:3.

Тўртинчи раундда жамоа II жаҳон уруши вақтида Амстердамни талон-торож қилган немислар ҳақидаги савол билан синовдан ўтказилди. Афсуски, жамоа бу гал ҳам вариантлар орасидан тўғри жавобни танлашда адашди. Ҳисоб – 0-4.

Жамоа мураккаб аҳволга тушиб қолди. Ҳисоб ҳам анча йирик кўриниш олди. Кейинги хатолар жамоага қимматга тушиши мумкин эди. Ўйин тизгинини қўлга олиш вақти келганди.

5-раунд саволи жамоанинг ўзига келиб олишига ёрдам қилди – тажрибали билимдон Умид Валиев Токиодаги компаниянинг қайси тоифа ходимларга қўшимча 6 кун таътил бериши ҳақидаги саволга муддатидан олдин жавоб берди. Ҳисоб – 1:4.

Навбатдаги раундда берилган соябонли светофорлар ҳақидаги саволга ҳам жамоа жавоб топишга эришди. Ҳисоб яна қисқарди – 2:4.

Жамоа аста-секин ўзига кела бошлаганди ҳамки, 7-раундда тушган яҳудийларнинг болалари нима учун ёшликдан скрипка чалишга ўргатилиши ҳақида савол уларни яна боши берк кўчага тиқиб қўйди. Ҳисоб аввалгидек йирик кўриниш олди – 2:5.

Энди жамоанинг хато қилишга ҳаққи йўқ эди. Анча муддат таътилдан кейин экран ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган жамоанинг илк ўйиндаёқ йирик ҳисобда мағлуб бўлиши кейинги мавсумлардаги иштирокни сўроқ остига қўярди.

8-раунд. Қаҳва ишлаб чиқарувчи компаниянинг Японияда қаҳва сотиш учун қўллаган ҳийласи ҳақидаги саволга жамоанинг энг ёш билимдони Суҳроб Шарипов тўғри жавоб бериб, жамоани курашга қайтарди. Ҳисоб – 3:5.

9-раунд саволи анча мураккаб бўлиб чиқди. Хивада минора қурилишида ишлаган усталарнинг минора тепа қисмини қуришда фойдаланган ҳавозалари ҳақидаги саволга жавоб бериш учун жамоа клуб ёрдамини ҳам, қўшимча бир дақиқани ҳам ишлатишга мажбур бўлди. Охирида қилинган ҳаражатлар ўзини оқлади – тажрибали Умид Валиев иккинчи бор тўғри жавоб бериб, ҳисобни 4:5 кўринишига келтирди.

Жамоа ҳисобни анча яхши кўринишга келтириб олди.

10-раундда Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Бозор” романидан парча тўғрисида савол ўйналди. Аслида унчалик мураккаб кўринмаган бу савол охир-оқибат анча фалсафий савол бўлиб чиқди ва билимдонларнинг кўзида пайдо бўлган учқунга сув сепганча, ўйиннинг сўнгги саволига айланди. Ҳисоб – 4:6.

“Ремонтада” юз бермади. Комбек охирига етмай қолди. Кузги мавсумнинг биринчи ўйини ана шундай ҳаяжонли лаҳзалар билан эсда қолди. Гарчи, жамоа якунда мағлуб бўлган бўлса-да, улар 0:4 ҳисобидан чиқиб кетишга ва уни ўзлари учун қулай кўринишга келтиришга эришди. Энди уларнинг мавсум ўйинларида қолиши ёки экран ўйинларини тарк этиши масаласи қолган жамоалар натижаларидан кейин аниқ бўлади.

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

1️-раунд. Савол муаллифи — Суннат Алиқулов, Зомин.

Бошловчи: Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўғли Ҳумоюн мирзога қилган васиятидан парча: Эй фарзандим, Ҳиндистон мамлакати турли мазҳаблардан маъмур бўлган. Бу мазҳабларнинг ҳаммаси сизни бирдай ёмон кўриб қолади, агар у ишни омма олдида қилсангиз. Ҳиндистоннинг қалбини қўлга киритаман десангиз, бу ишни асло қилманг.

Диққат савол: Бобур мирзо ўғлини нима иш қилишдан тийилишини сўраган?

Жавобни Жамшид Адилов беради: Бизнинг фикримизча, бу иш омма олдида ибодат қилиш.

Тўғри жавоб: Ҳиндистонда ҳамма уни "Она" ҳисоблагани учун Бобур мирзо ўғлини сигирни сўйишдан қайтарган.

Ҳисоб: 0:1

Савол муаллифи Суннат Алиқулов 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

2-раунд: Блиц саволлари.

1-савол муаллифи — Азизхўжа Баҳодирхўжаев, Бахмал.

Бошловчи: Марҳамат, экранга қараймиз. 2009 йилда Ҳиндистонда зарб қилинган ҳинд танга пулларининг сурати.

Диққат савол: Нега тангаларда одам қўллари тасвирланган?

Жавобни Бобур Максимов беради: Бизнинг ўйлашимизча, бу тангалар саводсизлар учун.

Тўғри жавоб: Ҳиндистон аҳолиси юзлаб лаҳжаларда сўзлашади. Бунинг устига катта қисми саводсиз. Майда чақалар қандай қийматга эга эканини билдириш учун мана шундай тангалардан фойдаланилган.

Жамоа тўғри жавоб берди.

Блицнинг 2-саволи муаллифи — Ғофурали Асқаров, Қибрай тумани.

Бошловчи: Марҳамат, яна бир марта экранга қаранг. Темирйўлдаги ўтиш жойининг сурати. Қизил қалам билан белгилаб қўйилган жойига қаранг. Бу йўловчилар ўтиши учун қилинмаган. Вокзалдаги назоратчилар учун қўйилган.

Диққат савол: Вокзалдаги йўлакчанинг асосий вазифаси нима?

Жавобни Сухроб Шарипов беради: Мабодо қор ёғадиган бўлса, шу йўлак баландлиги орқали қорнинг баландлигини билиб олиш мумкин.

Тўғри жавоб: Агар ўтиб кетган поезддан нимадир осилиб қолган бўлса, йўлакча устида из қолдиради. Ҳар поезд ўтгандан кейин назоратчилар буни текширишади. Назоратчилар буни кўриб кейинги станцияга хабар беришади ва носозлик бартараф қилинади.

Ҳисоб: 0:2

Савол муаллифи Ғофурали Асқаров, 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

3-раунд. Савол муаллифи: Аббос Юнусов, Тошкент шаҳри.

Бошловчи: Жалолиддин Румийнинг "Ичиндаги ичиндадир" китобида Юсуф Мисрий узоқ сафардан қайтган дўстидан ҳазиллашиб: "Менга қандай совға олиб келдингиз?" - деб сўрабди. Дўсти эса: "Сенинг ҳеч нарсага эҳтиёжинг йўқлигини ҳамма билади, аммо узоқ ўйлаб сен муҳтож бўлган нарсани топдим, зеро, сен усиз бу дунё гўзалликларидан тўлиқ баҳраманд бўлолмайсан, деб ўйладим", - дебди.

Диққат савол: У дўстига нима олиб келган?

Жавобни Зафар Раҳимов беради: Кўзойнак олиб келишган.

Тўғри жавоб: Кўзгу.

Ҳисоб: 0:3

Савол муаллифи Аббос Юнусов 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди!

4-раунд. Савол муаллифи: Пардавой Умрзоқов, Сирдарё, Оқолтин тумани.

Бошловчи: Амстердам аҳолиси бошқа давлатлар сингари II жаҳон урушидан кўп азият чеккан. Немислар шаҳарни роса талон-торож қилишган ва кўп моддий зарар етказишган. Аммо шаҳардан олиб чиқиб кетилган улардан аҳоли ҳам моддий ҳам маънавий зарар кўришган.

Диққат савол: Немислар Амстердамдан нималарни олиб чиқиб кетишган?

Жавобни Сардор Аҳмедов беради: Бизнинг фикримизча, санъат асарларини олиб чиқиб кетишган.

Тўғри жавоб: Уларнинг фахри бўлган велосипедларини олиб чиқиб кетишган.

Ҳисоб: 0:4

Савол муаллифи Пардавой Умрзоқов 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди!

5-раунд. Савол муаллифи: Мунира Зиёмуҳаммедова, Тошкент шаҳри.

Бошловчи: Токиодаги "Пиала Инс" компанияси айрим ходимларига қўшимча олти кун таътил берилади. Бу иш адолат қарор топиши учун қилинади.

Диққат савол: Нима учун олти кунлик таътил берилади?

Жамоа муддатидан олдин жавоб беради.

Жавобни Умид Валиев беради: Чекмайдиган инсонларга олти кунлик таътил берилади.

Жамоа тўғри жавоб берди.

Ҳисоб: 1:4

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

6-раунд. Савол муаллифи: Абдураҳмон Муҳаммедов, Андижон шаҳри.

Бошловчи: Марҳамат, экранга қаранг. Темирйўлдаги светофорлар сурати. Светофорларга негадир узун соябонлар ўрнатишади. Бу одат ХХ асрда пайдо бўлган.

Диққат савол: Поезд светофорларига бундай узун соябонлар ўрнатиш қачон бошланган? Аниқ сабаби билан айтинг.

Жавобни Сардор Аҳмедов беради: Соябонлар жудаям узун. Агар ёмғирдан ҳимоя қилмоқчи бўлганда калтароқ қилса ҳам бўларди. Иккинчи жаҳон урушида темирйўлларни самолётлар билан бомбардимон қилиш роса авжида бўлган. Бунинг учун светофорнинг чироғига қарашган. Шунинг олдини олиш учун қилинган.

Тўғри жавоб: Иккинчи жаҳон уруши пайтида бўлган бу темирйўлларни бомбардимон қилиш роса авж олади. Темирйўлларни аниқлашда светофор чироғидан фойдаланишган. Агар у тўсилган бўлса ёруғи кўринмаган.

Ҳисоб: 2:4

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

7-раунд. Савол муаллифи: Адҳам Қўзибоев, Самарқанд, Нуробод тумани.

Бошловчи: Азалдан яҳудийлар болаларига скрипка чалишни ўргатишади. Роял, виолончел, арфа каби мусиқа асбобларини чалишни жуда яхши эпласа, бошқа мусиқа асбобларини чалишни ўрганиб олаверсин. Аммо скрипкани ҳар бир яҳудий боласи чалишни билиши керак, дейишади.

Диққат савол: Нима учун айнан скрипка чалишни ўргатишган?

Жавобни Умид Валиев беради: Балки, скрипка орқали яҳудийлар ўз фарзандларида табиий қобилиятни эрта ривожлантиришга ҳаракат қилишган.

Тўғри жавоб: Улар скрипка чалишни ҳунар дейишади. Яъни скрипка чалиш орқали кўча-кўйда куй чалиб, кунини кўриб кетади, деб ҳисоблашган.

Ҳисоб: 2:5

Савол муаллифи Адҳам Қўзибоев 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

8-раунд. Савол муаллифи: Абдулвоҳид Аҳмедов, Андижон шаҳри.

Бошловчи: Японларда қаҳва ичишга кўникиш узоқ муддат давом этган. Чунки, улар чойга садоқатли бўлган. Қаҳванинг мазасини тушунмаган ҳам, қабул ҳам қилмаган. Шунда бир машҳур қаҳва компанияси узоқ йиллик тажрибани амалга оширган. Бунинг учун компания боғча ва мактабларда ўз тажрибасини бошлайди.

Диққат савол: Компания одамларни қаҳвага ўргатиш учун айнан нима иш қилган?

Жавобни Сухроб Шарипов беради: Фикримизча, кофе мазасини аҳоли ўртасида оммалаштириш учун дастлаб кофе таъмини берувчи сақичларни текин тарқатишган.

Тўғри жавоб: Айёр компания ходимлари конфетларни кофе таъми келадиган қилиб, кенг қамровли сотуви орқали миллатга кофе таъмини ўргатишни мақсад қилади.

Ҳисоб: 3:5

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

9-раунд. Савол муаллифи: Умирбек Отажонов, Хоразм.

Бошловчи: Хивада жуда кўп миноралар қурилган. Уларни қуриш, айниқса, тепа қисмини қуришда махсус ҳавозалар ёрдам берган.

Диққат савол: Махсус ҳавозалар қандай кўринишда бўлган?

Жамоа клуб ёрдами ва қўшимча вақтдан фойдаланди.

Жавобни Умид Валиев беради: Атрофлари ёпилган кўринишда бўлади. Тепа қисми очиқ бўлади.

Тўғри жавоб: Урғуни баландга бердим. Юқорида ишласа, бош айланиши ва кўз тиниши кузатилади. Агарда тепадан пастни кўрмаса, бу ҳолат бўлмайди. Шунинг учун унинг тепасини худди уйчадек қилиб атрофларини ўраб қўйишади-да, мана шунинг устига чиқиб ишлашади. Уста на пастни, на ённи кўра олади. Фақат ишлайдиган жойини кўрган. Бу Хива усталарининг усули.

Ҳисоб: 4:5

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

10-раунд. Савол муаллифи: Самандар Темиров, Нуробод тумани.

Бошловчи: Хуршид Дўстмуҳаммаднинг "Бозор" романидан парча: У узоқдаги нарса эмас, ҳар бир инсонга чўнтагидаги пуллардан-да яқин. Пул қўлнинг кири. Пулда вафо йўқ. Унда эса вафо бор. У ҳар қандай инсонга ҳамнафас бўлиб юролади аммо бир марта оқибат кўрсатади.

Диққат савол: Асар номидан келиб чиқиб, у нималигини топинг.

Жавобни Сардор Аҳмедов беради: Бу асар қачонги бозорни тасвирлаётганлигини билмадик. Ҳозирги бозорми ёки XIX асрдагими. Пул яқин бўлса у пулданам яқин. Бир марта оқибат кўрсатадиган бўлса бу барака.

Тўғри жавоб: У ҳақиқатан ҳам вафодор, юриб юриб бир марта оқибат кўрсатади. Ўзи ҳаётни бозорга ўхшатишади. Қўшиқ ҳам бор. Дунёга келдим бозорга бордим-у, мато олдим-у, уйга бордим-у, кетдим деган. Бу саволнинг жавоби ўлим эди. Айнан ўлимни бозорга қиёс қилишда фалсафий маъно бор.

Ҳисоб: 4:6

Савол муаллифи Самандар Темиров 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди!

Энг яхши савол муаллифи - Умрбек Отажонов, Минораларни қуришда ишлатиладиган ҳавозалар ҳақидаги саволи учун қўшимча 5 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг энг фаол билимдони - Умид Валиев.

Умид Валиев 5 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Мавзуга оид