Ўзбекистон | 12:43 / 01.06.2018
10722
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси таълим стратегиясидаги янгича ёндашув

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академиясида таълим муҳитининг ҳозирги ҳолати унинг жамоаси томонидан ижодий фикр юрита оладиган ҳамда бошқарув, муҳандислик-техника, педагогика ва бошқа соҳа йўналишлари лавозимлари иерархиясида мослаша оладиган юқори малакали офицерларни тайёрлаш бўйича вазифаларни ҳал этиш йўллари танланаётгани ва жараёнга янгича ёндашилаётганини кўрсатмоқда.

Етакчи хорижий давлатларнинг офицер кадрларни тайёрлаш, турли кўринишдаги машғулотларнинг якуний натижаларига эришишнинг самарали шакл ва усулларини ўрганиш, шунингдек, конференциялар, илмий-услубий семинарлар ва «давра суҳбатлари»ни ўтказиш бўйича тажрибаларини пухта ўрганиш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси томонидан Мудофаа вазирлиги ҳарбий кадрлар буюртмачиси, мамлакатнинг етакчи олий таълим муассасалари экспертлари ва мутахассислари, профессорлари ҳамда фан докторлари иштирокида Қуролли Кучлар Академиясида таълим стратегиясини аниқлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган бўлиб, янги Давлат таълим стандарти, Қуролли Кучлар Академияси битирувчиларига қўйиладиган малака талаблари, ўқув режалари ҳамда ўқув фанлари дастурлари шулар жумласидандир.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси қошида ташкил этилган Олий ва ўрта махсус ҳарбий таълим муассасалари Илмий-услубий кенгаши доирасида ҳарбий таълим жараёнини такомиллаштириш, мамлакатнинг ҳарбий таълим муассасаларида ўқув-тарбиявий фаолиятни ташкил этишнинг ягона механизмини ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчилар таркиби юкламасини бугунги кун талаб этаётган меъёрга келтириш, шунингдек, барча йўналишлар бўйича ҳарбий  таълим муассасаларининг миллий ҳамда хорижий таълим муассасалари билан ўзаро мустаҳкам алоқа ўрнатишнинг амалий шакл ва усулларини белгилаш масалалари тизимли равишда кўриб чиқилмоқда.

Ўқув аудиторияларининг замонавий мультимедиа ва интерфаол компьютер технологиялари билан тўлиқ жиҳозланганини, таълим олувчиларнинг шахсий компьютер технологиялари билан таъминланганини ҳисобга олган Қуролли Кучлар Академияси жамоаси, биринчи навбатда, таълим олувчи томонидан сифатли билим олишига қаратилган таълимнинг янги шакл ва услубларини ишлаб чиқди.

Офицер кадрларни тайёрлаш жараёнида мамлакатнинг етакчи олий таълим муассасалари, хорижий мамлакатларнинг ҳарбий-таълим ва тадқиқот марказлари экспертлари ва мутахассисларини Қуролли Кучлар Академиясида дарс ўтишга жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу йўналишда бир қатор Келишув ва Меморандумлар имзоланган бўлиб, биргаликда олиб бориладиган ишларнинг «Йўл хариталари» амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Қуролли Кучлар Академияси Таянч таълим муассасаси сифатида бошқа ҳарбий таълим муассасалари, «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейлари, шунингдек, мамлакатнинг бошқа лицей ва коллежларида мавжуд бўлган махсус гуруҳлари фаолиятини жойларга профессор-ўқитувчиларни юбориш, улар томонидан маслаҳатлар бериш ва услубий ёрдам кўрсатиш, ўқув-услубий ҳамда илмий йўналишларда ташкил этилган тадбирларга жалб қилиш йўли билан тизимли равишда ўқув-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Қуролли Кучлар Академияси фаолиятида педагоглар таркибининг профессионаллик ҳамда услубий тайёргарлигига алоҳида, биринчи даражали эътибор қаратилган. Офицерларни профессор-ўқитувчилар таркибига мансуб лавозимларга конкурс асосида саралаш ва тайинлаш тизими жорий этилган бўлиб, улар ўзларининг педагог сифатидаги малакаларини узлуксиз равишда мамлакатнинг олий ўқув юртларида, профессионаллик малакаларини эса қўшинларда ҳамда хорижда малака алмашиш, илмий ва илмий-тадқиқот фаолиятига жалб қилиш, конференциялар, давра суҳбатлари, семинарларда иштирок этиш йўли билан оширишлари таъминлаб келинмоқда. Академияда педагогларнинг иш натижалари, уларнинг профессионаллик ва маънавий-маърифий жиҳатдан ўсишини баҳолашнинг, шунингдек, хизмат ва педагоглик фаолиятларини рағбатлантиришнинг  амалий механизми жорий этилган.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси

Нисбатан қисқа муддат ичида Қуролли Кучлар Академиясининг илмий имкониятлари ўз натижаларини берди. Бунинг исботини бугунги кунгача Қуролли Кучлар Академиясига педагоглик фаолиятини олиб боришга 10 нафар фан докторлари ва 50 нафар фан номзодлари ҳамда фалсафа докторларининг жалб қилинганлигида кўриш мумкин. Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳали ҳам юқори суръатларда давом эттирилмоқда.

Умуман, ҳозирда Қуролли Кучлар Академияси олдига бошқарувнинг турли йўналишлари, яъни тактика йўналишидан то тезкор-стратегик (стратегик) йўналишигача мансуб бўлган билимдон ва ваколатли офицерларни тайёрлаш вазифаси қўйилган. Ушбу йўналишда Академия жамоаси томонидан доимий равишда таълимнинг янги усул ва шаклларини излаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ишлари амалга оширилиб келинмоқда.