Жаҳон | 20:41 / 29.10.2025
9005
4 дақиқада ўқилади

Германия ва Полшада украиналик қочқинлардан норозилик кучаймоқда

Августда Украина ҳукумати 22 ёшгача бўлган эркакларга мамлакатни тарк этишга рухсат берган, бунинг ортидан Германия ва Полшага кириб келувчи украинлар сони кескин ошганди.

Michael Kuenne / PRESSCOV / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

Украин қочқинлари энг кўп бўлган Германия ва Полшада кириб келаётган украиналик ёш эркаклар сони кескин ортгани туфайли норозилик кучаймоқда, деб ёзади Politico нашри. Бу Украинадан чиқиш қоидалари юмшатилиши фонида рўй бермоқда.

Германия ва Полшадаги сиёсатчилар – биринчи навбатда, ўта ўнг, аммо консерватив марказчилар – украинларнинг киришини чеклаш зарурлиги ҳақида гапира бошлади. Германиядаги ҳукмрон Христиан-Демократлар иттифоқи партияси етакчиси, канцлер Фридрих Мерцнинг фикрича, агар муҳожирлар фронтга бормаслик учун Германияга келса, яқин келажакда жамоатчиликнинг Украинани қўллаб-қувватлаши заифлашиши мумкин.

«Биз украиналик ёш йигитларнинг ўз мамлакатини ҳимоя қилиш ўрнига Германияда вақт ўтказишидан манфаатдор эмасмиз», – деди Politico нашрига ХДИнинг нуфузли аъзоси Юрген Хардт. «Полша ўз мамлакатини ҳимоя қилиши керак бўлган минглаб эркаклар учун бошпана бўла олмайди ва уларнинг дезертирлиги харажатларини полшалик солиқ тўловчиларга елкасига юклай олмайди», – деди нашрга ўта ўнг қанотдаги «Конфедерация» партияси вакили.

Украина ҳукумати август ойи охирида 18 ёшдан 22 ёшгача бўлган йигитларга хорижга эркин чиқиш ва мамлакатга қайтишга рухсат берганди. Бу Полша ва Германияга келаётганлар сонини кескин оширди.

Полшага 2025 йил бошидан август охиригача Украинадан 45,3 минг эркак кириб келган. Кейинги икки ой ичида мамлакатга 22 ёшгача бўлган 98,5 минг украиналик ёшлар кириб келди. Германияда бу борадаги ўсиш янада сезиларли бўлди: агар август ойи ўрталарида мамлакатга бир ҳафта ичида ўртача 19 нафар ёш эркак келган бўлса, октябр ойида бу миқдор – бир ярим мингдан ортиқни ташкил этди.

Германия ва Полша Россиянинг Украина билан кенг кўламли уруши бошланганидан бери Европа Иттифоқининг барча мамлакатларидан энг кўп украиналик қочқинларни қабул қилди. Тахминан 1,2 миллион украиналик Германияда, бир миллионга яқини Полшада яшамоқда. Бу Европа Иттифоқида қочқин мақомига эга бўлган барча Украина фуқароларининг ярмидан кўпини ташкил қилади.

Европадаги ўнг партиялар украинларга ёрдам бериш тизимини тобора фаолроқ танқид қилиб, улар ҳаддан ташқари кўп ижтимоий имтиёзлар олаётгани ҳамда иш топишга етарлича ҳаракат қилмаётганини таъкидламоқда. Германияда ярим миллионга яқин меҳнатга лаёқатли ёшдаги Украина фуқаролари ижтимоий нафақа олади. Ижтимоий сўровларда етакчилик қилаётган ўта ўнгчи «Германия учун муқобил» партияси босими остида бўлган Фридрих Мерц ҳукумати ушбу тўловларни чеклайдиган қонун лойиҳаси устида иш бошлади.

Украинада Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан бери ҳарбий ҳолат жорий этилган. У ерда умумий сафарбарлик эълон қилинган. 2022 йил феврал ойидан бошлаб 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар мамлакатни тарк этиш ҳуқуқига эга эмасди. 2025 йил август ойида 22 ёшгача бўлган эркакларга кетишга рухсат берилган, лекин қоидалар юмшатилишини расмийлар янги норма ёшларни ўсмирлик даврида у ердан кетишга эмас, балки таълимни Украинада олишга ундаши билан изоҳлаганди. Бундан ташқари, Украинада чақирув ёши фақат 25 ёшдан бошланади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид