Жаҳон | 14:11 / 15.02.2019
17185
2 дақиқада ўқилади

Менделеев жадвалидаги бўш катаклар тўлдирилиши режалаштирилмоқда

Фото: Fotolia / Shawn Hempel

2019 йилда Менделеев кимёвий элементлар даврий жадвалининг яратилганига 150 йил тўлади. Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жорий йилни «Халқаро кимёвий элементларнинг даврий жадвали йили» дея номлади. Бу ҳақида ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Мазкур йил доирасидаги анжуманларга старт бериш маросими 29 январь куни ЮНЕСКОнинг Париждаги штаб-квартирасида бўлиб ўтди. Расмий ёпилиш маросими эса декабрь ойида Японияда ўтказилиши режалаштирилган. Бу давр оралиғида ЮНЕСКО ҳомийлигида турли мамлакатларда илмий конференциялар, ёш кимёгарлар танловлари, мавзули кўргазмалар ўтказилиши режалаштирилган. 

Анжуманларга Россия, Буюк Британия, Франция, Нидерландия, АҚШ, Швейцария, Хитой, Япония ва Шотландия мезбонлик қилади. Ўтказилажак кўргазмаларнинг диққатга сазовор экспонатларидан бири даврий жадвалнинг энг қадимий нусхаси  (Вена, 1885) бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, йил давомида даврий жадвалнинг бўш катакларини тўлдириш борасидаги ишларни жадаллаштириш режалаштирилган. 

Даврий жадвал илк маротаба тузиб чиқилганда олимларга 63 кимёвий элемент маълум бўлиб, ўтган давр мобайнида яна 55таси кашф қилинди. Яъни ўртача ҳар уч йилда битта янги элемент аниқланди. ХХ аср ўрталарига келиб эса жадвалга асосан тезлаткичлар ёрдамида синтез қилинган сунъий элементлар киритилди ва бунда асосий ташаббусни кимёгарлар эмас, физиклар қўлга олишди. Янги элемент синтези мураккаб технологик жараён бўлганлиги боис бу борадаги асосий ишлар Россия, АҚШ ва Япония ҳиссасига тўғри келмоқда. 

Маълумот учун, табиатда учрайдиган кимёвий элементлар атом массасига кўра тартиб билан жойлаштирилган Даврий жадвал рус олими Д.И.Менделеев (1834 – 1907) томонидан 1869 йилда тузилган. Бундай тизимлаштириш асосидаги жадвал ноорганик кимё фанида ўзига хос инқилоб бўлган.

Тайёрлаган:  Алишер Рузиохунов

Мавзуга оид