Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғарб Украинани қўллашда давом этаверадими ёки барчаси Путин истагандек тугайдими?
Таҳлилчилар фикрича, РФ президенти Владимир Путин эртами-кечми Украина устидан ғалаба қозонишига ишонади, шу сабабли яна бир неча йил урушишга тайёрланмоқда. Бироқ узоқ давом этувчи урушга Ғарб тайёрми? Уруш Россия учун нима билан тугайди?
Россиядаги АҚШ элчихонаси фонидаги баннер. Фото: AFP / Scanpix / LETA
Таҳлилчилар, суриштирувчилар ва ҳаттоки МРБ раҳбари (агар журналистларга ишонадиган бўлсак) ҳам фронтдаги муваффақиятсизликларга қарамай, Владимир Путиннинг узоқ истиқболда Украинадаги урушда ғалаба қозонишига ишончи комил, деб ўйламоқда.
Айрим экспертлар фикрича, шу сабабли Москва яна икки-уч йил ҳарбий ҳаракатлар олиб боришга тайёр. Бунга жавобан Украинанинг ғарбдаги иттифоқчилари Киевни «қанча керак бўлса шунча қўллаш»га тайёрликларини такрорлашмоқда.
Бундай узоқ уруш Россия, Украина ва Ғарб учун нима билан тугаши борасида «Медуза» фуқаролик-ҳарбий муносабатларга ихтисослашган Россия сиёсати тадқиқотчиси, қуролли кучлар ва жамият бўйича университетлараро консорциум аъзоси, марказий Европа университетида PhD ёқлаган мутахассис билан суҳбатлашди.
— Экспертлар Россиянинг яна бир неча йил уруш олиб боришга қодирлигидан гап очар экан, улар бунга мамлакатнинг иқтисодий имкониятлари изн бериши, шунингдек, бу ҳол Россия ҳокимияти тепасида турганлар учун ишонч бераётганини таъкидлашади. Бундай режалар чиндан ҳам бор, деган тахминлар нақадар ўзини оқлайди, деб ўйлайсиз?
— Мен уларнинг фикрига қўшиламан. Қўшилмайдиган ягона жиҳатим қандайдир аниқ белгиланган муддатлар чегараси борлигида. Жанговар ҳаракатлар қанчалик динамик бориши ва бир қанча омилларга боғлиқлиги ҳисоб олинса, узоқ муддатли режалаштириш қатъий режалаштириш кўринишида эмас, кўпроқ хаёлий шаклда бўлиши мумкин. Умуман олганда, мантиқ айнан шундай ва у биринчи марта қўлланаётгани йўқ.
Россия — улкан давлат, унинг ресурслари кўп, бу ресурсларни сафарбар қилиш имконияти ҳам бор. Боз устига, уруш Россия ҳудудида бўлаётгани йўқ. Шундай экан, стратегик жиҳатдан Кремл Украина ҳудудида ҳарбий ҳаракатларни олиб бориш бўйича ўз имкониятлари сони кўпроқ деб ҳисоблай олади. Бу — биринчидан.
Иккинчидан, Кремлдагиларнинг Киевни тезда эгаллаб олиш режаси барбод бўлгач ва Россия қуролли кучлари катта зиён кўргач, улар Украина энергия ва логистика тизимига таъсир ўтказиш мумкинлигини тушуниб етишди. Россия ҳокимияти янада кўпроқ инсонларни мамлакатни тарк этишга мажбур қилиб, Украина иқтисодиётини ҳолдан тойдиришга қарор қилди. Бу нимани билдиради? Бу ишчи кучи сони камаяди, иқтисодиёт таназзулга юз тутади, бюджетдан пул тўлаш имконияти камроқ бўлади, дегани. Яъни Украина ўзининг ғарбдаги шериклари, энг аввало АҚШга тобора катта юк бўла боради.
Шунинг ҳисобига Кремл ўз сиёсий талаблари учун шарт-шароит ҳозирламоқчи. Мен ҳаттоки Украинадаги сиёсатчилар ва олигархларда вақт ўтиши билан иқтисодиётга берилаётган бу зиёнга қанчалик чидаш мумкинлиги, балки музокараларга киришиш кераклиги ҳақида саволлар пайдо бўла бошлайди, деб ўйлайман.
Албатта, соф ҳарбий жиҳат ҳам бор. Эҳтимол, ҳарбийлар ҳам ҳозир уларга ҳарбий ҳаракатларни чўзиш, ўз позицияларини мустаҳкамлаш фойдалироқ деб ҳисоблашар? Гарчи мен кенг миқёсдаги ҳужумларга тайёргарлик кўрилмоқда ва яқинда Россия қўшинларининг шундай ҳужумига гувоҳ бўламиз, деб ўйлайман.
Умуман олганда, мен Христо Грозевнинг сўзларига қўшиламан: бу урушни сиёсий жараён сифатида қабул қилиш керак. Урушнинг чўзилиши унинг йўқотишлари, салбий оқибатлари интенсивлигини «суваш»га ёрдам беради. Бунинг натижасида кескинлик, Кремлни танқид қилиш радикаллиги камаяди — у бошқарилувчан бўлади. «Фашистик ватанпарвар» лагеридаги «ўта тинчликпарвар Путин»га қарши бўлган энг бебош вакилларни сотиб олиш ёки қўрқитиб қўйиш, шунингдек, қолган мухолиф демократик ҳаракатларни бўғиш имконияти пайдо бўлади.
Хусусий ҳарбий компаниялар кўп сонли маҳбуслардан фойланаётганига ҳам бош сабаб шу: сиёсий муаммо бўлиши мумкин бўлган сафарбар қилинган тинч аҳоли вакиллари орасида ўлдирилганлар ва яраланганлар сони камроқ бўлишига эришиш. Жиноятчиларга одамларнинг раҳми келмайди, улар ҳақида ўйлашмайди, агар улар урушда ўладиган бўлса кўпчилик «майли-да», деб қўяқолади. Бу ҳол урушни чўзиш каби сиёсий томондан қулай, чунки ҳокимиятга босимни камайтиради ва ички сиёсий вазиятни енгиллаштиради.
— Сиз аниқ прогнозлар қилиш имконсиз, деяпсиз. Агар очиқ маълумотлардан келиб чиқадиган бўлсак, Кремлда чиндан ҳам бир неча йил уруш олиб бориш учун етарли ресурслар борми?
— Бу ерда урушда қатнашаётган барча томонларга эътибор қаратиш лозим. Биз масалан Кремлнинг ракеталари ёки қуролли кучлари инсон капитали тугаяпти, дейишимиз мумкин. Лекин бу далил шу вақтнинг ўзида Украинада ресурслар, қурол-яроғ ва шахсий таркиб билан боғлиқ аҳвол қандайлигини тушунганимиздагина муҳим.
Бунга қўшимча равишда биз ғарб қўллови даражасини ҳам ҳисобга олмоғимиз зарур: айни пайтда узоқ давом этадиган уруш ва бу вазиятда ғарб давлатлари нима қилиши ҳақида гап-сўзлар бўлмоқда. Энергетикадаги вазиятни ҳам ҳисобга олиш муҳим: айрим экспертлар 2023 йилда энергетик қайта қуриш оқибатлари жорий қишдагидан кўра оғирроқ бўлишини айтишмоқда.
Шу сабабли, омиллар сони ниҳоятда кўплигидан бунчалик узоқ муддатга бирор аниқ прогноз бериш нотўғри бўлади, деб ҳисоблайман. Ҳаммаси жанговар ҳаракатлар динамикаси ва кучлар мувозанатига боғлиқ. Айни пайтда динамика чиндан ҳам узоқ давом этувчи уруш томон қараб кетмоқда. Лекин вазиятни ўзгартириши мумкин бўлган бир неча вариантлар бор: Владимир Путин ўлиши, Украина давлати тўлиқ ҳолдан тойиши, ғарб давлатлари Россия билан савдога тўлиқ эмбарго жорий этиши ва бунинг ортидан Кремлда бюджет маблағлари билан муаммолар пайдо бўлиши.
— Украинага замонавий ғарб танклари етказиб берилиши бу мувозанатни ўзгартирадими?
— Танклар борасида скептик позициядаман. Фикримча, танкларни етказиб бериш борасидаги қарорда урушда Украина фойдасига бурилиш ясаш истаги бош ролни ўйнамаган, шунчаки, ғарб давлатларига бу қурол-яроғларни етказмаслик сиёсий жиҳатдан ноқулай бўлиб қолди. Сайловчилар олдида танклар нега етказилмаётганини тушунтирувчи баҳоналар қолмади. Улар шунга мажбур бўлишди.
Бироқ Leopard 2 ва M1 Abrams танклари етказилишидан аввал Полша катта миқдорда модернизация қилинган совет танкларини етказди, Словакия эса танклар етказишга тайёр эканини айтди. Уларнинг сони юзлаб миқдорда. Афтидан, бу танкларнинг кўпи аллақачон йўқ қилинган.
Менимча, ғарб танклари етказилиши, шубҳасиз, мудофаа учун ҳам, ҳужум учун ҳам фойдали бўлади. Бироқ, ваъда қилинган машиналарни сақлаш жойидан чиқариш, таъмирлаш, экипажни ўқитиш, унга яраша ўқ-дори топиш ҳам керак. Хуллас, бу ёрдам ҳал қилувчи бўлишига скептик қарашдаман.
Қанча миқдордаги танк етарли бўлишини тушуниш учун Украина ва Россияда ишлар қандай аҳволдалигига, томонларда қанча одам ва техника қолганига реал баҳо бериш керак. Албатта, бундай маълумотлар ошкор қилинмайди. Лекин, умуман олганда шундай фикрламоқ керак: Украинага қанча кўп ва янги қурол-яроғ етказилса, шунча яхши. Бу борада якуний чеклов йўқ.
— Иттифоқчи давлатлар Украинага зарур қурол-яроғлар ҳажмини техник томондан етказиб беришга қодирми?
— Қаранг, очиқ маълумотлардан биз Россия армиясида қанча қурол-яроғ борлигини билмаймиз, мен ҳаттоки бундай маълумотлар РФ мудофаа вазирлигида борлигига ҳам ишонмайман, очиғи. Ўз захиралари ва қувватлари юқори баҳолаб юборилган ҳолатни биз ғарб давлатларида ҳам кўриб турибмиз. Мен бу жараёнларни аниқ сонлар билан ифодалаб, кимда қанча захира борлигини айтиш мумкинлиги ишонмайман.
Шунинг учун, ғарб давлатлари Украинага етказиб беришга рози бўладиган қурол-яроғ номенклатурасининг секин-аста кенгайишини кутиш мумкин. Бироқ, масалан, авиацияни олайлик. Ҳаттоки, етказиб бериш келишилганида ҳам аввалига украин ҳарбийларини бундай самолётларни бошқаришга ўргатиш керак бўлади — балки улар ўқитилаётгандир ҳам, лекин бу ҳақда оммага маълум қилинмаяпти. Етказиб беришга, шунингдек, қимматбаҳо ва мураккаб хизмат кўрсатиш, логистика занжирлари мураккаблиги ҳам тўсиқ бўлиши мумкин.
Боз устига, ғарбда ҳозир артиллерия тизимлари учун снарядлар ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммолар бор. Бу эса кулгили кўринмоқда. Чунки Кремл йиллар давомида НАТО Россияга ҳужум қилишга тайёрланаётгани ҳақида барчани ишонтиришга ҳаракат қилиб келди — кутилмаганда уруш бошланди ва Европада ҳам, АҚШда ҳам бунчалик қурол-яроғ ишлаб чиқариш учун қувват етишмаслиги маълум бўлиб қолди. Буларнинг барчаси бутун ғарб олами бундай катта, глобал урушга иқтисодий жиҳатдан тайёр бўлмаганини кўрсатади.
Хавфсизлик бўйича кафолатлар масаласига тўхталадиган бўлсам, иқтисодий қўллаб-қувватлаш каби бу ерда ҳам вазият жуда мураккаб. Гап-сўзлар, маслаҳатлашувлар жуда кўп, лекин барчани қониқтирувчи тўхтам юзага келмаяпти. Ҳаттоки Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши борасида ҳалигача ягона тўхтам йўқ. Дарвоқе, мен Украина НАТОга аъзо бўлса Россияга ҳам, Украинага ҳам фойдали бўлади, деган фикрдаман. Бироқ, фаол жанговар ҳаракатлар борар экан, ҳукуматларнинг ҳозирча бунга ишончи комил эмас.
— Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши барчага, жумладан Россия учун ҳам манфаатли деяпсиз. Нега?
— Мен бунга Россия ички сиёсати нуқтайи назаридан боқаман.
НАТОга аъзо бўлиш — ислоҳотлар ва нафақат қуролли кучлардаги ислоҳотлар бўйича ажойиб дастурий ҳужжат. У полиция ва разведкани қуролсизлантириш бўйича ислоҳот ўтказишга йўл очади, шунингдек қучишлатар тузилмалар устидан демократик фуқаровий назорат ўрнатишга изн беради.
Глобал жиҳатдан ҳозир икки сценарий бор. Агар Украина НАТОга аъзо бўлмаса, Россия босқинидан хавфсизлигини таъминлаш учун бутун бюджетини ҳарбий соҳага сарфловчи катта бир давлат бўлади.
Ёки у АҚШ соябони остида ҳимояланган давлат бўлади. Энг камида хавфсизлик соҳасида ислоҳ қилинган мамлакат бўлади. Бундай ҳолатда Украина ресурсларни қуролланиш ва кўп сонли ракеталарга эмас, мактаблар, ижтимоий-маданий соҳалар, иқтисодий юксалиш томон йўналтиради.
Фикримча, моддий нуқтайи назардан иккинчи вариант россияликлар учун ҳам хавфсизроқ. Бироқ, Кремл учун бу ёмон сценарий. Кремл Украина мудом жанговар ҳолатда бўлишидан манфаатдор: Россия учун таҳдид фонида одамларни «доҳий» атрофида бирлаштириш осонроқ.
— Сиз Украинага ёрдам ҳажми ғарб давлатлари етакчиларининг сиёсий иродасига боғлиқ дедингиз. Бу борада иттифоқчилар бирликни сақлай олишяптими?
— Сиёсий ҳолат ҳақида гапирадиган бўлсам, табиийки, Кремл бу борада вазият оғирлашишидан жуда умид қилмоқда ва барча фронтлар бўйлаб ишламоқда. Ҳарбий ва ахборот планида: россияликлар масалан ТИВ раҳбари Лавров Африка бўйлаб қизғин саёҳат қилаётганини кўрсатиб, Россия иҳоталанмаганини кўрсатиб қўйишмоқчи.
Агар ғарб ёрдами математик модел орқали тушунтирилса, кучли ўсиш уруш бошланганидан бир ой ўтиб бошланган. Ўшанда Россия ўз қўшинларини Киев областидан олиб чиққан. Ғарбдагилар Путиннинг тезда Киевни эгаллаб олиш режаси барбод бўлганини тушуниб, бошқа томондан РФ армияси томонидан содир этилган ҳарбий жиноятларга ҳам гувоҳ бўлишди. Шундан сўнг ҳарбий ёрдам миқдори сезиларли тарзда ошди ва кўп нарса йўлга қўйилди.
Фото: John Minchillo / AP
Шундан сўнг ғарб давлатлари ёрдам муҳокама қилинаётганда Кремл қандай реакция билдиришига қарай бошлашди. Бу арқон тортиш мусобақасини эслатиб юборади. Сен арқонни пича ўзинг томон тортиб, Кремл нима билан жавоб беришига қарайсан ва секин янги техникаларни берасан. Бу яна эскалация назорати деб ҳам аталади.
Албатта, бу нарса украинларга ёқмайди, бироқ бу катта хатога йўл қўйишдан асраб қолувчи оқилона стратегия. Масалан, 2022 йилнинг март ойларида Украинага дарҳол танклар берилганида, Кремл НАТО Украинага ёрдамга кириб келди, деб ўйлаб, ядровий қуролдан фойдаланиши мумкин эди.
— Ғарб давлатлари ҳукуматлари ҳам ўз аҳолиси олдида юқори қўлловга эгами?
— Ўтган йил натижаларига кўра, ғарб давлатларида кўплаб сайловчилар можаро учун масъулиятини Россия зиммасига юклашган. Умуман, Халқаро ишлар бўйича Европа кенгаши чиқарган тадқиқотда Европа давлатларининг кўпчилиги икки лагерга бўлингани кўринган: «тинчлик учун» ва «адолат учун» курашаётганларга. Табиийки, «тинчлик учун» курашаётганларга асосийси урушнинг тезроқ тугаши. «Адолат учун» курашаётганлар Россия жазоланиши истагида. Барча мамлакатлардаги сайловчилар лагерларида шунчаки «тинчлик учун» бўлганлар «адолат учун» деяётганлардан кўпроқ. Фақат Полшани ҳисобга олмаганда, у ерда бутун мамлакат Россияни ташқи сиёсати учун жазолаш тарафдори бўлиб турибди.
Айтиш мумкинки, шунча вақт ўтса-да, Украинани қўллаб-қувватлаш сақланиб турибди, бироқ у сизнинг тасаввурингиздагидек идеал ва тўлақонли эмас.
Европа фуқаролари нимадан ташвишда? Уларни иқтисодий оқибатлар ва Россия билан эҳтимолий ядровий уруш қўрқитмоқда. Агар жанг майдонида нимадир ўзгармаса, сайловчилар узоқ муддатли урушга қарши чиқа бошлашади. Иқтисодий оқибатларнинг кумулятив эффектидан биз кутишимиз мумкинки, қўллов секин-аста камая боради ва «бўлди, етар, бас, ҳаёт бир марта берилади, келишиш керак, биз шундоқ ҳам қўлимиздан келган ҳамма нарсани қилдик», деган овозлар баландроқ янграй бошлайди.
— Қайси давлатларда биринчи навбатда шундай норозиликлар юзага келади?
— Қаранг, бир томонда бизда Швеция ва Финландия бор — бу мамлакатларда Россиянинг Украинга қарши уруши фонида армия ва қуролланишга харажатларни кўпайтиришни қўлловчи жамоатчилик бор. Германияда ҳам жамиятнинг пацифистик нигоҳига қарамасдан, фуқароларнинг аксарият қисми урушда Россияни айблаётгани кўрсатди. Болтиқ давлатларида, табиийки, ҳаммаси ҳозиргидек сақланади. Бу мамлакатлар, дейлик, фаол милитаризация заруриятини кўришда давом этаётган давлатлардир.
Лекин урушнинг аввалидан алоҳида позициясини намойиш этган Венгрия бор. Бу ерда Украинани қўллашнинг чекланган позицияси тенденцияси сақланиб қолади.
Украинага ёрдам беришда давом этаётган, бироқ Швеция ва Финландиянинг НАТОга аъзо бўлишига қаршилик қилаётган ва улар олдига мутлақо нореал талаблар қўяётган Туркиянинг ҳам ўз позицияси бор.
2024 йилда Америка Қўшма Штатларида президентлик сайловлари, ҳокимият тепасига янги Доналд Трамп келиши мумкинлиги ҳам бизни кутиб турибди. АҚШда ҳозир Украинани қўллаш сақланиб турибди, лекин бу қўллов ўзига хос, америкача: АҚШ аҳолиси ҳозирча бу қўллов оқибатларини ўз таналарида ҳис қилиб кўрганича йўқ. Америка иқтисодиёти миқёсида олинса, Украинани қўллаб-қувватлаш сайловчилар фикрига таъсир ўтказмайди.
Бироқ республикачилар тобора АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден сиёсатини урушга етаклаб келган ва ишончсиз дея тақдим этишмоқда. Трамп вақтида урушга йўл қўйилмаган, шунинг учун бизга овоз беринг, дейилмоқда. Хуллас, АҚШда фикрларнинг қутбланиши, ҳар доимгидек, ёрқин намоён бўлади.
— Сиз АҚШда «янги Трамп» ҳақида гапирдингиз. Украинанинг ғарбдаги иттифоқчи давлатлари тепасига ҳам ўнг популистлар келиши эҳтимоли қанчалик?
Бу ерда мен анча консерватив қарашга эгаман: улар сайловда ғалаба қозонган тақдирда ҳам вазият барқарорлигича қолади. Уларни ғарб давлатларида шаклланган институционал муҳит: НАТОга аъзолик, Европа Иттифоқига аъзолик тийиб туради. Шу важдан кескин сакрашлар, қўлловни буткул тўхтатиш, фикримча, имконсиз.
Бундан ташқари, Чехияда бўлиб ўтган сўнгги сайловларда кўрдикки, украинапараст, ғарбпараст президент ғалаба қозонди — улар нисбатан россияпараст собиқ президентни олиб ташлашга муваффақ бўлишди.
Ишларнинг боришини буткул ўзгартириб юборадиган ягона нарса — жаҳонда яна бир шундай аҳамиятли ҳарбий тўқнашув юз бериши. Бу ерда биз биринчи навбатда Хитой ва Тайван можаросига эътибор қаратишимиз керак. Ҳозир бу ердаги вазият АҚШни жуда асабийлаштирмоқда — Америкада ҳам ресурслар чекланган-да.
Бу ҳолатда менга Хитой раиси Си Жинпинг ўз сиёсатини бироз «путинлаштираётгандек» туюлмоқда. Агар Осиёда ҳам нимадир бошланса, бу жаҳондаги кучлар тақсимотини мутлақ ўзгартириб юборади. Бу ўтиш бўлади… Жаҳон урушига ўтиш дейишни истамаяпман, лекин жаҳон ҳарбий тарихига ўтиш бўлар эди.
— Агар эҳтимолли оқибатлар ҳақида сўзлашсак, Украинага кўрсатилаётган ёрдамнинг фаразан камайтирилиши нимага олиб келади?
— Ҳажмларнинг камайтирилиши Украина учун ёмон янгилик бўларди. Қўллов қанчалик кам бўлса, Россия уруши сиқувига туриб бериш имконияти ҳам шунча тораяди. Бу ерда ўртага қўйилган нарсалар жуда юқори, ғарб олами учун ҳам. Европада Россия НАТО ёки ЕИ давлатларига ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида деярли ҳеч ким ўйламайди, бироқ Россия Украина билан урушда енгса, бу халқаро вазиятнинг тубдан ўзгариши бўлади. Бу АҚШ ва НАТО ўз минтақасида ҳам хавфсизликни таъминлай олмаслигини кўрсатади. Бу бошқа автократиялар, энг аввало Хитойга яшил чироқ ёқади.
Умуман, бу авторитар тенденцияларнинг кучайишига олиб келади. Кремлга «адолатлироқ жаҳон тартиби ўрнатувчи» деб қарай бошлашади. Бундай халқаро тартибда авторитар мамлакатлар халқаро қоидаларга эътибор бермасдан, истаганини амалга ошира бошлайди. Россиянинг ички сиёсий вазиятини айтиб ҳам ўтирмайлик: урушдаги ғалаба Путин ва унинг ташаббуслари келгусида ҳам қаттиқ қўлланишига олиб келади.
Ҳозир ғарбда қуйидаги кучли ягона тўхтам керак: Украинани қўллаш ва Путинга уни тўлиқ эгаллаб олишига йўл қўймаслик. Бироқ Путиннинг умиди шунданки, агар уруш имкон қадар чўзилса, секин-аста Россияни қониқтирувчи шартларда музокаралар бошланади. Гўёки Украина ҳукумати, украин жамияти ва элитаси ташқи қўллов ва жанг майдонида ғалаба қозониш эҳтимоли тобора ёмонлашаётганини тушуниб етишади. Бу ҳол — ҳаммаси сиёсий тартибга солиш, Россия шартларида сулҳ тузилиши — Россия учун идеал сценарий бўларди.
Ресурслар нуқтайи назаридан, айниқса коалицион имкониятлардан келиб чиқилса, Украинага кўрсатилаётган юқори ҳажмли ёрдам юкини ҳозирча кўтариш мумкин, айниқса АҚШ иштирокида. Яқинда The Economist Intelligence Unit журналистлари Украина иттифоқчилари ва Россия ўртасида жаҳон ЯИМ улушлари қандай тақсимланганини кўрсатишди — устунлик, албатта, Россия тарафида эмас.
Бироқ ҳозир бу ёрдам айнан раҳбарларнинг сиёсий иродасига боғлиқ бўлиб турибди, яъни ҳокимият алмашинуви бу ёрдамни тўхтатиши ёки камайтириши мумкин. Шунинг учун бу ёрдам янада шаффоф ва янада тизимли бўлиши керак. Агар жараён институционаллашган релсларга қўйилса, Украина учун хавфсизлик кафолатлари расман белгилаб қўйилса, АҚШ ва Европадаги ҳокимият алмашинуви камроқ хавфга эга сценарийга айланади. Агар Украинанинг НАТОга интергацияси бўлмаса, ғарб давлатларининг сиёсий қўлловини бир шаклга солиш зарурати бор.
Иккинчидан, Украина ғарб қўлловига мутлақо тобе бўлар экан, бу мамлакатлар, биринчи навбатда АҚШ, урушдан кейинги тартибга солиш, озод қилинган ҳудудларни қайта интеграция қилиш шартларини Украина ҳукумати олдига қўйишлари мумкин. Бу инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Украина бўйлаб ислоҳотларга доир шартлар ҳам бўлиши мумкин. Бир томондан, бу Украина давлатининг ривожланишига туртки бўлади, иккинчи томондан, ғарб давлатларига ўз сармояларининг натижасини яхшироқ прогнозлаш имконини беради.
Учинчи ҳол ҳам бор. У Россияга нисбатан санкцияларга тегишли. Эртами-кечми, бу ҳақда гапиришга мажбур бўлинади — чекловларни олиб ташлаш шартлари қандай бўлади? Бу ерда ҳам ўта нозик қирра бор: бир томондан бу санкцияларни ечишни тормозлантирмаслик керак, иккинчи томондан Кремлдан максимал ўзгаришларга розилик олиниши мумкин.
Россия жамияти учун, фикримча, бу ерда бир қадар хавф бор. Масалан, мен ғарб давлатлари учун Путинни истеъфога чиқариш устувор мақсад эканига ишонмайман. Уларнинг биринчи галда кўзлаган манфаати Россиядаги ислоҳотлар эмас, эскалацияни сусайтириш. Бир неча конференцияларда ғарблик сиёсатчилар бир пиёла қаҳва устида менга Путин ўрнига яхшироғи келишига ишонмаётганини айтишган. Улар масалан, Рамзон Қодиров, Евгений Пригожин ва қандайдир ФСБчиларни санашган. Агар улар ҳокимиятни эгалласа янада тажовузкор сиёсат юрита бошлашини айтишган.
Мен бу фикрларга қўшилмайман. Лекин алалоқибат Путин Россия халқини ҳозир нима қилаётган бўлса шу иш давом этаверадиган бўлмаслиги керак. Чунки ғарб давлатлари бу ҳолга эътироз билдиришмайди — улар учун фақат Европа томон ўқ узилмаса ва барчаси барқарор бўлса бас.
Мавзуга оид
22:54 / 24.12.2025
Россия Украина бўйича 20 банддан иборат тинчлик режасини рад этди
22:07 / 24.12.2025
Миндичнинг дараги чиқди. У Украинага қайтмоқчи эмас
19:43 / 24.12.2025
Дуров Путин 2013 йилда унга Россияда эмас, балки хорижда бизнес юритишни маслаҳат берганини айтди
18:44 / 24.12.2025