Иқтисодиёт | 10:39 / 22.12.2025
4186
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЖСТга аъзолик жараёнида Россия билан музокараларни якунловчи протоколни имзолади

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги доирасида Россия билан икки томонлама бозорга кириш музокараларини якунловчи протокол имзоланди. Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Ўрунов буни жараёндаги муҳим қадам сифатида баҳолаб, эндиликда кўп томонлама музокаралар ва зарур қонунчилик ўзгаришларига эътибор кучайтирилишини маълум қилди. 

Фото: LinkedIn / Azizbek Urunov

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнида Россия билан икки томонлама музокараларни якунловчи протоколни имзолади. Азизбек Ўруновнинг маълум қилишича, ҳужжат 2025 йил 21 декабр куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Санкт-Петербургга амалий ташрифи доирасида Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников билан биргаликда имзоланган. 

Ўрунов музокаралар “узлуксиз, аммо мазмунли ва конструктив” кечганини таъкидлаб, бугунги натижага олиб келган ижобий якунини қайд этган. Шунингдек, у Россия томонининг Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёнидаги фаол иштирокини алоҳида эътироф этган. 

Президентнинг махсус вакилига кўра, айрим ишлар ҳали якунланмаган бўлса-да, эндиликда Ўзбекистон кўп томонлама музокараларни илгари суриш, қонунчиликни ЖСТ талабларига мослаштириш бўйича янгилашларни тугаллаш ва аъзолик жараёнини келаси йили муваффақиятли якунлашга бутун эътиборини қаратади. 

ЖСТга қўшилиш жараёнида номзод давлатлар, одатда, аъзолар билан бозорга кириш (товар ва хизматлар) бўйича икки томонлама келишувларни босқичма-босқич якунлаб боради. Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш бўйича Ишчи гуруҳи муҳокамалари ҳам сўнгги йилларда фаоллашган: 2025 йил июн ойида ЖСТ Ўзбекистон томони Жаҳон савдо ташкилотининг 14-вазирлар конференциясигача якунлаш мақсадини таъкидлаганини қайд этган. 

Шунингдек, 2025 йил 5–6 ноябр кунлари бўлиб ўтган Ишчи гуруҳ йиғилишида ҳам Ўзбекистон ЖСТга қўшилиш бўйича музокараларни якунлашга тайёр экани билдирилган ва жараёнда “барқарор илгарилаш” қайд этилган. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид