Ўзбекистон | 08:58 / 27.07.2021
7877
3 дақиқада ўқилади

«Янги Андижон» шаҳрини қуриш учун 4 минг гектар ер майдони ажратилади

Президент томонидан "Янги Андижон" шаҳрини барпо этиш ишларини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Ҳужжатга асосан 440 минг аҳоли учун "Янги Андижон" шаҳрини босқичма-босқич комплекс қуриш учун Андижон туманининг адирликлари ҳудудидаги ўзлаштирилмаган 4 минг гектар ер майдони ажратилади.

Шаҳар барпо этилишининг I босқичида 121 минг аҳоли учун кўп қаватли турар жойлар, ижтимоий соҳа, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, шунингдек, кичик саноат зонаси қурилади.

Қуйидагилар ташкил этилди:

  • "Янги Андижон" шаҳрини барпо этиш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси;
  • шаҳарни барпо этиш бўйича доимий фаолият юритувчи штаб;
  • Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузурида "Шаҳарда объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси" ДУК.

Қуйидагилар белгиланди:

  • Республика комиссияси, Штаб ва Дирекциянинг асосий вазифалари;
  • Дирекция фаолиятини ва шаҳарни барпо этишнинг I босқичини молиялаштириш манбалари.

I босқич доирасида:

а) объектларни барпо этиш буюртмачиси функцияларини қуйидагилар бажаради:

  • Дирекция - ички йўлларни, ижтимоий соҳа ва ободонлаштириш объектларини қуриш қисмида;
  • тегишлилиги бўйича вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг буюртмачи хизматлари - ташқи муҳандислик, алоқа ва транспорт коммуникация объектларини қуриш қисмида;

б) истисно тариқасида, тўғридан тўғри шартнома асосида:

  • шаҳарнинг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун - бош лойиҳа ташкилоти "ЎзшаҳарсозликЛИТИ" ДУК томонидан "Keym Kentsel Yenileme Merkezi A.Ş." компанияси (Туркия);
  • ичимлик суви ва канализация тармоқлари қурилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун - "Ўзкоммуналлойиҳақурилиш" МЧЖ ҳамда мустақил инжиниринг ва консалтинг компаниялари;
  • автомобиль йўллари қурилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун - "Йўл лойиҳа бюроси" МЧЖ, "Ўзйўллойиҳа" лойиҳа-қидирув институти" ДУК, Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги бошқа лойиҳа ташкилотлари ҳамда мустақил инжиниринг ва консалтинг компаниялари;
  • электр энергияси, табиий газ ва иссиқлик тармоқлари қурилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун - Энергетика вазирлиги тизимидаги лойиҳа ташкилотлари ҳамда мустақил инжиниринг ва консалтинг компаниялари;
  • ижтимоий соҳа, инфратузилма объектлари ва умумий фойдаланиш майдонлари қурилиши бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун - буюртмачилар томонидан энг яхши таклифлар танлови орқали аниқланган лойиҳа ташкилотлари ҳамда мустақил инжиниринг ва консалтинг компаниялари жалб қилинади;

в) шаҳарда кўп қаватли уй-жойларни қуриш учун металлпрокат ва цемент маҳсулотларини пудратчи ташкилотларга етказиб бериш Президентнинг 2021 йил 11 мартдаги ПФ-6186-сон Фармонида кўзда тутилган алоҳида биржа савдо секцияси орқали сотиш тартиби асосида амалга оширилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид