Ўзбекистон | 08:41 / 18.05.2019
22485
2 дақиқада ўқилади

Педагог кадрларнинг навбатдан ташқари аттестация муддатлари белгиланди

Фото: Depositphotos

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси хабарига кўра, 2015-2018 йилларда ўтказилган педагог кадрлар аттестациясида иштирок этган педагоглар учун ўз аризаларига кўра, муддатидан илгари аттестацияси 2019 йил июнь ойида ўтказилиши белгиланди.

Бунинг учун улар ўзлари фаолият кўрсатаётган таълим муассасаси раҳбарига ёзма мурожаат қилишлари керак бўлади.

Таълимни бошқариш бўйича ҳудудий бошқарув органлари эса ўз навбатида аттестацияда иштирок этиш истагини билдирган педагоглар рўйхатини шакллантириб, 2019 йил 1 июнга қадар Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига тақдим этишлари  ҳамда педагог кадрлар тўғрисидаги маълумотларни pka.tdi.uz - электрон дастурига киритилишини назоратга олишлари талаб қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг тасдиқлаш ҳақидаги” 392-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 5-бандида “Педагог кадрлар уларнинг ёзма аризасига биноан навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши мумкинлиги”, 64-бандида эса “Навбатдан ташқари аттестация натижаларига кўра биринчи ва иккинчи малака тоифали педагогларга нисбатан салбий қарор қабул қилинмаслиги” кўрсатиб ўтилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид