Жаҳон | 07:36 / 28.07.2025
2683
2 дақиқада ўқилади

Трамп ёрдам ва ОАВ учун харажатларни қисқартириш ҳақидаги қонунни имзолади

Президент Трамп АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) дастурлари ва оммавий эшиттиришлар доирасида хорижий ёрдам учун ажратилган 9 миллиард долларни бюджетга қайтариш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп аллақачон тасдиқланган бюджет харажатлари — ташқи ёрдам дастурлари ва жамоат телерадиокомпанияларини молиялаштиришдан 9 миллиард долларни қисқартириш бўйича қонун лойиҳасини имзолади.

Ажратилган 9 миллиард долларнинг қарийб 8 миллиард доллари эндиликда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг эпидемиялар, урушлар ва табиий офатлардан кейин хорижий мамлакатларга ёрдам беришга қаратилган дастурлари ҳисобидан қайтарилади. Агентлик ёпилгач, унинг бир қатор функциялари АҚШ Давлат департаментига ўтказилди.

Бундан ташқари, NPR ва PBS жамоат телерадиокомпанияларини молиялаштириш учун Жамоатчилик телерадиокорпорациясига юборилган 1,1 миллиард доллар қайтарилади. Бу компаниялар учун икки йиллик бюджетдир. Бу пулнинг катта қисми бутун мамлакат бўйлаб 1500 дан ортиқ маҳаллий жамоат радио ва телевидениеси ўртасида тақсимланади.

Президент ташаббуси бўлган қонун лойиҳаси Трамп имзолашдан олдин Конгрессда овоз беришдан ўтди. Демократлар бир овоздан қисқартиришни рад этди, аммо уларни тўхтатишга ожизлик қилди, чунки республикачилар иккала палатада ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид